«Туризм»чиларга таклифим бор!

«Туризм»чиларга таклифим бор!

Ёхуд 25 миллион сайёҳ келиши учун…

2024 йили Ўзбекистонга 7 миллион сайёҳ келгани маълум қилинди. Таъкидланишича, соҳа мутасаддилари 2030 йилда ушбу кўрсаткични 15, ички туризм оқимини эса 25 миллионга етказмоқчилар. Яна бир маълумотда туризм экспортидан даромад 4 баробарга ошгани айтилмоқда.

Ёдингизда бўлса, 2024 йилнинг 12 июлида Президентимиз Шавкат Мирзиёев мамлакатимизга ташриф буюрган Жаҳон туризм ташкилоти (ЮНВТО) бош котиби Зураб Пололикашвили билан Ўзбекистонда туризмни изчил ривожлантириш борасида кенг кўламли ҳамкорликни муҳокама қилган эдилар.

Ушбу тарихий учрашувнинг амалий натижаси эса мамлакатимизда халқаро имижни илгари суриш, таълим соҳаси ва юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш борасида қўшма чора-тадбирлар мажмуини амалга ошириш, жумладан, ЮНВТО Халқаро академияси ва мавзули офисининг ташкил этилиши бўлди.  

Тан олиш керак: кейинги йилларда ижтимоий тармоқларда Самарқанд Регистонидаги кўк рангдаги кошинлардан тортиб, Тошкентнинг гавжум бозорларигача, ҳунармандчилик, замонавийлик билан узвий боғланган қадимий анъаналарни эътироф этаётган сайёҳлар сони кўпайиб боряпти. Лекин фақат Самарқанд, Бухоро ёки Хивадагина эмаску бизнинг тарихий ёдгорликларимиз.

Юртимизнинг ҳар бир вилоятида минг-минг йиллик тарихимизни бағрига яширган ёдгорликларимиз бор. Туризм соҳаси вакиллари фақат борларини ривожлантириш эмас, барча тарихий манзилларни бирдек обод қилиш, сайёҳлар бориши учун қулай шарт-шароитлар яратиш, уларда ҳам инфратузилмаларни яхшилаш устида бош қотиришлари керак.

Хўш бугун ўзбек миллий туризмининг салоҳияти қай даражада?  
Соҳанинг бор имкониятлардан етарлича фойдалана оляпмизми?

Афсуски йўқ.

Ҳали кўзланган мақсадларга эришиш йўлида ўз ечимини кутаётган муаммоларимиз талайгина. Маълумки, ҳар қандай сайёҳда илиқ таассурот уйғотишда меҳмондўстлик ва хизмат кўрсатишнинг сифати ниҳоятда муҳим ҳисобланади.

Бироқ биз аксарият ҳолларда бунинг аксини қиляпмиз. Аксарият манзилларда транспортдан бошлаб, меҳмонхоналар, бозорлар ва ҳатто овқатланиш масканларида хизмат кўрсатиш сифатигача ҳаминқадар. Бу эса сайёҳларнинг эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Тан олайлик: нафақат туризм соҳаси, балки мамлакатимизда инвестицион муҳитни яхшилашда ҳам сайёҳлар муҳим рол ўйнайдилар. Шундай экан, фақатгина туризмчилар ёки тадбиркорлар эмас, ҳар биримиз бундан манфаатдор эканимизни англайдиган пайт келди.

Демоқчимизки, туристлар учун қанча яхши шароитлар яратсак, туризм жозибадорлиги ошса, бу бевосита инвесторлар эътиборини тортади. Натижада бизнес қилишга ишончи пайдо бўлган инвестор Ўзбекистонимизни танлай бошлайди. Кўриниб турибдики, туризм битта қўмита ёки вазирликни эмас, барчамизнинг масъулиятимизга айланиши керак. 

Шу ўринда миллий туризм соҳаси ривожига тўсиқ бўлаётган омиллардан бири бу аэропортларимиздаги хизмат кўрсатиш тизимининг талаб даражасида эмаслиги эканини айтиш керак. Яна бир мисол: Тошкент шаҳри ҳавонинг ифлосланиши бўйича бир неча маротаба халқаро индексда юқори ўринларни қайд этди. 

Гарчи аэропортларда хизмат кўрсатиш учун тарифларни шакллантириш қоидалари тасдиқланган бўлса-да, бу жараённинг эркин бозор иқтисодиёти каби шакллантирилмагани соҳанинг яна бир муаммоси дейиш мумкин. Бу бевосита ички монополияга олиб келиш ва бевосита резидент ҳамда норезидент фуқаролар учун қийинчилик туғдириши табиий.

Бундан ташқари, мамлакат миқёсида ягона “Узбекистан Airways” Акциядорлик жамиятининг мавжудлиги ҳам табиий нархларнинг ягона юридик шахс томонидан белгиланиши ҳамда хизмат кўрсатиш соҳасидаги бир неча муаммони келтириб чиқаряпти. 

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, миллий туризм бу мамлакатимиз номини дунёга ёядиган соҳа. Бас шундай экан, бу соҳа йўлига тўсиқ бўлаётган муаммонинг каттами, кичикми, барчаси ҳал этилишига эришишимиз керак. Токи оддий таксичию, ошпазгача, Туризм қўмитасининг мансабдорию, ресторанда хизмат кўрсатаётган официантгача соҳанинг том маънодаги фидойисига айланмас экан, соҳа биз кутгандек ривожланмайди.