Бизга қандай парламент керак?

Бизга қандай парламент керак?

«Депутат – бу халқ хизматчиси, барчага ўрнак бўладиган, сиёсий билими ва онги юксак, ўз Ватанини чин дилдан севадиган инсондир.

Оила, маҳалла ва бутун жамиятда тинчлик, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, халқаро майдонда Ўзбекистон манфаатларини қатъий ҳимоя қилишда халқимиз, барчамиз аввало сизларга таянамиз...»

Ҳа, чиндан ҳам Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, бугун «Янги Ўзбекистон янги парламент билан бирга ўз тараққиётининг ҳал қилувчи босқичига қадам қўяётир. Бу янги даврда кечаги талаб ва мезонлар билан, эскича ишлаб бўлмайди...»

Аммо тан олайлик, ўтган саккиз йиллик давр ичида Ўзбекистон том маънода ўзгарди. Қайси соҳа ёки тизимни таҳлил этмайлик, пировард натижа миллий иқтисодиётни барқарор ривожлантириш, тадбиркорларга кенг имкониятлар яратиш, аҳоли, айниқса, ёшларни иш билан таъминлаш, ниҳоятда қисқа муддатда камбағалликни қисқартириш орқали халқимиз фаровонлигини ошириш, бошқача айтганда халқни рози қилишга қаратилганини кўряпмиз.

Ўтган даврда парламентни «халқ уйи»га айлантириш ҳақида кўп гапирилаётгани ҳам бежиз эмас. Зеро, Давлат раҳбари томонидан янги даврда парламент чинакам халқ уйи, унинг қуйи палатаси эса ғоялар генераторига, соғлом рақобат, баҳс ва мунозаралар майдонига айланиши кераклиги тез-тез тилга олинаётгани парламентга жуда катта ишонч билдирилаётганини англатади, албатта. 

Бундай ишонч, депутат ва сенаторлар зиммасидаги масъулият ҳақида гап кетганида, Президентимизнинг Олий Мажлис Сенатининг биринчи мажлисида Амир Темур бобомизнинг «Салтанат тўнини кийгач, танимдан ҳаловат кетди», деган сўзларини бежиз эсламаганларини айтиш жоиз. 
Шубҳа йўқки, бу гап ҳазрати сайловчи ишончини қозонган халқ вакилларини ўн карра сергак торттирди, ўн карра кўзларини очди, сайловдан-сайловгача бўлган даврни «олма пиш, оғзимга туш» қабилида ўтказиб бўлмаслигини англатди уларга.

Биламизки, дунёнинг сиёсий, иқтисодий маконидаги вазият борган сари кескинлашяпти. Бу глобал иқтисодий тараққиётга ҳам салбий таъсир қилмоқда. Шу маънода аксарият давлатларда ривожланиш кўрсаткичлари секинлашаётган бир пайтда юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш имконини бераётгани жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳам эътироф этилаётир.  

«Барчамиз яхши тушунамиз, дунё миқёсидаги вазият мисли кўрилмаган даражада кескин ва мураккаб бўлиб бораётган ҳозирги шароитда юртимиз тинчлиги ва равнақини таъминлаш ҳар қачонгидан ҳам устувор вазифага айланмоқда.

Буюк шоир ва мутафаккир Паҳлавон Маҳмуд бобомиз айтганларидек, қадимги аждодлар битта тўфон кўрган бўлса, бугун биз мингта тўфон кўрмоқдамиз. Чиндан ҳам, биз дуч келаётган глобал муаммоларнинг ҳар  бири битта тўфон эмасми?

Турли минтақалардаги қонли тўқнашувлар, экологик ва техноген фожиалар, иқлим ўзгаришлари, иқтисодий инқирозлар, терроризм ва экстремизм таҳдидлари, қочоқлар муаммолари тобора кучайиб бораётганини барчамиз кўриб-билиб турибмиз.

Мана шундай ғоят таҳликали вазиятда биз фақат кучли ирода, бирлик ва ҳамжиҳатлик, қаттиқ меҳнат билангина юртимизда тинчлик ва тараққиётни таъминлашга эриша оламиз...» 

– Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг биринчи мажлиси чиндан ҳам тарихий мажлисда кўтарилган масалалар нуқтаи-назаридан, – дейди «Миллий тикланиш» демократик партияси Марказий кенгаши раиси Алишер ҚОДИРОВ. – Ишончим комилки, унда партиялар, депутатлар, парламент фаолиятига доир мулоҳаза ва таклифлар ҳали кўп муҳокама қилинади.

Мажлисда Давлат раҳбари «Миллий тикланиш» демократик партиясининг таълим тизими ривожи билан боғлиқ ташаббусларини қўллаб-қувватлаб, барча ислоҳотлар, тақдиримиз ва истиқболимиз энг аввало, мактабга ва муаллимларга, умуман, ушбу соҳа ривожига чамбарчас боғлиқ эканини алоҳида таъкидладилар.

Шунингдек, Президент томонидан ёш авлодни қадриятлар руҳида тарбиялаш, уларга она тили ва чет тилларни ўргатиш учун кенг имконият ва қулай шароитлар яратишга оид таклифларимиз ҳам муҳим экани, айнан шу йўл билан фарзандларимизни баркамол инсонлар этиб тарбиялаш учун мустаҳкам пойдевор яратилишига эътибор қаратилди. Ўйлайманки, бундай эътибор ушбу йўналишдаги фаолиятимизни янада фаолроқ давом эттиришимизга сабаб бўлади.

Зеро, бугунги глобаллашаётган дунёда ҳаёт-мамот масаласига айланган таълимсиз тараққиёт, илм-фансиз эса юксалиш бўлмайди. Янги Ўзбекистон ислоҳотларнинг  замирига ҳам айнан таълим тизими асос қилиб олингани шундан.

Янги Ўзбекистон ислоҳотларининг янги даври, янгича ёндашувлар ва янги ҳуқуқий макон ҳақида гап кетганида, Давлат раҳбари томонидан ўтган беш йилда қуйи палатанинг самарали фаолияти билан бирга, долзарб масалалар эътиборидан четда қолгаётганига ҳам эътибор қаратилди. 

Албатта, кўрсатиб ўтилган камчиликлар, жумладан, қонунлар сифати, парламент назорати масаласи, депутатларнинг сайлов округларидаги фаолияти асосан учрашувлар, шикоят ва саволларга жавоб бериш бўлиб қолаётгани ҳақидаги мулоҳазалардан биринчи навбатда биз – сиёсий партиялар тегишли хулоса чиқаришимиз керак.

Мажлисда янги сайланган депутатлар олдида турган устувор вазифалар ҳам тилга олиниб, янги даврда парламент чинакам халқ уйига, унинг қуйи палатаси эса ғоялар генераторига, соғлом рақобат, баҳс ва мунозаралар майдонига айланиши кераклиги, шунингдек, парламентда мухолифатни жонлантириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Биз мухолифлик деганда парламентда партия фракцияларини қонунлар ёки Ҳукумат қарорларини муҳокама қилишдаги тортишувларни тушунамиз. Бу жараён эса миллат ва мамлакат манфаати йўлида конструктив тарзда кечади, пировард мақсадимиз эса Ўзбекистонни ривожлантириш, халқимиз фаровонлигини оширишга қаратилади, албатта. 

Тўғри, биз партиялараро ёки ғоялар масаласида конструктив қутблашишга қарши эмасмиз, лекин миллий тараққиётга хизмат қилувчи  мақсадларимиз ягона ва баҳс-мунозараларсиз кечиши керак!

Шу ўринда бир масалага алоҳида эътибор қаратмоқчиман: бундан буён Давлат раҳбарининг партия раислари билан улар истаган вақтда мулоқот қилиш учун тайёрлиги ҳамда маҳаллий бюджетларга даромад солиғининг 50 фоизини қолдириш ҳақидаги таклифларини партиялар учун катта ютуқ сифатида олқишлаш керак. 

Муҳим ўзгаришлардан яна бири энди фракция раҳбарларининг қонунга мувофиқ, Спикерга ўринбосарлик қилмаслиги бўлди. Бу шубҳасиз, фракция фаолиятини янада эркинлаштириш ва асосий эътиборни сайловчи – электорат манфаатига қаратишга имкон беради, албатта.

