“Биз бирмиз, ўзбекистонликмиз”

“Биз бирмиз, ўзбекистонликмиз”

“Миллий тикланиш”нинг “Қадриятларга таянган тараққиёт” шиори остида ўтаётган тарғибот тадбирлари қизғин паллага кирмоқда. Кеча Жиззах шаҳрининг Мустақиллик майдонида ўтказилган оммавий тадбирда янграган “Биз бирмиз, ўзбекистонликмиз” чақириғи мингдан ортиқ сайловчининг партия ғояларига бўлган ишончини янада мустаҳкамлади.

Тадбирда депутатликка номзодлар билан бирга партия Марказий кенгаши вакиллари, вилоят, шаҳар ва туман кенгашлари фаоллари, амалдаги депутатлар, ҳамда партияга хайрихоҳ ёшлар иштирок этиб, сайловчиларни партия номзодларига овоз беришга чақирдилар. Оммавий тарғибот тадбирида партия етакчиси Алишер Қодиров сўзга чиқиб, биринчи бор ўтказилаётган оммавий тадбир учун бежиз Жиззах танланмаганини таъкидлади.

Жиззахликлар доимий равишда мустақиллик учун, эрк учун тинимсиз курашиб келган халқ. Маълумки, тарихга Жиззах қўзғолони номи билан кирган, Жиззак шаҳри ва унинг атрофи аҳолисининг чор мустамлакачиларига қарши олиб борган миллий озодлик ҳаракати ҳанузгача Марказий Осиё қўзғолонининг таркибий қисми сифатида эътироф этилади. Қадимий воҳа ўзининг тарихий масканлари, маданий манзиллари билан ҳам алоҳида салоҳиятга эга. Манбаларда қайд этилишича, қадим ўтмишда Суғдиёна, ўрта асрларда Уструшона давлати таркибига кирган Жиззах маданий ҳудуди Турон замини тарихида муҳим сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий ўрин эгаллаган. 

Манбаларда таъкидланишича, Жиззах воҳасини, хусусан, унга туташ Мирзачўлни Буюк Ипак йўли тизимидаги карвон йўллари турли йўналишларда кесиб ўтган ва бу йўллар ўрта асрларда “Мовароуннаҳрнинг улкан савдо бандаргоҳи” – Самарқандни - Шош, Хўжанд, Фарғона, Еттисув, Шарқий Туркистон ва Хитой билан боғлаб турган. Қадимий Хитой солномаларида тилга олинишича “Йеча шаҳри” қолдиқлари бўлмиш қадимги қалъа қолдиқлари ёки номлари кўҳна битикларда зикр этилган Газа, Харакана, Зомин, Собот, Миқ ва Марсманда мамлакатлари ҳам айнан Жиззах воҳаси ҳудудида жойлашганлиги тарихга теранроқ назар солишга ундайди.

Айни пайтда Жиззах вилоятида 372 та маданий мерос объекти Давлат муҳофазасига олинган. Шу нуқтаи назардан қаралганда, Жиззах ўз қадриятлари, анъана-ю, урф-одатларини асраб-авайлаб, тарих қатларидан безавол олиб келаётган юрт ҳисобланади. 

– Бугун Ўзбекистонимизнинг бошқа ҳудудларида бўлганидек, Жиззахда ҳам ҳаёт ўзгармоқда. Ўзбекистон ислоҳотлари кириб бормаган ва таъсир этмаган бирон соҳа ёки тизим қолмади бу ерда. Вилоятнинг туризм салоҳияти ҳам кенг тарғиб қилиняпти. Ўзининг гўзал, бетакрор табиати, иқлим шароити, географик жойлашуви нуқтаи назаридан Жиззах жуда катта экотуристик салоҳиятга эга, – деди Алишер Қодиров.
Партия етакчиси “Миллий тикланиш” демократик партияси томонидан 2025-2029 йилларда мўлжалланган Сайловолди дастури ҳақида гапираркан, унда “Қадриятларга таянаган тараққиёт” ғояси бежиз илгари сурилмаётганини таъкидлади.   

Бугун бутун дунёда тараққиётга эришиш ва фаровон жамият барпо этиш масаласи аксарият давлатларнинг кун тартибидаги асосий масалага айланди. Бироқ шуни тан олиш керакки, иқтисодий фаровонлик ўз-ўзидан жамият бахти ва барқарорлигини таъминлай олмайди. Инсонлар ҳаётида маънавий мезонлар ва қадриятларнинг аҳамияти тобора катта ўрин тутмоқда. 

Шу маънода, бугун жаҳоннинг кўплаб ривожланган давлатлари аҳолиси нафақат иқтисодий ўсиш ва тўкинликка эришишни мақсад қилмоқда, балки миллий ўзлигини сақлаш, тарихий ва маданий меросини ҳимоя қилиш муҳим эканини англаб етмоқда. Шу сабабли жаҳонда консерватив ғоялар ва миллий қадриятларга асосланган сиёсий кучлар оммалашиб боряпти, десак хато бўлмайди. Бундай жараёнлар сайловларда ҳам акс этаяпти. Чунки халқлар ўзлигини сақлаш орқали муваффақиятли келажак қуришга ишонч билан қарай бошладилар.

