ТУБ БУРИЛИШ ОСТОНАСИДА:
ИННОВАЦИОН ИҚТИСОДИЁТ САРИ ҚАТЪИЙ ҚАДАМЛАР
Якунланган йил бундан тўққиз йил аввал бошланган ва жаҳон ҳамжамияти эътиборини Янги Ўзбекистонга қаратган тарихий ўзгаришларнинг энг мураккаб даврига якун ясади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида таъкидланганидек, биз ана шу даврда ўзгаришларни кутиб яшамадик, аксинча, уларни ўзимиз, ўз ақл-заковатимиз ва масълуятли меҳнатимиз билан яратяпмиз.
Бугун ғурур билан шуни айта оламизки, глобаллашаётган дунёнинг архитектураси тамомила ўзгараётган, ўтмиш ва келажакка, маънавият ва маърифатга, таълим ва тарбияга, ҳатто турмуш тарзимизга бўлган қарашлар моҳияти минг бора турланаётган бир пайтда Янги Ўзбекистонда қўлга киритилган реал натижалар 2016-2017 йилларда тўғри йўл танлаганимизни кўрсатиб турибди. Давлатимиз раҳбари ибораси билан айтганда, ана шу даврда «Биз улкан тараққиёт йўлини босиб ўтдик. Миллий иқтисодиётимиз янгидан шаклланди, бозор муносабатларини, ижтимоий ҳимояни кенгайтирдик, қонун устуворлигини эса янада мустаҳкамладик...».
Айниқса, бу жараёнда миллий иқтисодиёт ривожига бирламчи эътибор қаратилгани, соҳа ва тизимлар ривожига тўсиқ бўлаётган эскирган тартиб-қоидалар, таъбир жоиз бўлса, мантиқсиз таъқиқлардан воз кечилиб, рақобатга, хусусий секторга кенг йўл очиб берилгани бугунги натижаларга асос бўлди.
Мамлакат тарихида илк бор ялпи ички маҳсулотимизнинг 145 миллиард доллардан ошгани ёки экспорт ҳажмини бир йилда 23 фоизга ошириб, 33,4 миллиард долларга етказганимиз оддий рақам эмас!
Маълумки, кимё саноати ҳам миллий иқтисодиётимизнинг барқарор ўсишини таъминлаётган тармоқлардан бўлиб, соҳанинг жадал ривожи қурилиш, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт, энергетика ҳамда бошқа стратегик йўналишларни зарур кимёвий маҳсулотлар билан таъминлаш имконини беради. Шу билан бирга, кимё саноати юқори қўшилган қиймат яратиш, ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш ва мамлакатнинг технологик салоҳиятини оширишда муҳим аҳамият касб этади. Шунинг учун ҳам ушбу соҳа Янги Ўзбекистон иқтисодиётининг рақобатбардошлигини кучайтириш ҳамда экспорт салоҳиятини кенгайтиришнинг муҳим воситасига айланмоқда, дейиш мумкин.
Қайд этиш жоизки, кейинги йилларда Президентимиз томонидан кимё саноати ривожига бирламчи эътибор қаратилаётгани натижасида соҳа сифат жиҳатдан янги босқичга қадам қўйди. Хусусан, ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш, энергия тежамкор ва атроф-муҳитга салбий таъсири кам бўлган технологияларни жорий этиш соҳанинг барқарор ривожланишини таъминловчи асосий омиллардан бирига айланди.
Илмий-тадқиқот институтлари, саноат корхоналари ва стартаплар ўртасида самарали кооперацияни йўлга қўйиш эса кимё саноатини фақат таъминотчи эмас, балки инновацияларни яратувчи ва тарқатувчи стратегик тармоққа айлантирмоқда.
Кейинги йилларда соҳада рақамли бошқарув тизимлари жорий этилаётгани ва ишлаб чиқариш жараёнлари автоматлаштирилаётгани корхоналар фаолиятидаги самарадорликни оширмоқда. Бу эса ресурслардан оқилона фойдаланиш, технологик йўқотишларни қисқартириш ҳамда маҳсулот таннархини пасайтириш имконини беряпти. Энг асосийси, илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар натижасида янги турдаги, маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми ва сифати босқичма-босқич оширилмоқда.
Таҳлиллар шуни кўрсатадики, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар логистика инфратузилмасини ривожлантириш, ташқи савдо механизмларини такомиллаштириш ҳамда халқаро кооперацияни кенгайтиришга ҳам йўл очди. Хорижий инвесторлар иштирокида қўшма корхоналар ташкил этилаётгани, хусусан, вакилларимизнинг халқаро кўргазма ва форумларда фаол иштирок этишаётгани миллий кимё саноатининг халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлай бошлади.
