Ҳой, Киночи окалар, қачон болаларимизга миллий маҳсулот берасиз!
Бугун ота-оналарни бир савол қийнайди: боламга қайси мультфилмни қўйиб берсам экан? “Барби”ними, “Маша ва маймоқ”ни? Балки “Аниме”, ёки “Арвоҳли уйнинг сири”ни қўйиб берарман...
Нега танлов рўйхатида ўзбек мульфильмлари йўқ дейсизми? Чунки уларнинг барини кўриб бўлишган. Янгилари чиққунича болажонлар ўзбекчага таржима қилинган хорижникини кўришга мажбур. Айтиш керакки, бола дунёқараши, унинг психологиясига у истеъмол қилаётган ахборотларнинг таъсири ҳеч бир ота-онани бефарқ қолдирмайди. Чунки контент — бу шунчаки кўнгилочар восита эмас, балки ёш авлоднинг дунёқараши, қадриятлари ва келажакдаги жамиятга муносабатини шакллантирувчи тарбия воситасидир.
Ёдингизда бўлса, Давлатимиз раҳбари 2024 йилнинг 12 январида Хавфсизлик кенгашининг Қуролли кучлар ва ҳарбий-маъмурий секторларнинг 2023 йилдаги фаолияти якунлари ва яқин истиқболга мўлжалланган вазифалар муҳокамасига бағишланган кенгайтирилган йиғилишда миллий контент яратиш долзаб масала эканини таъкидлаб: “Биз Ўзбекистон ахборот маконида миллий контент яратишни ўз қўлимизга олмас эканмиз, дунёдаги воқеаларга миллий манфаатларимиз нуқтаи назаридан баҳо бермас эканмиз, бу ишлар хориждан туриб амалга оширилишига имкон яратиб берамиз. Чунки одамлардаги янгилик, таҳлилий маълумотлар, реал воқеаларга эҳтиёжни биз тўлдирмас эканмиз, буни бошқалар қилади. Бунга мутлақо йўл қўйиб бўлмайди”, — деганди.
Шунингдек, жорий йилнинг май ойида Президент қарори билан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги қошида Болалар контентини ривожлантириш маркази ташкил қилинди.
Хўш, давлат раҳбари тилга олган миллий контент ўзи нима? У нимани англатади ва қандай бўлиши керак?
Филология фанлари номзоди Беруний Алимовнинг ёзишича, “миллий контент деганда Ўзбекистоннинг миллий манфаатларини кўзлаган тарзда дунё ва мамлакат ичидаги воқеа-ҳодисаларга холис баҳо бера оладиган ахборот майдони назарда тутилади. Демак, миллий контент, бу –Ўзбекистон ичидаги сифатли медиамакон. Унга эса эҳтиёж ҳар доим бўлган.
Агар биз миллий контент яратмасак, одамларимиз четдан ахборот олишга мажбур бўлади. Ваҳоланки, ташқаридан туриб ёритилган ахборот ҳар доим ҳам тўғри ва холис бўлавермайди. Шунинг учун ҳозир миллий контент яратиш янада долзарблашди. Яъни, олдинги даврлардагидек, мана бу оқ, мана бу қора, дейидиган даврдан ўтиб бўлдик.
Таъкидлаш жоизки, бугунги глобаллашув шароитида турли геосиёсий зиддиятлар, қуролли тўқнашувлар, давлатлараро низолар кўпайиши баробарида, ахборот хуружлари ҳам кенг тус олиб, қудратли қуролига айланмоқда. Бу эса ёш авлоднинг маънавиятини мустаҳкам қилиб тарбиялашдек вазифа нафақат ота-она ёки педагог, киноижодкорлар олдида турган муҳим масъулият эканини ҳам кўрсатади.
Афсуски, кўп ҳолларда ота-оналар фарзандига қандай мультфильм кўрсатаётганига эътибор бермайди, фақат боласи тинч ўтирса бас. Психологларнинг таъкидлашича, аксарият хориж мультфильмларини томоша қилиш ўзбек кичкинтойларига у қадар салбий таъсир этмаслиги мумкин. Фақат бу ота-она ёки педагог-тарбиячилар томонидан танланган бўлиши керак. Акс ҳолда улар болаларга мос бўлмаган, зўравонлик, ортиқча визуал таъсир, ёшга мос келмаган мазмунлар билан тўлдирилган анимацион маҳсулотларни истеъмол қилишда давом этади. Уларнинг болалар психикасига салбий таъсир кўрсатиши эса бир қатор тадқиқотлар давомида ҳам аниқланган.
