Ўзбекистонда ишбилармонлик фаоллиги индексининг мўътадил ортиши кузатилмоқда

Ўзбекистонда ишбилармонлик фаоллиги индексининг мўътадил ортиши кузатилмоқда

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан баҳоланган Ишбилармонлик фаоллиги индекси (ИФИ) 2025 йил февраль ойида 1103 бирликни ташкил этиб, январь ойига нисбатан 10,3 фоизга ҳамда ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 9,1 фоизга сезиларли ошган.

Ҳудудлар кесимида Фарғона вилоятида энг юқори ўсиш суръати қайд этилган. Шунингдек, Тошкент (43,7 фоиз),Қашқадарё (39,5  фоиз), Андижон (32,9  фоиз) вилоятлари ва Тошкент (43,6  фоиз) шаҳрида ҳам сезиларли даражада ўсиш кузатилган.

Ўтган ойда банклараро тўлов операциялари сони 6 108,2 минг тани ташкил этди ва 2025 йилнинг январь ойига нисбатан 430,8 минг транзакцияга (7,6  фоиз) ортган.

11 та ҳудудда юридик шахслар ўртасидаги банк операциялари сони январь ойига нисбатан ортган. Хусусан, Сурхондарё (24,7 фоиз), Тошкент (12,5 фоиз), Хоразм (10,4 фоиз), Навоий (10,2 фоиз) ва Андижон (8,4 фоиз) вилоятларида сезиларли ўсиш кузатилган.

Шунингдек, ушбу кўрсаткич Бухоро (5,5 фоиз), Қашқадарё (2 фоиз) вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида (0,3 фоиз) камайган.

ИФИнинг биржа компоненти 1,1549 бирликни ташкил этди. Бу эса, ушбу компонентнинг ўтган ойга нисбатан 15,5 фоизга ошганини англатиб, ҳар бир битим бўйича сотиб олинган товарларнинг ўртача ҳажми 19,3 фоизга ва тузилган битимлар сони11,6 фоизга ошганлиги билан изоҳланади.

Республика товар-хом ашё биржасида товарлар савдосининг умумий айланмаси ҳажми 2025 йил февраль ойида 6 728,3 млрд. сўмни ташкил этиб, ушбу кўрсаткич ўтган ойга нисбатан 8,9 фоизга ортган.

Фаолият юритаётган хўжалик субъектлари бўйича компонент 2025 йил февраль ойида 1,0340 бирликни ташкил этиб, ўтган ойга нисбатан 3,4 фоизга ортган. Бундан ташқари ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,4 фоизга камайган.

2025 йил февраль ойида барча турдаги фаолият юритаётган хўжалик юритувчи субъектлар сони ўтган ойга (459 104 бирлик) нисбатан 7 077 бирликка ортиб, 466 181 бирликни ташкил этган.

Ҳисобот даврида, кичик корхоналар сони 363 628 тадан 370 364 тага ортган. Шунингдек, фермер хўжаликлари сони 91 764 тадан 91 775 тагача ошган. Йирик тадбиркорлик билан шуғулланаётган субъектлар сони 4 042 тани ташкил этиб, 2025 йилнинг январь ойига нисбатан 330 тага ошган.

Савдо белгилари муҳофазаси бўйича индекс 1,2394 бирликни ташкил этиб, ушбу кўрсаткич 2025 йилнинг январь ойига нисбатан 23,9 фоизга ортган. Юридик шахслар томонидан 352 та товар белгилари ва товар номлари рўйхатга олинган.