ВАТАНПАРВАРЛИК — МИЛЛИЙ ХАВФСИЗЛИКНИНГ МАЪНАВИЙ ПОЙДЕВОРИ
Гувоҳи бўлаётганингиздек, дунё кескин геосиёсий зиддиятлар, ахборий ва маънавий курашлар майдонига айланиб бораяпти. Қуролли тўқнашувлар, иқтисодий санкциялар, ахборот урушлари, мафкуравий босимлар ҳамда кибертаҳдидлар давлатлар хавфсизлигига таҳлика солмоқда. Энди хавф фақат ҳарбий чегараларда эмас — у онглар майдонида, ахборот маконида, рақамли муҳитларда ҳам намоён бўлмоқда.
Жорий йилнинг 13 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев раислигида ташкил этилган Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши ҳам айни бу борада изчил давлат сиёсатидаги муҳим қадам бўлди.
Йиғилишда илгари сурилган устувор вазифалар, минтақавий ва глобал вазиятнинг тез ўзгарувчан хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда белгилаб олинган стратегик йўналишлар давлат хавфсизлиги масаласига фақат бугунги кун нуқтаи назаридангина эмас, балки келажак таҳдидларини олдиндан англаган ҳолда ҳам ёндашилаётганини кўрсатади. Бу эса мамлакатнинг эртанги кунига бўлган ишончни янада мустаҳкамлайди.
Давлатимиз раҳбари замонавий уруш табиатининг тубдан ўзгарганини таъкидлаб, бугун ғалаба қурол-яроғ миқдори билан эмас, технология, бошқарув самарадорлиги, инсон капитали ва интеллектуал устунлик билан белгиланишини алоҳида қайд этгани бежиз эмас, албатта. Бу мудофаа соҳасида тизимли ва проактив ёндашувга ўтиш зарурат борлигини яна бир бор тасдиқлайди.
Шу ўринда миллий хавфсизлик масаласига кенгроқ нуқтаи назардан қараш зарур. Чунки хавфсизлик — бу фақат ҳарбий қудрат саналмай, балки жамиятнинг ички барқарорлиги, фуқароларнинг давлатга ишончи, умумий қадриятлар атрофида бирлашиш қобилияти ҳамдир. Ана шу маънавий барқарорликнинг марказида эса ватанпарварлик тушунчаси туради. Бугунги мураккаб геосиёсий шароитда бир ҳақиқат янада равшан кўринади: тинчлик —онгли танлов, ақлли сиёсат ва маънавий баркамоллик самараси. Тинч диёрда яшаш-уни асраб-авайлашни, англашни ва қадрлашни талаб қиладиган неъмат ҳисобланади.
Айтиш керакки, айни пайтда ахборот маконида кузатилаётган турли провокациялар, ёлғон нарративлар, жамиятни бўлишга қаратилган мафкуравий таъсирлар ҳам миллий хавфсизлик учун жиддий хавф туғдирмоқда. Бундай шароитда жамиятнинг интеллектуал иммунитетини мустаҳкамлаш, танқидий фикрлаш маданиятини ошириш, маънавий барқарорликни таъминлаш устувор вазифага айланади.
Мазкур долзарб йиғилишдаги Президент нутқида ҳарбий таълим ва кадрлар тайёрлаш тизимини модернизация қилиш, ҳарбий-илмий базани ривожлантириш, кибер ва муҳандис-техник мутахассисларнинг янги авлодини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилгани бежиз эмас. Замонавий армия — бу фақат замонавий техника эмас, балки билимли, маънавий баркамол, ватан тақдирига дахлдорлик ҳисси кучли бўлган инсонлар жамоасидир.
Шунингдек, тадбирда ёш авлод тарбияси масаласи миллий хавфсизлик билан бевосита боғлиқ экани ҳам алоҳида таъкидланди. Ёшлар тинчлик қандай машаққат билан қўлга киритилганини, барқарорликнинг қадрини англаб етиши, ватанпарварликни ҳаётий қадрият сифатида қабул қилиши лозим. Бу эса таълим, тарбия ва маънавий ишлар тизимли олиб борилгандагина ўз самарасини беради.
Мамлакат хавфсизлиги фақат ҳарбий соҳадаги чора-тадбирлар билан чекланиб қолмайди. У жамият маънавияти, фуқаролар онги, ўзаро ишонч ва бирдамлик муҳити билан узвий боғлиқ. Тинч диёрда яшаётганимиз учун шукроналик ҳисси, ўзаро муросасозлик ва бағрикенглик руҳини асраш — миллий барқарорликнинг энг муҳим шартларидир.
Ватанпарварлик ана шу барқарорликни таъминлайдиган маънавий пойдевор сифатида Янги Ўзбекистон тараққиётининг ишончли кафолати бўлиб қолмоқда. Шу пойдевор қанчалик мустаҳкам бўлса, юртимиз келажаги ҳам шунчалик осойишта, барқарор ва фаровон бўлади. Геосиёсий кескинлик кучайиб бораётган бир пайтда Ўзбекистон халқаро майдонда зўравонликка эмас, мулоқотга, куч сиёсатига эмас, ҳуқуқ ва ҳамкорликка таянаётган давлат сифатида майдонга чиқмоқда. Бу ёндашув халқаро ҳуқуқ, тинчлик, толерантлик ва ўзаро ҳурмат тамойилларига асосланган.
Ахборот уруши даврида айнан маънавият, миллий бирлик ва ёшларнинг онгли позицияси давлат хавфсизлигининг энг муҳим омилига айланмоқда. Шу боис, ёш авлодни ватанга муҳаббат, тинчликка садоқат ва масъулият руҳида тарбиялаш масаласи стратегик аҳамият касб этади.
Шунингдек, Хавфсизлик кенгаши йиғилишида белгиланган вазифалар Ўзбекистон миллий хавфсизлик сиёсатида комплекс ёндашув шаклланаётганлигини кўрсатади. Бу ёндашув эса ҳарбий қудрат, маънавий барқарорлик, интеллектуал салоҳият ва тинчлик дипломатиясини ягона тизим сифатида қарашга асосланади. Ана шу уйғунлик мамлакатимизни турли замонавий таҳдидлардан ҳимоя қилиш, жамиятда ишонч ва барқарорликни таъминлашда ҳал қилувчи омил бўлиб хизмат қилиши, шубҳасиз.
Махфуза Юлдашева,
Сиёсий фанлар доктори,
Тошкен давлат иқтисодиёт университети
доценти





