"Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси йиғилишида ишчи-хизматчилар манфаатига зид дея рад этилган қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг кеча бўлиб ўтган ялпи мажлисида ҳам кўпчилик депутатлар томонидан қўллаб-қувватланмади...
Ярим соатга чўзилган баҳс-мунозаралар, савол-жавоб ва тортишувлардан кейин қонун лойиҳаси етарли овоз ололмади ва ташаббускорларга қайтарилди: тарафдорлар – 57, қаршилар – 71.
Хўш, нима учун O'zLiDePчилар ташаббуси билан ишлаб чиқилган «Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига хусусий сектор учун белгиланган ижтимоий мажбуриятларни эркинлаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси бошқа партиялар томонидан ҳам маъқулланмади?
Ташаббускорларнинг изоҳ беришларича, кейинги йилларда меҳнат қонунчилигида хусусий сектор учун ижтимоий мажбуриятларнинг кўплиги соҳага доир ҳуқуқий механизмларни қайта кўриб чиқишни тақозо этяпти.
Масалан, амалдаги Меҳнат кодексида давлат ва хусусий секторда иш берувчилар учун бир хилдаги ижтимоий мажбуриятларнинг назарда тутилиши хусусий сектор, айниқса, кичик тадбиркорлик субъектларининг молиявий барқарорлигига сезиларли даражада таъсир кўрсатяпти. Бу ходимларни ишга қабул қилиш ва ишдан бўшатиш жараёнларининг расмий қайд этилмаслигига ҳам олиб келмоқда. Мисол учун, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги маълумотига кўра, 2024 йилда иқтисодиётда норасмий секторда банд бўлганлар улуши 38 фоизни ташкил этган.
Ана шулардан ҳамда хорижий тажрибадан келиб чиқиб, кодексга меҳнат шартномасини ходимнинг ташаббуси билан бекор қилишда аризани чақириб олиш жараёнида томонлар масъулиятини ошириш, меҳнат шартномасини иш берувчи ташаббусига кўра бекор қилишда эса касаба уюшмаси қўмитаси ёки маҳаллий меҳнат органи билан келишиш жараёнларини соддалаштириш ҳамда ходимнинг узоқ муддат меҳнатга қобилиятсиз бўлиши натижасида меҳнат шартномасини бекор қилиш асосларини такомиллаштиришни назарда тутувчи бандлар киритиш тавсия этиляпти. Шунингдек, тадбиркорлик субъектларида ўриндошлик асосида фаолият юритаётган ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинганда огоҳлантириш муддати ва компенсация тўловлари бекор қилинмоқда.
Қонун ташаббускорлари бундай ўзгартириш ва қўшимчалар тадбиркорлик субъектларига юклатилган ижтимоий мажбуриятларнинг юмшатилиши ҳамда иш берувчи ва ходим ўртасидаги меҳнат муносабатларини такомиллаштиришга, энг асосийси, норасмий бандликни қисқартириш, томонларнинг эса ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиришга хизмат қилишини таъкидлашмоқда.
Лекин ялпи мажлисда бошқа партиялар вакиллари бундай нормалар тадбиркорлар манфаатига хизмат қилиши мумкин, лекин ишчи-ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини бузишини билдиришди.
Хусусан, «Миллий тикланиш» депутати Шаҳноза Жолдасова бир кун олдинги фракция йиғилишида нима учун ушбу лойиҳа рад этилганини қуйидагича изоҳлади: тўғри, Президентимизнинг тегишли қарорида кичик тадбиркорликни ривожлантириш лозимлиги алоҳида кўрсатилган, аммо ҳужжатда ишга кирувчиларнинг ҳақ-ҳуқуқларини камситиш эвазига эмас, аксинча, хусусий секторда ишлаш жозибадорлигини ошириш ҳисобига бўлиши зарурлиги қайд этилган.
