Марказий Осиё тобора ёруғлашяпти

Марказий Осиё тобора ёруғлашяпти

Марказий Осиё тобора ёруғлашяпти

Хабарларга кўра, Жаҳон банки 1 миллиард долларлик дастур асосида Марказий Осиёнинг энергия хавфсизлигини кучайтириб, электр таъминотидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш жараёнида иштирок этмоқчи. Яъни, Жаҳон банки минтақада илк бор ягона минтақавий электр энергияси бозорини шакллантиришга қаратилган кенг кўламли дастурни тасдиқлади.

Гап REMIT –  “Марказий Осиёда  электр энергияси бозорини ривожлантириш ва энергия тизимларини интеграция қилиш” дастури ҳақида келяпти. Ушбу дастур  10 йилга мўлжалланган бўлиб, уч босқичда амалга оширилади.

Таҳлилчиларнинг фикрича, дастурни молиялаштиришнинг  тахминий ҳажми 1,018 миллиард долларни ташкил этади. Ушбу маблағ Марказий Осиёда минтақавий электр энергияси бозорини ишлаб чиқиш ва ишга тушириш, минтақавий электр энергиясини узатиш инфратузилмасини мустаҳкамлаш, энергия тармоқларининг ишончлилигини ошириш учун рақамли тизимларни жорий этиш, шунингдек, энергетика соҳасида минтақавий институтлар ва мувофиқлаштиришни кучайтиришга йўналтирилади.

REMIT дастурининг биринчи босқичида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистонга 143,2 миллион доллар миқдорида грант ва имтиёзли кредитлар ажратилади. Ушбу маблағнинг 140 миллион доллари Халқаро тараққиёт ассосициацияси (XTA), 3,2 миллион доллари эса Марказий Осиё сув ва энергетика дастури (CAWEP) грантларидан шаклланади.

Мутахассисларнинг айтишича, Марказий Осиёда электр энергиясига бўлган талаб жуда тез ўсмоқда ва ҳозирги тенденциялар сақланиб қолса, 2050 йилга бориб талаб уч баробарга ошиши мумкин. Бунга аҳоли сонининг кўпайиши, иқтисодий ўсиш, саноат ва шаҳарларнинг кенгайиши сабаб бўлмоқда.

Шу ўринда, минтақада электр энергияси савдоси жуда чекланганини, бу умумий талабнинг атиги 3 фоизини ташкил этишини айтиш мумкин. Қайта тикланадиган энергия манбалари ҳиссаси эса бор-йўғи 4 фоиз даражасида қолмоқда.

REMIT дастури доирасида эса кейинги ўн йилда электр энергияси савдосининг ҳажми йиллик 15 000 ГВт/соатга етказилади, электр узатиш қуввати 16 ГВтгача оширилиб,  минтақавий тизимларга 9 ГВтгача тоза энергия қувватлари интеграция қилинади.

Жаҳон банки ҳисоб-китобларига кўра, 2050 йилга келиб минтақавий энергетик интеграция Марказий Осиёга 15 миллиард долларгача иқтисодий фойда келтириши мумкин.

Шунингдек, илк босқичда 900 МВтга яқин янги тоза энергия қувватлари тармоққа уланиши ва 700 миллион долларгача хусусий инвестиция этилиши кутилмоқда.

Яна бир маълумот: минтақада электр энергияси алмашинувини мувофиқлаштириш “Энергия” мувофиқлаштирувчи-диспетчерлик маркази зиммасига юклатилади. Инфратузилмавий лойиҳаларни эса миллий электр узатиш компаниялари амалга оширади. Дастур ижроси устидан назоратни Марказий Осиё давлатлари энергетика идораларини бирлаштирган Минтaқавий бошқарув қўмитаси олиб боради.

Мутахассислар REMITнинг ушбу дастурини Марказий Осиёда барқарор, интеграциялашган ва рақобатбардош энергетика бозорини яратиш сари қўйилган стратегик қадам сифатида баҳоламоқда.

t.me/uzdiplomat