Шу маънода, “Қадриятларга таянган тараққиёт” шиори миллий-маданий қадриятлар ҳамда замонавий тараққиёт уйғунлигида жонажон Ўзбекистонимизни қудратли давлат, халқимизни фаровон бўлиш йўлидаги бирлаштирувчи даъватдир.

– Биз ҳар қандай тараққиётга розимиз, лекин у қадриятларимизга зид бўлмаслиги керак. Биз ўзлигимизни йўқотиб ривожлана олмаймиз. Ўзлигини йўқотиб ривожланган миллат ва элатлар тақдирини кўряпмиз. Биз бу хатоларни такрорламаслигимиз керак. Биз технологик, талимдаги, иқтисодиёт ва барча соҳадаги ривожланишни қўллаб-қувватлаймиз, лекин буларнинг бари қадриятларимизга зид бўлмаслиги керак! Мана шу ғоялардан келиб чиқиб, биз Сизлар билан бирга Ўзбекистонимизни тараққиёт йўлига бошламоқчимиз, – деди Алишер Қодиров ва жиззахликларни "Миллий тикланиш"га ва унинг номзодларига овоз беришга чақирди.

Оммавий тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, маҳаллий кенгашларга кўрсатилган номзодлар ҳам сўзга чиқиб, сайловчиларни партиянинг сайловолди дастури билан таништирдилар. Жумладан, парламент қуйи палатаси депутатлигига номзод, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори, академик Шухрат Сирожиддинов давлат тили мақомини мустаҳкамлаш бўйича илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар ҳақида гапириб, ушбу масала 33 йилдирки халқимиз юрагидаги энг катта оғриқли масала бўлиб келаётганини таъкидлади.

 Бугун қаерга қараманг, тилимиз билан боғлиқ қонунбузулиш ҳолатларига дуч келамиз. Рекламалар, эълонлар, пешлавҳалар ҳамон бошқа тилларда, бунинг устига саводсизларча ёзиляпти. Аксарият тадбиркорларимиз эса бу масалаларга бефарқлик қилишяпти. 
Тан олишимиз лозим, сўнгги етти-саккиз йилда жуда кўп натижаларга эришдик. 25 йиллик хатоларимизнинг 70-80 фоизини тузатдик ҳам. Лекин олдимизда бунданда каттароқ вазифалар борлигини унутмаслигимиз керак.

 Партиямиз томонидан “Қадриятларга таянган тараққиёт”, “Инсон ўзгарса, жамият ўзгаради” ғоялари бежиз илгари сурилаётгани йўқ. Жамият ўзгариши учун эса энг аввало, тафаккурни, дунёқарашни ўзгартириш лозим. Ўзгаришларни эса аввало оиладан, ўзимиздан бошлашимиз лозим. Шундагина натижа бўлади, шундагина эзгу мақсадларимизга осонроқ эришамиз.

– Агар сиз 27 октябрда бўладиган сайловларда “Миллий тикланиш” ва унинг номзодларига овоз берсангиз, албатта, тилимиз билан боғлиқ муаммоларга ечим топишимизга ишонамиз, – деди Шухрат Сирожиддинов.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод, Тошкент давлат шарқшунослик университети ректори Гулчеҳра Рихсиева эса Янги Ўзбекистонда ҳаёт-мамот масаласига айланган тарбия ва таълим соҳасини ривожлантириш, бу борада мавжуд бўлган муаммо ва камчиликларни ҳал қилиш бўйича илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар ҳақида гапирди.

Улар орасида энг муҳими “Янги авлод педагогларини тайёрлаш Давлат дастури”ни қабул қилиш ташаббусидир. Чунки сўнгги йиллар таҳлили ушбу дастурнинг биз учун ниҳоятда кераклигини кўрсатяпти. Бугун фарзандларимизга тарбия ва таълим бераётган педагоглар замонавий ёшларга қанчалик мос, уларнинг талабига жавоб берадими, деган саволни ўртага қўядиган бўлсак, албатта, айримлар қониқарли жавоб  беролмайди. Шу боис, янги авлод педагогларини тайёрлаш ва ўқитувчилик касби жозибадорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва  амалиётга жорий қилиш биринчи даражали вазифага айланиши зарур. 

– Шундан келиб чиқиб, фарзандларимизнинг келажагини ўйлаган барча юртдошларимизни 27 октябрда бўладиган сайловларда “Миллий тикланиш” ва унинг номзодларига овоз беришга чақираман, – деди Гулчеҳра Рихсиева.

Қуйи палатага кўрсатилган яна бир номзод, Жиззах вилояти ҳоким ўринбосари Назира Мухторова эса ўз сўзини “Аёл бир қўли билан бешикни, иккинчиси билан дунёни тебрата олади” деган нақл билан бошлади.  