Шу ўринда ушбу рақамларга эътибор беринг: кинематография агентлиги буюртмаси билан: 2013 йилда 5 та, 2014 йилда 2 та, 2015 йилда 1 та, 2016 йилда 5 та, 2017 йилда 6 та, 2018 йилда 4 та, 2019 йилда 7 та, 2020 йилда 4 та анимацион фильм яратилган. Кўриб турганингиздек, 2013–2020 йиллар оралиғида мамлакатимизда ҳар йили ўртача 4-5 та мультфильм яратилган холос. 2021–2023 йилларда лойиҳалар сони кўпайган бўлса-да, кўп контентлар “лойиҳа учун лойиҳа” даражасида яратилмоқда, яъни улар бола онгига деярли таъсир қилмайдиган даражада.
Аниматорлар ва студияларнинг кўп йиллар давомида тизимли қўлловсиз иш олиб боргани ҳам сабаб бўлмоқда. Натижада болалар учун мўлжалланган маҳсулотлар кам ва сифат жиҳатдан етарли эмас. Шу боис, кўп болалар бошқа тилдаги контентларга боғланиб қолган. Бу эса ахборот мустақиллиги ва ёш авлоднинг дунёқараши учун жиддий таҳдиддир.
Сир эмаски, ҳар қандай бола бошқа тилда контент кўриб ўсса, нутқи камбағаллашади, она тилида эркин мулоқот қила олмайди. Бу Миллий қадриятлардан бегона бўлишнинг асосий нуқтасидир. Чет эл мультфильмларида бошқа халқ маданияти, урф-одати тарғиб қилинади, бас шундай экан бола ўз қадриятларига бефарқ бўлиб ўса бошлайди. Бошқа тилдаги контент орқали чет эл ғоялари сингиб, болаларнинг ватан ва жамиятга муносабатига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Ёшга мос келмаган мавзулар, зўравонлик, эрта романтика каби ҳолатлар эса боланинг шахсиятига салбий таъсир кўрсатади, бола чет эл контентига ўрганиб қолса, мустақил ахборот ва маданият муҳитини йўқотади.
Тўғри, 2–3 йилда миллий анимация соҳасида маълум ўсишлар кузатилди. “Яшил макон”, “Хўжа Насриддин”, “Бек ва Лола”, “Ренессанс”, “Кичик билағонлар” каби мультфильмлар орқали болаларга экология, ахлоқ, ватанпарварлик каби мавзуларни етказишга ҳаракат қилинмоқда. Аммо 2024 йилда тайёрланган 102 та киномаҳсулотнинг аксарияти YouTube ёки телевидениеда намойиш қилинмаган. Хўш, бу нимани англатади? Жавоб аниқ: сифат ва мазмун борасида арзигулик ўзгариш йўқ!
Ўзбек аниматорларининг қайд этишларича, мамлакатимизда миллий анимацияни қўллаб-қувватлаш учун бир қатор чоралар кўрилмоқда:
-Давлат грантлари ва танлов орқали молиялаштириш;
-ҚҚС ва фойда солиғидан вақтинча озод этиш;
-“Ўзбекфильм” ва бошқа студияларда техник ёрдамлар;
-Bolajon, Yoshlar ТВ, ZiyoNET орқали бепул эфирлар;
-Анимация курслари ва хориждаги стипендиялар;
-Миллий фестиваллар ва халқаро кўргазмаларда иштирок этиш имкони.
Миллий анимацион контент нафақат болаларнинг маънавий ва руҳий ривожланиши, балки ахборот хавфсизлиги учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Таъсирли, мазмунли ва миллий қадриятларга асосланган контент яратиш — бу умумжамиятнинг устувор вазифасидир. Болаларни миллий ғоя, тил ва маданият асосида тарбиялаш учун эса замонавий анимация энг таъсирчан воситага айланмоғи лозим.
Буни соҳа мутасаддилари, айниқса, киноматография агентлиги мутасаддилари тушунишлари керак.
Нодирбек Муродов,
“Миллий тикланиш” демократик партияси
Марказий кенгаши мутахассиси