Шу маънода, фракциямиз қонун лойиҳасининг айрим моддаларига жиддий эътироз билдирди. Масалан, 421-моддада Меҳнат шартномасини бекор қилишда ўн саккиз ёшгача бўлган ходимлар учун қўшимча кафолатлар белгиланган. Модданинг ўзи «кафолатлар» дея номланса-да, лекин биз унга қўшимчалар киритиб, меҳнат шартномасини бекор қилиш фақатгина маҳаллий меҳнат органининг розилиги билан эмас, хабардор қилиш тартибида йўл қўйилади, деб берилган кафолатни аксинча енгиллаштириб қўйяпмиз.
Маълумки, аҳолимизнинг 60 фозини ёшлар ташкил қилади. Мисол келтирилган давлатларнинг, яъни Венгрия, Польша ва ҳаттто АҚШда ҳам ёшлар улуши бу даражага етмайди.
– Бугун Ўзбекистонда ёшларни иш билан таъминлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган бир пайтда мазкур норманинг киритилиши қанчалик тўғри, – деди Шаҳноза Жолдасова.
Бир кун олдин ўтган фракция йиғилишида депутат Фарҳод Зайниев ҳам қонун лойиҳасига муносабат билдириб, маҳаллий тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ишчи-ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини бузиш ҳисобига амалга оширилмаслиги кераклигини таъкидлаган бўлса, Руслан Жумамуратов ташаббускорларнинг қонун лойиҳаси норасмий сектор улушини камайтиришга хизмат қилади, дея эътироз билдирганди.
Фракциядаги баҳс-мунозараларга Алишер Қодиров нуқта қўйганди:
– Ҳадеб, Европа давлатлари тажрибасини рўкач қилаверишимиз яхши эмас. Бу борада ҳам ўз қадриятларимиз бор. Фракциямиз либералларнинг тадбиркорликни ривожлантириш ғояларига қарши эмас, лекин ҳар қандай ривожланиш миллий қадриятларимизга асосланиши керак!
Ялпи мажлисда шунингдек, «Болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳам иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Ушбу лойиҳа билан Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларда болаларни жинсий зўравонликлардан ҳимоя қилиш, болалар тасвирланган порнографик маҳсулотларни сақлаганлик учун жавобгарлик белгилаш назарда тутиляпти.️ Шунингдек, Жиноят-процессуал кодексига вояга етмаган гувоҳларни сўроқ қилиш муддатларини аниқ белгиловчи ўзгартириш киритиш таклиф этилмоқда.
Маълумки, кейинги йилларда болалар билан боғлиқ ҳуқуқий ҳужжатларни янада такомиллаштириш, қонуний чораларни қатъийлаштириш эҳтиёжи тобора кучайиб боряпти. Маълумотларга қараганда, дунё бўйича ҳар йили 1 миллиарддан ортиқ бола турли зўравонликларга дучор бўлади. Хавотирлиси, бола энг кўп зўравонликка учрайдиган жой унинг ўз уйи бўлиб қолаётганидир. Маълумот учун: АҚШда болага нисбатан зўравонликларнинг 76 фоизи айнан оила аъзолари томонидан содир этилмоқда.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, Ўзбекистонда ҳам бу борада ҳолатлар талай муаммолар бор. Сўровлардан маълум бўлишича, мамлакатимизда 14 ёшгача бўлган болаларнинг 69 фоизи оилада зўравонлик билан тарбия қилинаётган бўлса, 30 фоизи бевосита жисмоний зўравонликка учраяпти. Энг ёмони, бугун болаларга нисбатан жинсий зўравонлик ҳам кучаймоқда.
«Бола ҳуқуқлари тўғрисида»ги Конвенсияда ҳар бир давлат болаларни зўравонлик, эксплуатация, таҳқирлаш ва ғамхўрлик кўрсатмаслик каби ҳолатлардан ҳимоя қилиш учун барча чораларни кўриши белгиланган. Лекин бизда фақат жисмоний, жинсий ва руҳий зўравонлик билан курашиб келинади. Шу боис, халқаро талаб ва ҳуқуқни қўллашдаги муаммолардан келиб чиқиб, ушбу қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши болалар ҳуқуқлари кафолатларини кучайтиришга, шунингдек уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишга хизмат қилади. Депутатлар таклифидан келиб чиқиб, қонун лойиҳасидаги айрим нормалар такомиллаштириладиган бўлди.