–Шу жиҳатдан, партия “Маърифатли она – қудратли миллат” тамойилига асосан хотин-қизларга оид сиёсатини янги босқичга олиб чиқиш, аёллар келажагимиз бунёдкорлари бўлган болаларни дунёга келтирувчи ва уларнинг тарбиячилари бўлиши баробарида давлат ва жамият бошқарувида аёлларнинг бой билим, малака ва кучини сафарбар этишга қодир улкан салоҳиятга эга жамиятимизнинг фаол аъзолари эканлигидан келиб чиқиб, дастурда муҳим таклиф ва ташаббусларни илгари сурмоқда.

Улардан энг муҳими, шубҳасиз, аёлларга боласи уч ёшга тўлгунига қадар ҳақ тўланадиган “Оналик таътили” бериш тизимини жорий қилиш таклифидир.

Агар бола дастлабки уч йилликда онасининг бағрида ўсиб, она сути билан озиқланса, унда шаклланган она меҳри ўсмирлик даврига келиб Ватанга бўлган муҳаббатга айланади. Боланинг онг остида табиий равишда ҳаётий мақсадлар – сабр-тоқат, қаноат, муаммоларини ҳал қилиш кўникмалари шаклланади. Шу маънода, муаммонинг туб илдизи она билан боланинг илк даврдаги муносабати бузилгани билан боғлиқ.

Назира Мухторованинг агар сиз фарзандим меҳрли, тарбияли, келажакда юртимизга садоқатли фарзанд бўлиб вояга етишини истасангиз “Миллий тикланиш” номзодларига овоз беринг! Биз албатта сизнинг ишончингизни оқлаймиз, деган таъкиди жиззахликларнинг гулдурос қарсаклари билан қарши олинди.

Тадбирда ёшлар ҳам сўзга чиқиб, жиззахлик тенқурларини “Миллий тикланиш” демократик партияси ва унинг номзодларига овоз беришга чақирдилар. Оммавий тадбир иштирокчиларининг “Биз бирмиз, ўзбекистонликмиз”, дея чақириғи бутун Жиззах шаҳрини қамраб олди дейиш мумкин.  

Оммавий тадбир эстрада санъаткорларининг чиқишлари билан давом этди.

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида ўтган тарғибот тадбирида ҳам ана шундай кўтаринки кайфият ҳукм сурди, дейиш мумкин. Унда партия Марказий кенгаши раиси ўринбосари Миродил Абдураҳмонов сўзга чиқиб, партиянинг сайловолди дастури мазмун-моҳиятига тўхталаркан, ҳар бир партия сайловдан олдин ўз электорати, халқимиз манфаатлари, шунингдек, партия ғоялари, мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб беш йилга мўлжалланган сайловолди дастурини тайёрлаб, эълон қилишини таъкидлади.
– Албатта, дастур ҳар жиҳатдан мукаммал бўлмоғи, мақсад ва вазифалар тўғри белгиланмоғи лозим. “Қадриятларга таянган тараққиёт” шиори остида тайёрланган дастур партиямизнинг навбатдаги беш йиллик фаолияти учун дастуруламал вазифасини ўтайди, – деди Миродил Абдураҳмонов.

Тарғибот тадбирида партиядан Олий Мажлис, Жўқорғи Кенгес ва маҳаллий кенгашларга кўрсатилган номзодлар ҳам сўзга чиқдилар. Тадбирда сўзга чиққан ёшлар эса бугунги навбатдаги сайловда ҳам “Миллий тикланиш” партияси ва унинг номзодларга овоз беражагини таъкидладилар. 

Самарқанд вилоятининг Жомбой туманида ўтказилган тарғибот тадбирида ҳам сайловчилар “Миллий тикланиш” демократик партиясининг янги дастури билан таништирилди, шунингдек, тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларга кўрсатилган номзодларнинг сайловчилар билан учрашуви ташкил қилинди. 

Қонунчилик палатасига кўрсатилган номзод Азамат Пардаев жомбойликларни партия ва ўзининг сайловолди дастури билан таништираркан, унда тарбия-таълимга устуворлик берилганини таъкидлади.

Денов тадбиркорлик ва педагогика институтида ўтган тадбирда ҳам номзодлар сайловчиларни партия ҳамда ўзларининг сайловолди дастури билан таништирди.

– Партия дастуридаги талаба оналарнинг фарзандлари учун олий таълим муассасаларида махсус болалар хоналари ёки боғчалар ташкил этиш таклифини қўллаб-қувватлайман, – деди тадбирда сўзга чиққан Мадина Холёрова. – Бу таклиф амалга ошса, аёлларимиз орасида таълим олиш истагида бўлганлар янада кўпаярди. Чунки оилали дугоналарим орасида боласига қаровчи йўқлиги сабаб, ўқишини давом эттира олмаётганлари бор. Шу боис, мен “Миллий тикланиш” партияси ва ундан кўрсатилган номзодларга овоз бераман, дугоналаримни ҳам шунга чақираман.    

Партиянинг сайловолди тарғибот-ташвиқот тадбирлари, шунингдек, номзодлар билан учрашувлар бошқа ҳудудларда ҳам давом этмоқда.