Президентимиз Мурожаатномасида «Самарқанд кимё» заводида 381 миллион доллар инвестиция ҳисобидан йилига 370 минг тонна фосфорли ва 540 минг тонна мураккаб ўғитлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши, Қашқадарёда 200 миллион долларлик янги кимё заводи қурилиши бошланаши, 2026 йилдан бошлаб эса кимё саноатида – 4,5 миллиард долларлик янги лойиҳалар амалга оширилиши тўғрисидаги маълумотларга бежиз эътибор қаратилмади.
Ушбу йирик лойиҳаларнинг амалга оширилиши кимё саноатида ишлаб чиқариш қувватларини кескин ошириш, замонавий технологиялар асосида маҳсулот турларини диверсификация қилиш ҳамда ички бозор эҳтиёжларини тўлиқроқ қондириш билан бирга экспорт салоҳиятини ҳам кескин оширди. Айниқса, минерал ўғитлар ишлаб чиқариш ҳажмининг кўпайиши қишлоқ хўжалигида ҳосилдорликни оширишга ижобий таъсир кўрсатиб, тармоқлар ўртасидаги иқтисодий боғлиқликни янада кучайтиради. Шу билан бирга, мазкур лойиҳалар атрофида янги иш ўринлари яратилиши, маҳаллий кадрлар салоҳиятининг ўсиши ҳамда ҳудудлар иқтисодий ривожланишининг жадаллашуви кимё саноатининг миллий иқтисодиётдаги стратегик аҳамиятини янада оширади.
Бундай глобал ўзгаришлар фонида 2017 йилга қадар Ўзбекистон кимё саноати бир қатор тизимли муаммоларни бошдан кечиргани ҳам яққол кўзга ташланяпти. Жумладан, ишлаб чиқариш корхоналаридаги эскирган технологиялар маҳсулот таннархининг ошиши ва ассортиментнинг чекланганлигига олиб келарди. Бу эса ички ва ташқи бозорларда миллий кимё маҳсулотларининг рақобатбардошлигини пасайтирган. Шунингдек, соҳада модернизация жараёнлари номигагина амалга оширилгани, малакали ёш мутахассислар танқислиги ва глобал қиймат занжирларига интеграциялашув даражасининг пастлиги соҳанинг экспорт имкониятларини чеклаб қўйган эди.
Янги бозорларни ўзлаштириш, маҳсулотларни халқаро стандартларга мослаштириш ҳамда брендингни ривожлантириш бўйича самарали механизмларнинг мавжуд эмаслиги ҳам экспорт ҳажмининг секин ўсишига сабаб бўлган.
Сўнгги тўрт йил давомида эса мамлакатимизда 14,5 млн тонна минерал ўғит ишлаб чиқарилди, соҳага 2 миллиард долларлик инвестиция жалб қилинди, 32 та янги лойиҳа ишга туширилди.
Қорақалпоғистон республикаси, Навоий ва Фарғона вилоятларида 3 та технологик кластер ҳамда Чирчиқ шаҳри ва Жиззах вилоятида 2 та технопарк ташкил қилинди.
Мазкур кластерлар ҳамда технопаркларда 2025-2035 йилларда умумий қиймати 5 млрд долларлик 56 та инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳисобига суюқ ва қуруқ циан тузлари, яшил водород, моноаммонийфосфат (МАФ), мураккаб минерал ўғитлар (NPK), меламин, сирка кислотаси, винилацетат, полиоксиметилен (ПОМ) ва бошқа маҳсулотларнинг маҳаллийлаштирилиши кўзда тутилган.
Шу ўринда Янги Ўзбекистонда қайта ишланган полимер маҳсулотлари бозори Марказий Осиёдаги қўшни давлатлар бозорига нисбатан кескин ривожланганини ва жон бошига ўртача 9 кг полимер маҳсулотлари истеъмоли билан йилига 7 фоизга катта қадамлар билан ўсиб бораётганини айтиш жоиз. Бу ўз навбатида маҳаллий полимерларни қайта ишловчилар учун улкан салоҳият мавжудлигини курсатади.
Яна бир муҳим маълумот: сўнгги беш йилда 23 та янги корхона очилиб, 4 мингдан ортиқ иш ўрни яратилди. Тармоққа Henkel, Grass каби халқаро брендлар кириб келди, кичик тоннажли маҳсулотлар тайёрлаш йўлга қўйилди. Натижада кимё саноатида ишлаб чиқариш 1,5 баробарга ўсди.
