Президент ташрифи миллиардларга йўл очди

Президент ташрифи миллиардларга йўл очди

Энг муҳими аҳоли дилидаги ўйлар реалликка айланиши учун замин яратилди
 
Давлатимиз раҳбарининг Қашқадарё вилоятига бу галги ташрифи ҳаётий ташаббуслар ва эзгу мақсадларга кенг йўл очиб, вилоятда амалга оширилаётган ислоҳотларга янги куч берди, дейиш мумкин. 

Бугун “Инсон қадри учун, инсон бахти учун” деган ғоя мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар мезонига айланди. Бу тамойил асосида Қашқадарёда ҳам аҳолининг турмуш шароити ва сифатини яхшилаш, янги иш ўринлари яратиш ва маҳаллаларни ободонлаштириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Ҳудуд имкониятларидан самарали фойдаланиш, камбағалликни камайтиришга қаратилган дастурлар натижасида юртдошларимиз учун янги иш жойлари яратиляпти. Ёшлар ва хотин-қизлар даромадли касбларга ўқитилиб, тадбиркорликка кенг шароит яратилмоқда.

Иқтисодиётдаги таркибий ўзгаришлар натижасида эса саноат тез суръатларда ривожланяпти. Янги, илғор технологияларга асосланган корхоналарда қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга эътибор кучайди. Қишлоқ хўжалиги, туризм, транспорт, энергетика соҳаларида ҳам йирик лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилаётир.

Бу ютуқларда Қашқадарё вилояти, хусусан Қарши шаҳри саноати муҳим ўрин тутади. Вилоятдаги йирик экспортбоп корхоналардан бири — “Alp Texno Servis” корхонаси энг муваффақиятли лойиҳалардан ҳисобланади. Қиймати 10 миллион доллар бўлган ушбу замонавий саноат мажмуаси электр техникаси ишлаб чиқариш ва экспорт қилишда глобал занжирга қўшилган.

Яна бир муҳим гап. Юртимизда кейинги йилларда аҳоли саломатлиги масаласи энг долзарб йўналишлардан бирига айланди. Бу мақсадда хусусий сектор учун ҳам кенг имкониятлар яратилиб, соҳага инвестициялар жалб этиляпти. Ушбу саъй-ҳаракатлар натижасида вилоятда 700 дан зиёд хусусий клиника ташкил этилиб, уларда 72 турдаги тиббий хизматлар кўрсатилаётир.

Мазкур йўналишдаги йирик ташаббуслардан бири — Россиялик тадбиркор билан ҳамкорликда ташкил этилган “Оқ сарой” клиникаси. Унинг асосий йўналиши — юрак-қон томир хасталикларини даволаш бўлиб, бир вақтнинг ўзида 4 та ва кунига 25 тагача юқори технологияли операция ўтказиш имкони яратилган.

Клиникада ташхис қўйиш имкониятлари ҳам кенг. Замонавий эхокардиография ускунаси сунъий интеллект асосида ишлайди. Бундай жиҳоз Ўзбекистонда ҳозирча ягона ҳисобланади. Ушбу имкониятлар юқори аниқликда ташхис қўйиш ва муваффақиятли даволашда катта аҳамият касб этади.

Юртимизда одамлар учун муносиб ҳаёт шароитини яратиш, обод ва барқарор турмуш муҳитини таъминлаш давлат сиёсатининг марказида турибди. Буни Яккабоғ туманида барпо этилган “Янги Ўзбекистон массиви” мисолида яққол кўриш мумкин. Айниқса, “Эко бозор”нинг ташкил этилиши нафақат деҳқонлар учун салоҳиятли савдо майдони, балки аҳоли учун сифатли ва муносиб нархларда маҳсулот харид қилиш имконини яратди. Энг асосийси — бу бозорда 640 та иш ўрни яратилгани, ўнлаб оилаларнинг даромад манбаи таъминлангани муҳим натижадир.

Маълумки, туризм — бу фақат сайёҳлик эмас, балки иқтисодиёт, бандлик, инфратузилма ва халқ фаровонлигини қамраб олувчи стратегик соҳа. Президентимизнинг Қашқадарё вилоятига, хусусан, Шаҳрисабз туманидаги “Мираки” маҳалласига ташрифи бу соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг амалий ифодасидир.

Илгари ташландиқ ҳолда бўлган, инфратузилмадан маҳрум табиий гўзал жойлар бугун яхлит ва тизимли ёндашув натижасида халқаро даражадаги туризм марказига айлантирилмоқда. Бу, аввало, давлат сиёсатининг амалий натижаси, иккинчидан, маҳаллий аҳоли учун бевосита иш ўрни, барқарор даромад ва замонавий турмуш тарзи демакдир.

117 та лойиҳа, 400 миллион долларлик инвестиция, 1 700 та янги иш ўрни — бу сўз эмас, реал ҳаракат ва натижадир. Бу фақат Мираки эмас, балки Ўзбекистондаги туризм ривожининг янги босқичини англатади. “Эко йўлак”, меҳмонхоналар, хостеллар, кўнгилочар ҳудудлар ва табиат билан уйғунликда яратилган дам олиш масканлари нафақат сайёҳлар, балки маҳаллий аҳоли учун ҳам сифатли вақт ўтказиш имкониятини яратади.

Айтиш жоизки, вилоят пахта етиштириш бўйича етакчи бўлса-да, тўқимачилик саноатидаги улуши 10 фоизга ҳам етмайди. Ҳозирда 100 минг тонна ип-калаванинг атиги 28 фоизи қайта ишланади. Шу мақсадда Косондаги 40 гектарда ташкил этилган янги технопаркда 200 миллион долларлик 12 та лойиҳа қилиш режалаштирилган, лекин сув тозалаш иншооти ва канализация йўқлиги учун ишлар тўхтаб қолган.

Вилоятни комплекс ривожлантиришнинг устувор вазифаларига бағишланган йиғилишда бу масалага алоҳида эътибор қаратилиб, мутасаддиларга технопарк инфратузилмаси учун маблағ ажратиш топширилди. Умуман, 400 миллион долларлик 35 та лойиҳани бошлаб, бу йил ип-калавани қайта ишлашни 51 фоизга, келгуси йили 100 фоизга етказиш вазифаси қўйилди.

Албатта, Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифалар ва устувор йўналишлар вилоятнинг янада ривожланиши, аҳоли турмуш фаровонлиги юксалишига хизмат қилади. Бунинг учун барчамиз биргаликда ҳаракат қилишимиз, инсон қадрини улуғлаш учун бор куч ва салоҳиятимизни сафарбар этишимиз керак.