Умуман олганда ўтган ҳафта сиёсий партиялар, янги таркибдаги парламент палаталари ва янги ҳукумат учун сиёсий имтиҳон ҳафтаси бўлди. Кетма-кет ўтган мажлислардан келиб чиққан хулосам шуки, бугун баҳслашадиган эмас, халқимиз манфаати, фаровонлиги, юртимиз тинчлиги йўлида бирлашадиган ўта нозик даврга қадам қўйдик. 

Юқорида айтилганидек, Давлат раҳбари партия етакчилари билан улар истаган вақтда очиқ мулоқотга тайёр эканликларини билдирдиларки, бу партияларга ишонч билдирган юртдошларимизнинг талаб ва истакларини, янги ғоя ва ташаббусларимизни Президентга тўғридан-тўғри етказиш имконияти кенгайди деганидир. 

«Миллий тикланиш» бу имкониятдан самарали фойдаланади, деб юртдошларимизни ишонтириб қоламан. Айни шундай имконият янги Ҳукумат билан ҳам ўзаро ҳамкорлик орқали партиянинг ғоя ва ташаббусларини ҳаётга татбиқ этишда ҳам қўл келади, деб ўйлайман. 
Миллат етакчиси ҳақ, албатта! 

Дунё нотинчлик кўчасига кирган, миллиардлаб фуқароларнинг тинчи бузилган, ўзаро низолар, шахсий манфаатлар қутқуси тобора авж олаётган шу кунларда фақат бир ёқадан бош чиқарган халқларгина тинчлик йўлидан бориб, тараққиётга эришиши мумкин. Янги Ўзбекистонда шундай бўляпти ҳам...

Алишер Қодиров тилга олган ҳолатга миллий иқтисодиётимиз сўнгги беш йилда 2 карра ўсиб, 100 миллиард долларлик тарихий маррадан ошгани, аҳоли даромади 2018 йилда 1,6 минг долларни ташкил қилган бўлса, бу йил 3 минг долларга етиши кутилаётгани ҳам мисол бўлиши мумкин. Камбағаллик даражаси эса сўнгги 4 йилда 23 фоиздан 11 фоизга тушди. Жорий йилда эса бу кўрсаткичнинг 9 фоизга тушиши кутиляпти.

Экспорт ҳажми қарийб 2 баробарга ўсиб, олтин-валюта захираларимиз 40 миллиард доллардан ошгани ҳам таҳлилчилар эътиборини тортяпти. Ўзлаштирилган хорижий инвестициялар ҳажмининг 6 карра кўпайиши натижасида юртимизда 1,5 миллионта юқори даромадли иш ўрни ташкил топди. 

Жаҳон банкининг 2024 йилда Ўзбекистонни Европа ва Марказий Осиёда иқтисодиёти энг тез ўсаётган 3 та давлатдан бири сифатида эътироф этгани, шубҳасиз, барчамизни қувонтирса-да, бундай ғоят мураккаб даврда бу кўрсаткичларга осонликча эришилмаётганини ҳам унутмаслигимиз керак.

Бу энг аввало, Давлатимиз раҳбарининг оқилона ва чуқур ўйланган сиёсати натижасидир. Бу айни пайтда юртимизда барқарор тинчлик ва ҳамжиҳатликнинг сақланаётгани, халқимизнинг келажакка ишончи, энг асосийси, эзгу ниятлар йўлида қаттиқ меҳнат қилаётганимиз туфайлидир.

Маълумки, «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида келгуси йиллар учун катта марралар белгиланган. Бунда ялпи ички маҳсулот ҳажмини 160 миллиард долларга етказиш асосий мақсадга айланган. Бунинг учун эса келгуси беш йилда иқтисодий ўсиш суръатини 6-7 фоиз атрофида таъминлаш зарур. Давлат раҳбари таъкидлаганидек, 2030 йилга бориб, ЯИМ ҳажмини 200 миллиард долларга етказиш учун бизда имконият ҳам, салоҳият ҳам етарли...

