Энди эскича ишлаб бўлмаслиги, мутасаддиларнинг ана шу талабни ҳис этишлари қатъий белгиланди

Энди эскича ишлаб бўлмаслиги, мутасаддиларнинг ана шу талабни ҳис этишлари қатъий белгиланди

Президентимиз раислигида ўтган навбатдаги видеоселектор йиғилишида муҳокама қилинган масалалар ниҳоятда ҳаётийлиги билан ҳам бирон-бир юртдошимизни бефарқ қолдирмади.

Гарчи, кейинги 7 йилликда Янги Ўзбекистон ислоҳотларининг натижалари нуфузли халқаро ташкилотлар, давлат арбоблари ҳамда таниқли сиёсатшунослар томонидан эътироф этилаётган бўлса-да, Давлатимиз раҳбари томонидан асосий ишлар ҳали олдинда экани бежиз таъкидланмаяпти.

Масалан, яқинда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Халқаро инвестиция форуми”да 30,5 миллиард долларлик савдо ва инвестиция шартномалари имзолангани Ўзбекистоннинг бу соҳада ҳам жозибадорлиги ошиб бораётганини кўрсатди. Иқтисодий ва ижтимоий соҳадаги ўзгаришларимиз ҳам жаҳоннинг 27 та ҳалқаро рейтинг ташкилотлари индикаторларида йилдан-йилга яхшиланиб боряпти.

Биргина маданият ва санъат соҳасини ислоҳ қилиш мақсадида 2017-2025 йилларда 160 дан ортиқ Президент фармон ва қарорлари қабул қилиндики, бу миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш, нодир маданият ва санъатимизни ривожлантириш, соҳа вакилларини тизимли тарзда қўллаб-қувватлаш имкониятини бермоқда.

Йиғилишда шу йилнинг 5 ойи давомида саноат 6.4 фоизга ўсиб, 375 триллион сўмни ташкил этгани, экспорт ҳажми 18 фоизга ошганидан тортиб, янги уй-жойлар ва замонавий йўллар қурилишигача муҳокама қилиниб, аҳолини ўйлантираётган энг оддий муаммоларгача таҳлил қилинди ва ечимлари кўрсатиб берилди.

Шунингдек, таҳлилларга асосланиб, фуқароларни рози қилишда бир қатор камчиликларга йўл қўйилаётганига кескин муносабат ҳам билдирилди.

Хусусан, Президентимиз томонидан аҳолининг дарду ташвишларини эшитиб, одамларга шароит яратиб бериш раҳбарларнинг ҳамда тегишли идораларнинг асосий вазифаси бўлгани ҳолда, охирги пайтларда айрим тузилмалар, хусусан, Халқ қабулхоналари аҳоли дардини эшитиб, масалаларни ҳал қилиш ўрнига, мурожаатларни давлат ташкилотларига тақсимловчи воситачига айланиб қолганига эътибор қаратилди.

Юртбошимиз ана шундай лоқайдликларга тўхталиб, “Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири, унинг дарди ва умиди турганини унутмаслигимиз керак. Халқнинг дарди билан яшаш биз учун мажбурият, – дея таъкидладилар.

Айни пайтда Маданият вазирлиги тасарруфида 1 та агентлик, 7 та марказ, 5 та санъат саройи, 2 та дирекция, 41 та давлат театри, 8 та ОТМ, 325 та болалар мусиқа ва санъат мактаби, 29 та ихтисослаштирилган таълим муассасаи, 837 та маданият маркази, 147 та махсус кўзи ожизлар кутубхонаси, 3 та кинотеатрдан иборат 1500 га яқин ташкилот ва муасасалар бўлиб, уларда 40 мингга яқин киши фаолият юритмоқдаки, юқоридаги фикрлардан шахсан ўзим учун тегишли хулосалар чиқардим. 

Йиғилишда, бугунги глобаллашув даврида ҳар бир вазирлик, ҳар бир вилоят, шаҳар ва ва туман ўзининг узоқ муддатли дастурлари, стратегик режаларини ишлаб чиқиши зарурлиги ҳам бежиз таъкидланмади. Зеро, Президент таъбири билан айтганда бугун аксарият тармоқ ташкилотлари “кунлик топшириқлар ижроси билан овора, холос.” Бу эса узоқ муддатли стратегик режаларни амалга оширишга салбий таъсир қилмоқда.

Шундан келиб чиқиб, йиғилишда Президентимиз туман бўғини самарали ишламаса, юқоридан қандай топшириқ туширилмасин, кўзланган мақсадларга эришиб бўлмайди, – дедилар. 

Давлатимиз раҳбари ушбу йўналишда муҳим ташаббусларни ҳам илгари сурдилар: энди туманларда ёндашув ҳам, бошқарув тизими ҳам ўзгаради, иқтисодиёт ва молия, инвестиция, қишлоқ хўжалиги, бандлик, қурилиш, экология, маданият, оила ва хотин-қизлар, ёшлар масалалари бўйича 9 та давлат идорасининг туман бўлими ҳокимлик тизимига ўтади, ҳоким ва унинг ўринбосарлари самарадорлик кўрсаткичларини тўлиқ бажарса, кейинги йил ҳудудга бериладиган маблағ 10-15 фоиз кўпайтирилади, акси бўлса, маблағ оширилмайди.

Бугун дунёда қандай қалтис вазият бўлишига қарамасдан биз ўз танлаган йўлимиздан, ўзига хос бошқарув тизимимиздан оғишмай ҳаракат қилаётганимиз келажак авлоднинг бахти ва камолоти учун, албатта.

Биламизки, глобаллашув даврида миллий қадриятлар, аъаналар, бутун бошли миллат белгиси ҳисобланмиш айрим тилларнинг йўқолиб кетаётганига гувоҳ бўляпмиз. Аммо Янги Ўзбекистонда, аксинча, халқимизнинг қадимий анаъана ва урф-одатларини келажак авлодга етказишдек шарафли ишга шахсан давлат раҳбари етакчилик қилаётгани бу халқимизнинг бахтли халқ эканини кўрсатади.

Бир сўз билан айтганда, Давлатимиз раҳбари кўтарган ва чуқур таҳлил қилинган масала ва муаммолар замирида фуқароларни рози қилиш мақсади мужассам эканини таъкидлаш жоиз. Аммо бугунги вазият ислоҳотларни жадаллаштиришни тақозо этяпти. Йиғилишда энди эскича ишлаб бўлмаслиги, мутасаддилар, масъуллару, ҳокимлар ана шу талабни ҳис этишлари шартлиги қатъий белгиланди. Бу талабга кўнмаганлар ёки имкониятдан фойдаланмаганлар эса кескин огоҳлантирилди ва улар учун ниҳоятда қисқа муддат белгиланди.