Шапалоқ тортишдан сақланинг!

Шапалоқ тортишдан сақланинг!

...шу окани яна кўрсам, шапалоқ тортворардим. Йўл кирагаям танга берадими? Биттаси ўн икки минг берибди, санагимам кемади. Инсоф биланда энди!

Киракашнинг эътирози замонавий “ғийбатхона” –  Facebookда узоқ муҳокама қилинди: кимдир оқловчи, бошқаси қораловчига айланди. Бетарафлар ҳам талайгина. Хулоса эса шундай: айни пайтда аксарият савдо дўконларида танга пуллар қабул қилинмаяпти. Айниқса, вилоятларда... 

Биламизки, дунёнинг аксарият давлатларида танга тугул қоғоз пуллар ҳам секин-аста муомаладан чиқяпти. Мисол учун, Хитой деярли тўлов турларини электронлаштириб бўлган. Оддий дўкондан тортиб, катта ресторан, супермаркетларгача ҳаммаси QR код ёки face ID орқали тўлов қабул қилади. 

Ҳолатга яна бир изоҳ берсак: бизда кўпчилик харидорлар ҳам қайтимга танга берилса олишмайди, танга олмайдиган сотувчидан эса шикоят қилишади. Харидорнинг баҳонаси тайёр: йўқотиб қўяман... 

Хўш, сотувчилар-чи? Улар нега тангани “рад” этишяпти? Аслида, пешона тери билан топилган тийинни ҳам қадрлаш керак эмасми?! Савол туғилади: амалдаги қонунчиликка кўра, тангалар билан муомала қандай белгиланган?

Маълумки, 2022 йилнинг 26 декабридан бошлаб номинал қиймати 1000 сўм бўлган танга пуллар муомалага чиқарилган. “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида” ги қонунининг янги таҳрири 5-боб, 42-моддасида “Марказий банк томонидан муомалага чиқарилган пул белгилари (бакнот, танга) Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида тўловларнинг барча турларида, шунингдек, ҳисобварақларга, омонатларга ўтказиш ва жўнатма сифатида ўтказиш учун номинал бўйича қабул қилиниши шарт” деб белгилаб қўйилган.

Ўзбекистон Республикасининг “Миллий валюта тўғрисида”ги қонунига кўра, Ўзбекистонда қонуний тўлов воситаси ҳам танга, ҳам банкнотларни ўз ичига олади ва барча жисмоний ва юридик шахслар уларни тўловга қабул қилишлари шартлиги белгиланган. Агар сотувчи, ҳайдовчи танга ёки бошқа тўлов воситасини қабул қилишдан бош тортса, улар истеъмолчилар ҳуқуқларини бузган ёки миллий валюта қонунчилигига риоя қилмагани учун жавобгарликка тортилишлари мумкин.