Бундай кенг кўламли вазифалар эса шубҳасиз, ислоҳотларнинг етакчи кучига айланиши лозим бўлган миллий парламентнинг янги таркиби олдида қандай вазифалар турганини англатади, албатта. 

Президент қуйи палатанинг янги таркибдаги биринчи тарихий мажлисидаги нутқида ўтган саккиз йиллик даврда халқимизнинг сиёсий тафаккури ҳам, маданияти ҳам тубдан ўзгарганини, шу билан бирга сиёсий партияларнинг жамият ҳаётидаги роли ва иштироки кучайганини ҳам таъкидладилар. 

Қайд этилишича, ана шу даврда қуйи палата томонидан 130 дан ортиқ янги ва яхлит қонунлар қабул қилинган. Бу  олдинги даврга нисбатан 1,5 каррага кўпдир. 

Аммо Президентимиз томонидан Янги Ўзбекистон ислоҳотлари самарадорлигини таъминлашга хизмат қиладиган айрим долзарб масалалар депутатлар эътиборидан четда қолгани, энди бу вазифа янги чақириқ депутатлари диққат марказида бўлиши лозимлигига ҳам эътибор қаратилди.

Жумладан, парламентда тўғридан-тўғри ишлайдиган ва аниқ ижро механизмларига эга қонунлар улуши камлигича қолаётгани, ана шу камчиликни бартараф этиш учун ҳам Парламент тадқиқотлари институти Қонунчилик палатасига ўтказилгани айтилди. Энди депутатлар институт билан фаол ишлаб, муаммоларга илмий-амалий ечим топишлари, бу борадаги таклифларини қонунчилик ташаббуси даражасига олиб чиқишлари керак бўлади.

Афсуски, ўтган даврда парламент назорати ҳам тўлақонли таъсирчан институтга айланмади. Юртбошимизнинг фикрича, Парламент ва депутатлик назорати асосан ижтимоий соҳа билан чекланиб қоляпти, холос. Бугун экология, озиқ-овқат хавфсизлиги, саноат, хизмат кўрсатиш, инвестиция, экспорт ва миграция каби масалаларга бирламчи эътибор қаратилиши лозим. Яъни, депутатлар бу йўналишларда тегишли идоралар олдига аниқ топшириқлар қўйиб, уларнинг ижросини қатъий назоратга олишлари керак бўлади.

Президентимиз шунингдек, депутатларнинг сайлов округларидаги фаолияти ҳам кўпинча учрашувлар ташкил этиш, шикоят ва саволларга расмий жавоб беришдан иборат бўлиб қолаётгани ҳақида гапирдилар. Мисол учун ислоҳотларнинг муҳим қисми ҳисобланган камбағалликни қисқартириш масаласида депутатлар ҳали ҳам ўз ўрнини топа олмадилар...

Қайд этилганидек, камбағаллик даражасига тушиб қолган одамларнинг онгини ўзгартириш, уларда эртанги кунга ишонч ва келажакка интилишни қўллаб-қувватлайдиган сиёсий куч, албатта, аввало, депутатлар бўлиши зарур. Агар янги сайланган депутатлар ўз округларида мана шу ишларни амалга оширсалар, улар халқ ишончини оқлашга ва халқ ҳурматини қозонишга эришадилар.

Давлат раҳбари депутатларни ўз округларидаги туман ва шаҳар даражасида сўров ва талабни кучайтиришга чақираркан, қонун ижодкорлиги жараёни, аввало, жамиятимиздаги долзарб муаммолар ечимига, халқимизнинг оғирини енгил қилишга қаратилиши, бунинг учун одамлар манфаатларига мос қонунлар ишлаб чиқилиши, бу жараёнда Парламент ва жамоатчилик назоратини кучайтириш лозимлигига алоҳида эътибор қаратдилар.

«Партияларимиз ўз сиёсий мақсад ва дастурларини илгари суриш, ижросини таъминлаш билан фақат сайловлар арафасида эмас, балки мунтазам шуғулланиши зарур. 

