Сиз кимсиз: вирусми ёки вакцина?

Сиз кимсиз: вирусми ёки вакцина?

“Миллий тикланиш”нинг 45-сонида эълон қилинган “Китоб ўқимаётганлар вируссиз” сарлавҳали мақоласида чиндан ҳам бугуннинг энг оғриқли муаммосига муносабат билдирилибди. Тўғри, китоб ва Интернет ўртасида танлов қилиш жуда оғир.

Аммо тан олайлик, китоб – инсониятнинг буюк кашфиёти ва ҳали бери унинг ўрнини бирон нарса эгаллай олмайди. Олис тарих силсиласида яралган аждодлар билими, тафаккур гулшани намуналарини авлодларга асрлар ва ҳатто минг йиллар оша етказувчи ушбу нодир манбалар орқали кеча ва бугунги кунни қиёслайсан, қаҳрамонлардан ибрат оласан, агар асар шуурингга муҳрланиб, маҳлиё эта олса улар билан ҳатто бирга нафас ола бошлайсан.

Энг муҳими, у буюк тарбиячилик ролини ҳам беминнат бажаради.

Бугун матбуотда ёшларимизнинг китоб ўқимай қўйгани, маънавиятимиз дурдоналаридан кўра, интернетни афзал кўраётганлари ҳақида куюниб гапириляпти. Шу ўринда хўш, бу гаплар фақат ёшларга тааллуқлими деган ҳақли савол ҳам пайдо бўлади! 

Катталарчи?!
Ўрта ёш ёки ёши улуғларнинг ўзлари китоб ўқишяптими?!
Сиз қачон фарзандингиз билан бирор асарни оила даврасида муҳокама қилдингиз?!
Қачон болангиздан яхши кўрган китоби ҳақида сўрадингиз?!
Унинг туғилган кунида бирор марта китоб совға қилдингизми?!

Табиийки, бу саволларга ҳамма ҳам бирдек жавоб қайтара олмайди. 

Китобхонлик ёшликкагина тегишли эмас. Бирор жойда фақат ёшлар ўқиши керак, деган қонун ҳам йўқ.
Кўп вақтини чойхонада ўтказувчи айрим оталаримиз, ёки оналаримиз кунлик оила юмушларию, аёллар йиғинларидан ортиб бирор бадиий асар ўқишяптими?!

Улуғ маърифатпарвар аждодимиз Чўлпон: “Миллат болаларининг тарбияси китобхонликка чорловчи маънавиятли ота-она қўлида бўлмаса ёмон оқибат рўй бергуси” деб ёзган экан. 

Она фарзандни дунёга келтиради, оқ сут бериб боқади, ўстиради. Ота эса фарзандим камол топсин дея елиб югуради. Зотан, фарзанд учун энг қадрли бўлган ота-онасининг ҳар босган қадами намуна.

Мутолаа маданиятини ҳам, аввало, болага ота-она сингдирмоғи лозим. “Қуш уясида кўрганини қилади” деганларидек, китобхонликда ҳам фарзандимизга ибрат бўлайлик. Байрамларда олиб берадиган ўйинчоқ, ширинлик, кийимлар қаторига бир дона китоб қўшишини одат қилайлик. Болаларимиз олдида ёшлигимизда ўқиган китобимизни гапириб берайлик. Шунда фарзандингиз ё набирангиз, албатта, ўша асарни топиб мутолаа қилади. 

Китоб, шунингдек, иноқлик, бир-бирларига ҳурмат туйғусини оширувчи восита ҳамдир. Ҳа, у энг оддий ва содда восита. Агар ўзбек ва қирғиз халқларини олиб қарасак, қирғиз китобхонлари Навоий “Хамса”си, Бобур “Бобурнома”си каби шоҳ асарлар билан таниш бўлганларидек, ўзбек китобсеварлари қирғиз халқининг “Манас”ини шоир Миртемир таржимасида севиб ўқиганлар. 

Сўнгсўз ўрнида ота-она (бобо-бувиларга) юзланмоқчиман: Сиз кимсиз? Вирусми ёки вакцина? Ёки бошқачароқ айтгандан қайси бири бўлиш фарзандларингиз, набираларингиз истиқболи учун ижобий хизмат қилади?