Эсимни танибманки, байрамлар маҳалла-кўй, қавм-қариндошлар ва бошқа яқин кишилар ўртасидаги оқибат анъанаси сифатида намоён бўлган. Айниқса, рамазон ва қурбон ҳайитлари ёлғиз кексалар, беморлар ҳолидан хабар олиш, йўқсуллар бошини силаш, ночор оилаларга меҳр-мурувват кўрсатиш каби эзгу амаллар билан ўтган. Бу кун шу оилалар учун чинакам байрам бўларди.
Ҳанузгача эслайман, отам раҳматли узоқ йиллар бетоб бўлганларида ҳайит намозидан қайтаётган маҳалладошлар, узоқ-яқиндаги қариндошларимиз у кишининг ҳолидан хабар олиш учун хонадонимизга киришарди. Тўшакка михланиб, дўсту, яқиннинг суҳбатига интизор бир киши учун бу нақадар катта қувонч бахш этганини кўриб, ҳис этиб турардим.
Саховатли инсон тушунадики, ўзгаларга қувонч бахш этиш кишига ҳузур, ҳаётдан ризолик ва сурур бағишлайди. Бир инсонга мурувват кўрсатсангиз, бу ишдан ўзингиз кўпроқ лаззатланасиз.
Муборак динимизда ҳам ота-онага, беморлар, етим-есимлар ва ночорларга мурувват кўрсатишнинг қиймати юксакдир. Ҳаттоки, бир етим бошини силашнинг савоби ҳақида, ота-онанинг розилиги билан жаннатга эришиш мумкинлиги тўғрисида ривоятлар бор.
Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 30 май куни эълон қилинган “Муборак Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарорига биноан ушбу муборак айёмда азалий қадриятларимизнинг бардавомлиги, барҳаётлиги учун янада қулай шароитлар яратиб берилмоқда.
Унда аҳоли учун қўшимча дам олиш кунлари белгиланиб, маҳаллий ҳокимликлар ва бошқа мутасадди идораларга Қурбон ҳайитини халқимизнинг миллий анъана ва урф-одатларига уйғун ҳолда ўтказиш бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш вазифаси ҳам юклатилди.
Биламизки, эзгу ишлар элни бирлаштиради, ёш авлодни комил инсон бўлиб улғайиши учун чинакам ибрат, тарбия вазифасини ўтайди. Аслида бир кўчат экиш ҳам, беҳуда оқиб турган сувнинг жўмрагини ёпиб қўйиш ҳам, йўлда ётган тошни четга суриш ҳам, бировга ширин муомала қилиш ҳам эзгу ишдир.
Ота фарзанди билан бемор қўшнисининг ҳолидан хабар олса, ака-ука, опа-сингилларини йўқлаб борса, қанчалар самарали тарбия эканини тасаввур қилиш қийин эмас.
Яна бир гап: тинчлик дини бўлмиш исломда дуонинг аҳамияти жуда юксак баҳоланади. Аждодларимиз дуони бахтга, камолга элтувчи восита сифатида қадрларганлар. Фарзандини машаққат билан улғайтириб, бугун кексалик чоғида эътиборга интиқ ота-онанинг, меҳрга зор етимнинг, ҳолинг не деган бир оғиз илиқ сўзга муҳтож беморнинг дуоси инсонга не бахтлар ато этгусидир.
Ҳар бир дуода юрт тинчлиги, эл омонлиги, тўкинлик ва фаровонлик, фарзандлар бахту камоли мужассамдир. Шунча давлатни қўлдан бой берманг, дуо олинг!
Абдумуталлиб ЎКТАМОВ,
журналист.