Президентимиз ташаббуси билан 2018 йилдан бошлаб қишлоқ хўжалигини минерал ўғитлар билан таъминлашда тўлиқ бозор механизмлари жорий қилиниб, ўғитларни биржа савдолари орқали сотиш йўлга қўйилди. Ҳудудларда жами 309 та ваколатли омборлар ташкил қилингани натижасида эса кимё соҳаси молиявий ботқоқдан қутилиб, зарар билан ишлашга барҳам берилди.
2025 йилдан бошлаб эса кимё корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган минерал ўғитларни сотиш учун Товар хом-ашё биржасида алоҳида янги «Агроплатформа» ахборот тизими жорий қилинди, ғалла ва пахта етиштирувчи фермерларга 10 фоизгача арзонлаштирилган ҳолда сотиш тизими йўлга қўйилди. Ўтган йил якуни билан 7,7 трлн сўмлик минерал ўғитлар сотилди. Бу 2024 йилга нисбатан 2,1 трлн сўмга кўп, бошқача қилиб айтганда 138% ўсишга эришилди, деганидир.
Ўтган йилда Тошкент, Навоий ва Жиззах вилоятларида яшил водород, циан тузлари, калий ксантогенат, калий сульфати каби юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар чиқарадиган лойиҳалар ишга тушди.
Экспорт кўтсакичлари 125 фоизга ўсиб, 655 миллион доларни ташкил қилди. Маҳсулотлар Латвия, Руминия, Литва, Болгария, Эстония, Туркия каби Европа, Бразилия, Перу, Чили каби Жанубий Америка мамлакаталарига, шунингдек, Хитой, Покистон, Афғонистон, Эрон, Россия, Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон каби дунёнинг 55 та давлатига экспорт қилинди.
«Acwa power» (Саудия Арабистони), «Linde» (Германия), «KRICT» (Жанубий корея), «Sinoma Energy» (Хитой), «Haldor Topsoe» (Дания), «Continental Construction» (Автрия), «Insolar B.V (Франция), «NCV International» (БАА) каби ўз йўналишида дунёдаги етакчи ва нуфузли компаниялар билан ҳамкорликда йирик лойиҳалар амалга ошириб келнмоқда.
Ўтган йили кимё саноатига 650 миллион долларлик инвестициялар жалб қилиниб, маҳаллийлаштириш хажми 5,2 триллион сўмни ташкил қилгани ҳам Янги Ўзбекистон ислоҳотларининг реал натижаларини кўрсатади.
Шу ўринда 2026 йилда 45 та инвестиция лойиҳасини ишга тушириш режалаштирилганини, тармоқ ва ҳудудий инвестиция дастурлари доирасида 80 дан ортиқ истиқболли лойиҳаларнинг манзилли рўйхати ишлаб чиқилганини айтиш жоиз.
Шунингдек, экспорт географиясини 60 та мамлакатга, экспортбоп маҳсулотлар турини эса 50 тага етказиш орқали кимё маҳсулотлари экспортини камида 720 миллион АҚШ долларига етказиш бўйича амалий ҳаракатлар бошланди.
Давлатимиз раҳбари Мурожаатномасида янги технологиялар ва юқори малакали кадрлар мавжуд бўлган соҳаларда барқарор ўсиш ва ривожланиш таъминланишига алоҳида эътибор қаратилганини таъкидлаш жоиз. Шу асосда кимё саноатида инсон капитали ва илмий салоҳиятни оширишга қаратилган муҳим лойиҳалар режалаштирилган. Хусусан, Корея–Ўзбекистон илмий-тадқиқот ва кимё-технология инновацион марказини ишга тушириш, кимё корхоналарида 3 минг ходимнинг малакасини ошириш, шунингдек, камида минг нафар талабалар амалиёти ва ўқитувчилар стажировкаларини ташкил этиш кўзда тутилган.
Хулоса қилиб айтганда, белгиланган вазифа ва режалар кимё саноатини инновацион, рақобатбардош ва юқори қўшилган қиймат яратувчи стратегик тармоқ сифатида ривожлантиришга қаратилган. Инвестиция лойиҳаларининг барқарор амалга оширилиши, маҳаллийлаштириш ва импортни қисқартириш, таннархни пасайтириш, энг асосийси экспорт салоҳиятини ошириш орқали тармоқ иқтисодиётнинг барқарор ўсишига хизмат қилади.
Одил Темиров,
«Ўзкимёсаноат АЖ» бошқаруви раиси