Шунинг учун фракция раҳбарлари ўз фаолиятини танқидий кўриб чиқиб, уни тубдан жонлантиришлари, одамларни қийнаётган долзарб масалаларни парламент муҳокамаларига дадил олиб чиқишлари зарур. Бунинг учун улар халқнинг ичига чуқур кириб бориши, электорат билан мулоқотни кучайтириб, сайловолди кампаниясида берилган ваъдаларни амалга ошириш учун чин дилдан ҳаракат қилишлари талаб этилади» – деди Президент.

Чиндан ҳам қонун ижодкорлиги жараёни, энг аввало, жамиятдаги долзарб муаммолар ечими ва халқимизнинг оғирини енгил қилишга қаратилиши лозим.

Биргина мисол: Янги Ўзбекистон учун ҳаёт-мамот масаласи ҳисобланган таълимни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, янги боғча ва мактаблар қуриш, мавжудларини энг замонавий анжомлар билан жиҳозлаш бўйича катта дастурлар қабул қилинди.

Бу жараёнда хусусий мактаб ва боғча қураман, деган инвесторларни қўллаб-қувватлаш, янада кенг шароитлар яратиш, уларга берилган солиқ ва божхона имтиёзлари муддатини узайтириш, хориждан мутахассис жалб қилиш тизимини соддалаштириш муҳим ҳисобланади.

Давлат раҳбари Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бош вазир лавозимига номзодни кўриб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасининг яқин ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳаракатлар дастури муҳокамасига бағишланган мажлисидаги нутқида эса даврнинг ўткир талабларига жавоб берадиган, сифатли, амалиётда самарали ишлайдиган қонунларни қабул қилиш Олий Мажлиснинг энг муҳим вазифаси, керак бўлса, унинг обрўсидир, - деди.

«Бу борада таниқли хитой файласуфи Шан Яннинг «Яхши қонун – халққа ҳурмат ифодасидир», деган сўзларини эслаш ўринли, деб ўйлайман. Ҳар бир қонунда шундай ҳурмат намоён бўлиши керак. 100 та эмас, 5 та қонун қабул қилайлик, лекин халқчил бўлсин, халқимизга хизмат қилсин...»
Ҳа, чиндан ҳам ўтган ҳафта нафақат 2024 йилнинг, балки, ўтган беш йилликнинг энг сиёсий ҳафтаси бўлди.

Шу ўринда Давлатимиз раҳбарининг янги таркибдаги Олий Мажлис Сенатининг биринчи мажлисида сенаторларга қарата: «Сизлар Янги Ўзбекистон ва Учинчи Ренессанс пойдеворини бунёд этишга муносиб ҳисса қўшасизлар, халқчил ва адолатли қонунлар қабул қилиб, барчага ўрнак бўласизлар, деб тилак билдираман.

Мен сиз, муҳтарам сенаторлар тимсолида ана шундай катта ишларга қодир, Ўзбекистон олдида турган стратегик вазифаларни чуқур англайдиган, Ватан ва халқ манфаатини ҳамма нарсадан устун қўядиган фидойи инсонларни – ўзимнинг энг яқин маслакдошларимни кўраман.
Сизлар бор билим ва тажрибангиз, куч ва имкониятингизни ишга солиб, мамлакатимиз ҳаётида, Сенат фаолиятида янги, ёрқин саҳифа очасиз», деганларини бир эсга олайлик. 

Бундай ишонч, айниқса, ватан ва халқ манфаати ҳақидаги гаплар куч ва ғоялар генераторига айланиши лозим бўлган депутатлар зиммасидаги масъулиятни ҳам ўн каррага оширади.

«Инсон ўзгарса, жамият ўзгаради» шиори остида сайловларни муваффақиятли якунлаган партия сифатида эса «Миллий тикланиш» бугунги мураккаб шароитда давлат ҳокимиятининг барча органлари биргаликда, ҳамжиҳат ишлаши ҳал қилувчи омил деб ҳисоблайди. 

Бунда асосий эътиборимиз ҳар галгидек, тарбия ва таълим билан боғлиқ бўлади. Янги авлод педагогларини тайёрлаш, боғча ва мактабларда изчил ислоҳотлар ўтказишни эса қатъий назорат қиламиз.

 Зеро, биз учун пировард мақсад Янги Ўзбекистонни ривожлантириш ва халқимиз фаровонлигини таъминлашдир.