Президент раислигида ўтган бу галги йиғилиш яна бир марта ўзгаришлар муқаррарлигини кўрсатди. Асосий эътибор тараққиётга тўғаноқ бўлаётган омилларга қаратилди. Янги Ўзбекистон ислоҳотлари давом этяпти. Давлатни қудратли, қанчалар қийин бўлмасин, миллатимизни фаровон қилиш йўлидаги стратегик мақсадларга босқичма-босқич эришилмоқда.
Кўриб, гувоҳ бўлиб турибмиз: минтақадаги муносабатлар мувозанатга келтирилиб, глобал алоқаларни кенгайтиришга эришилмоқда. Лекин дунёда ҳар куни ўзгараётган реалликлар, кескинлашиб, ҳатто урушларга айланиб кетаётган рақобат ва йирик давлатларнинг олиб бораётган қўш стандартли сиёсатлари Ўзбекистон олдига ҳам янгидан-янги чақириқлар қўймоқда.
Одамлар яхшига тез кўникиб, ёмонни тез унутадилар. Бугун атрофимиздаги инқирозлар савдо алоқаларимизга зарар бериб, даромадимизни камайтираётгани, оқибати бозорлар ва одамларнинг дастурхонида сезилмаслиги учун амалга оширилаётган машаққатли ишларни албатта, ҳамма ҳам кўравермайди ёки кўриб кўрмасликка оладилар.
Соҳа учун масъуллар, ҳудудлар ривожи учун, аҳоли розилиги учун жавобгарлар қайта-қайта огоҳлантирилган йиғилишда ёз мавсуми учун энергия истеъмоли режаланганидан 30 фоизгача ортиб кетганига урғу берилди. Хонадонларда электромобилдан кондиционергача энергия истеъмол қилувчи мулк 10 йил аввалгига нисбатан 5 баробарга ортган, бу албатта, аҳолининг турмуши фаровонлашаётганидан далолат.
Лекин, аҳоли альтернатив энергия манбаларидан фойдаланишга ўргатилмаса, газ ёқиш ҳисобига олинаётган қиммат энергия қулайликни қисқа вақтда ноқулайликка айлантириб юбориши мумкин.
Лекин, аҳоли альтернатив энергия манбаларидан фойдаланишга ўргатилмаса, газ ёқиш ҳисобига олинаётган қиммат энергия қулайликни қисқа вақтда ноқулайликка айлантириб юбориши мумкин.
Исроил-Эрон инқирози оқибатида авиақатновлар масофаси 2-3 соатга узайди, халқаро автойўллар ёпилди, экспорт қийинлашди, импорт қимматлашди. Бу фақат уч кун ичида рўй берган ўзгаришлар. Хўш, ушбу воқелик бир ой, ёки Россия-Украина инқирозидек йиллаб давом этса, нима бўлади?
Нима қилиш керак?
Ички имкониятлардан самарали фойдаланиш, тадбиркорларимизни қўллаб-қувватлаш, ресурсларни қадрлаш билан бир қаторда ягона халқ, бирлашган жамият сифатида муаммоларни ечиш йўлларини топиш ва мақсадларимизга эришилишини таъминлашимиз керак.
Бундай даврда иккита одамга раҳбарлик қилиш, 100 минглаб сайловчининг вакиллиги масъулиятли ва оғир юк. Раҳбарлик биринчи навбатда масъулиятни зиммасига ола билишдир. Ҳар қандай раҳбардан, авваламбор, бевосита вазифаларини юқори самара билан ижро қилиш, қолиплардан ташқарига чиқиб ўйлаш ва ноанъанавий, айни пайтда фойдали қарорлар қабул қила олиш талаб қилинмоқда.
Фракциямиз аъзолари билан шу масалани обдон муҳокама қилдик. Барча депутатларимиз ўз ҳудудларида маҳаллий депутатлар ва фаолларимиз билан давлат дастурлари ижроси, партия сайловолди дастуридаги мақсадларга эришишни таъминлаш учун ташвиқот ва назорат-таҳлил ишларини олиб борадиган бўлишди. Лоқайд, масъулиятсиз, етарли билим ва қобилиятга эга бўлмаганлар билан йўлларимиз айрилади.
Ўзбекистон тараққиётининг ушбу босқичида натижа барча тармоқларда бошқарувнинг самарали ҳаракати ва тўғри қарорларига боғлиқ бўлади.