Иқтисодий қудрат: Олтин-валюта захиралари ҳақида

Иқтисодий қудрат: Олтин-валюта захиралари ҳақида

Олтин-валюта захиралари нима дегани? Ўзбекистон олтин-валюта захиралари қанча? Энг кўп олтин захирасига эга давлатлар қайси? Олтин-валюта захиралари тугаб қолса нима бўлади?

Баъзан «Ўзбекистон олтин-валюта захиралари ошди ёки тушди» деган хабарлар кўзга ташланади. Лекин, бу хорижий валюталарнинг ўзбек сўмига нисбатан янги қиймати қанча бўлганичалик аҳамиятга эга эмас.  

Бошқача айтганда, агар АҚШ долларининг курси сезиларли даражада ошса ёки тушса, маълум вақт жамоатчилик марказида бўлади, аммо «Иқтисодий қудрат» деб таърифлаётганимиз – олтин-валюта захиралари ҳақидаги муносабатларга негадир кўзимиз тушмайди. Бу билмасликдан ёки шахсий эҳтиёжда дуч келмаслик тушунчаси туфайли бўлиши мумкин. Аслида эса бу кўп нарса дегани…  

Олтин-валюта захиралари нима дегани?

Олтин-валюта захиралари таркибига асосан қимматбаҳо металлар (қуйма олтин, платина, палладий, кумуш), халқаро миқёсда захира валютаси сифатида эътироф этилган хорижий валюталар (масалан, АҚШ доллари, евро, швейцар франки, япон иенаси, фунт-стерлинг) ҳамда Халқаро валюта жамғармаси томонидан чиқариладиган нақдсиз молиявий бирликлар киради.  

Мазкур захиралар давлат иқтисодиёти ва молиявий тизимининг барқарорлигини акс эттиради ҳамда давлатнинг халқаро мажбуриятлар бўйича тўловларни ўз вақтида амалга ошириши учун кафолат вазифасини бажаради. Халқаро ташкилотларнинг тавсияларига кўра, ривожланаётган мамлакатлар учун захиралар ҳажми камида уч ойлик импорт ҳажмини қоплай олиши керак.  

Ўзбекистон олтин-валюта захиралари қанча?
 
Марказий банк маълумотларига кўра, Ўзбекистоннинг расмий захира активлари 1 декабрь ҳолатига 41 миллиард  471 миллион долларни ташкил этди. Йил бошида 34 миллиард 564 миллион доллар эди. Биргина захиралардаги олтин ҳажми 12,29 миллион троя унцияси (382,3 тонна)га етган. Йил бошида 11,9 миллион троя унцияси ҳажмида эди.  

Олтин-валюта захираларидан қандай мақсадларда фойдаланиш мумкин?  

Мамлакатларнинг олтин-валюта захираларидан қуйидаги мақсадларда фойдаланилиш мумкин:  
— тўлов ва савдо балансидаги дефицитни бартараф этиш учун;  
— инфлацияни ушлаб туриш, миллий валютани молия бозорида қўллаб-қувватлашга валюта сотиб олиш учун;  
— давлатнинг ташқи қарзларини тўлаш учун;  
— давлатлар ўртасидаги ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун.

Энг кўп олтин захирасига эга давлатлар қайси?  

Жаҳон олтин кенгаши (World Gold Council)нинг сўнгги маълумотларига (https://www.gold.org/goldhub/data/gold-reserves-by-country) кўра, дунёдаги расмий олтин захиралари ҳажми бўйича Ўзбекистон 17-ўринда, Марказий Осиё бўйича эса 1-ўринда. АҚШнинг расмий олтин захиралари ҳажми 8 минг 133 тонна ва дунё бўйича 1-ўринда. Кучли бешликдан Германия (3 минг 351 тонна), Италия (2 минг 451 тонна), Франция (2 минг 436 тонна) ва Россия (2 минг 335 тонна) жой олган. Бизга қўшни бўлган давлатлар, жумладан Қозоғистоннинг 290 тонна, Қирғизистоннинг 27,5 тонна, Афғонистоннинг 21,9 тонна, Тожикистоннинг 7,4 тонна олтин захиралари мавжуд.  
Олтин-валюта захиралари тугаб қолса нима бўлади?  

Ушбу саволга ChatGPTнинг берган жавобига кўра, олтин-валюта захиралари тугаб қолса, мамлакат иқтисодиётига жиддий таъсир кўрсатадиган бир қатор салбий ҳолатлар юзага келади.

Биринчидан, миллий валюта қадрсизланади. Олтин-валюта захиралари тугаса, давлат миллий валютани қўллаб-қувватлаш имкониятидан маҳрум бўлади. Бу валюта курсининг кескин пасайишига олиб келади ва инфлацияни кескин оширади. Импорт маҳсулотлари нархи кўтарилиб, халқнинг харид қобилияти тушиб кетади.  

Иккинчидан, халқаро савдо ва тўлов балансида муаммо пайдо бўлади. Захиралар халқаро савдода валютага бўлган эҳтиёжни қоплайди. Агар улар тугаса, четдан товар ва хизматлар импортини амалга ошириш қийинлашади. Бу, ўз навбатида мамлакатнинг тўлов баланси танқислигини янада кучайтиради.  

Учинчидан, давлат қарзлари бўйича тўловлар узилади. Олтин-валюта захиралари давлатнинг ташқи қарзларини қоплаш учун ишлатилади. Агар захиралар етарли бўлмаса, давлат қарзларини ўз вақтида тўлашга қодир бўлмай қолади, бу халқаро рейтинглар пасайишига ва инвесторларнинг ишончсизлигига сабаб бўлади.  

Тўртинчидан, ишончсизлик ва инқироз.  

Олтин-валюта захиралари тугаб қолиши давлатнинг иқтисодий барқарорлигига ишончсизлик туғдиради. Бу ҳолат молиявий бозорлар ва инвестициялар учун хавф солади. Тадбиркорлар капитални мамлакатдан олиб чиқиб кетишга ҳаракат қилади.  

Бешинчидан, энергия ва стратегик маҳсулотлар етказиб бериш хавф остида қолади. Кўпгина мамлакатлар энергетика ресурслари ва озиқ-овқат каби стратегик товарларни импорт қилади. Валюта захиралари бўлмаса, бундай импортни амалга ошириш имконсиз бўлиб қолади.  

Олтинчидан, ижтимоий кескинлик кучаяди. Нархларнинг ошиши, ишсизлик ва иқтисодий таназзул аҳолининг турмуш даражасини тушириб юборади. Бу норозилик кайфиятининг кучайишига ва ижтимоий тангликка олиб келиши мумкин.