Хизматлар соҳаси миллий иқтисодиётнинг етакчи драйвери

Хизматлар соҳаси миллий иқтисодиётнинг етакчи драйвери

Хизматлар соҳаси миллий иқтисодиётнинг етакчи драйвери

Кейинги йилларда мамлакатимизда хизматлар улуши ялпи ички маҳсулот таркибида барқарор равишда ортиб, иқтисодий ўсиш, бандлик ва инвестицион жозибадорликка кучли таъсир кўрсатмоқда. Глобал амалиёт шуни кўрсатадики, замонавий хизматлар инфратузилмасига эга мамлакатлар рақобатбардош иқтисодиётни шакллантириш имкониятига эга бўлади. Шу нуқтаи назардан, халқаро тажриба ва ривожланган давлатлар ютуқларини ўрганиш Ўзбекистон учун долзарб ҳисобланади.

Жаҳон банки маълумотларига кўра, айрим ривожланган ва ривожланишнинг ўрта даражасидан юқори бўлган давлатлар билан республикамизнинг ЯИМдаги 70,1 фоизни, Европа ҳудудида эса бу кўрсаткич 64,8 фоизни ташкил этади. Ривожланиш даражасидан келиб чиқиб таҳлил қилинганда, ўрта даражасидан юқори бўлган давлатлар гуруҳида бу кўрсаткич 53,4 фоизга, ўрта даражада бўлганлар орасида 52,4 фоиз, ортда қолаётганлар гуруҳида эса 34,4 фоизга тўғри келмоқда.

Умуман олганда, давлатлар кесимида Ливан 94,1 фоиз билан етакчилик қилмоқда. Люксембург эса 80,4 фоиз билан ТОП-10ни якунламоқда.  Шунингдек, АҚШ 77,6 фоиз билан 16-ўринни эгаллаган бўлса,  Буюк Британия (72,2 фоиз) 26-, Сингапур (70,8) 28-, Япония (69,9) 31-ўринни эгаллаган. МДҲ давлатлари орасида эса Украина 60,8 фоиз билан 71-ўринни, Грузия (59,6) 76-, Қозоғистон (52,6) 117-, Қирғизистон (52,4) 120-ўринни, Ўзбекистон эса 41,6 фоиз билан 170-ўринда қайд этилган. Бу кўрсаткичлар давлатларни ривожланиш даражаси билан уларни ялпи ҳудудий маҳсулотидаги хизматларнинг улуши ўртасида узвий боғлиқликлигини кўрсатади.

Демак, хизматларнинг ривожланиши ва ЯҲМ улушининг ортиб бориши тараққиёт даражасини ҳам ифодалаб беради. Ўз навбатида хизматлар соҳасига чамбарчас равишда саноат тармоғи ҳам нисбатан барқарор ривожланиш тенденцияларини сақлаб қолмоқда. Демак, хизматлар соҳасининг юксалиб бориши, бошқа соҳаларга ҳам муайян даражада ўз таъсирини ўтказмай қолмайди.

Шу ўринда дунё тажрибаси: хизматлар иқтисодиётининг асосий моделлари хусусида ҳам тўхталсак. Хусусан, Жанубий Корея иқтисодиётида хизматлар соҳаси юқори технологиялар, интеллектуал хизматлар ва электрон ҳукумат тизимлари орқали жадал ривожланган. Мамлакатда ахборот коммуникация технологияларига катта инвестициялар киритилиши натижасида ИТ-аутсорсинг, логистика, таълим ва тиббиёт хизматлари глобал даражага кўтарилган. Туркия ҳам туризм ва кичик бизнес хизматларининг экспорт секторига айланган. Бу мамлакатда хизматлар соҳаси, хусусан, туризм, транспорт ва савдо хизматлари иқтисодиётнинг устувор тармоқларидан бирини ташкил этади. Туризм инфратузилмасини мунтазам янгилаш, ҳудудлар брендингини кучайтириш ва хусусий сектор фаолиятини рағбатлантириш орқали Туркия жаҳоннинг етакчи хизматлар экспортери бўлишга эришди. Дарвоқе, бу борада Сингапур тажрибасини алоҳида айтиш жоиз. Бу давлат кичик бўлишига қарамай, дунёдаги энг самарали логистика ҳавзасини ярата олган минтақалар қаторига киради. Сингапурликлар молиявий хизматлар, порт логистикаси, халқаро бизнес хизматлари орқали улкан даромад олишга эришган.

Келинг, шу ўринда хориж тажрибаси асосида мамлакатимиз учун устувор бўлган вазифаларга тўхталсак:

Биринчидан, рақамлаштиришни чуқурлаштириштиришга янада кенгроқ эътибор қаратиш лозим. Иқтисодчилар яхши билишадики, хизматлар соҳасининг асосий “ўсиш нуқтаси” — рақамли хизматлар ҳисобланади. Электрон ҳукумат, онлайн банкинг, телетиббиёт ва мобил таълим хизматлари кенг жорий этилиши аҳолининг турмуш сифатини сезиларли даражада яхшилайди.

Шу асосда  хусусий сектор улушини ошириш кераклигини ривожланган мамлакатлар тажрибаси ҳам тасдиқлайди. Шу боисдан ҳам, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, лицензия ва рухсатномаларни оптималлаштириш муҳим аҳамиятга эга.

Иккинчидан туризм ва логистикада глобал стандартларга чиқиш орқали иқтисодиётда рақобатбардош хизматлар турини яратиш учун инфратузилмани модернизация қилиш, халқаро маркетингни йўлга қўйиш ва хизмат кўрсатиш маданиятини юксалтиришга эътибор қаратиш лозим. Яна бир жиҳати эса меҳнат ресурсларини қайта тайёрлаш бўлиб, бунда замонавий хизматлар соҳаси малакали кадрларни талаб қилади. Корея ва Сингапур амалиётидан келиб чиқиб, хизматлар соҳаси учун махсус ўқув дастурларини жорий этиш мақсадга мувофиқ.

Хулоса қилиб айтганда, жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, хизматлар сектори барқарор иқтисодий ўсиш ва диверсификациянинг энг самарали манбаидир. Республикамизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар бу соҳанинг тўлақонли ривожланиши учун зарур ҳуқуқий, иқтисодий ва инфратузилмавий асосларни яратмоқда. Хорижий моделларни таҳлил қилиш шуни англатадики, мамлакат олдидаги энг муҳим вазифалар — рақамли хизматлар экотизимини кучайтириш, логистика ва туризмни янги босқичга олиб чиқиш, хусусий сектор фаолиятини жадал қўллаб-қувватлашдир.

Мазкур йўналишлардаги стратегия ва чора-тадбирлар келгусида Ўзбекистоннинг хизматлар соҳасини минтақавий ва глобал рақобатга тўла мос инновацион марказга айлантириш имконини беради.

Муроджон Ҳусанов,

и.ф.ф.д., доцент Қўқон университети

“Маркетинг ва ПР” департаменти

бошлиғи ўринбосари