Ҳаёт фақат тўю, томошадан иборат эмас!

Ҳаёт фақат тўю, томошадан иборат эмас!

БМТнинг Халқаро миграция ташкилоти 2024 йил якунида дунёдаги жами муҳожирлар сони 281 миллиондан ошганини эълон қилди. Бу дунё аҳолисининг 3,6 фоизи ўзга юртларда меҳнат қиляпти, деганидир.

Қайд этилишича, сўнгги 50 йилда мигрантлар сони уч бараварга кўпайган. Уларнинг асосий қисми ишсизлик, маиший муаммолар ва сифатли таълим излаб ўз юртларини тарк этишган. 

Афсуски, мигрантлар муаммоси Ўзбекистон учун ҳам бегона эмас. 2025 йил бошида 1,35 миллиондан ортиқ юртдошимизнинг хорижда ишлаётгани маълум қилинган эди. Таҳлилчиларнинг фикрича, бу ўтган йилгига нисбатан 34 фоизга камдир. Хусусан, Россияда меҳнат қилаётганлар сони 1,7 баробарга камайган. Шу ўринда хорижда меҳнат қилаётганларнинг ҳаммасини ҳам ёлланма ишчи деб бўлмайди. Аммо асосий қисми мусофир юртларда қора ишчи сифатида ишлаётгани аччиқ ҳақиқат.

Тўғри, яхши маош ва қулай яшаш шароитларга эга бўлганлар ўз ҳолларидан мамнун. Аммо оғир шароитларда меҳнат қилиб уйига пул жўнатаётганлар ҳақида бундай фикр билдириб бўлмайди. Энг ёмони, узоқ вақт қора ишларда пул топаётган ватандошларимиз уйларига соғлиқларида жиддий муаммолар билан қайтишяпти.  

Меҳнат муҳожирлари ва уларнинг енгил бўлмаган ҳаёти ҳақида гап кетганида юрагимизга оғриқ берадиган бир маълумотни келтиришга мажбурмиз: 2024 йили хорижда 483 нафар миллатдошимиз турли ҳолатларда ҳаётдан кўз юмди. Бу бутун жамият учун, халқимиз учун катта қайғу, албатта. 

Шу ўринда мусофирликнинг ягона сабаби Ўзбекистонда иш йўқлиги, ёки катта даромадли иш ўринлари яратилмаётгани эмаслигини таъкидлаш жоиз. Эътибор беринг: Россияда ўтказилган ижтимоий сўровномалар натижасида мигрантларнинг 57 фоизи уй, машина олиш учун ишлаётганини билдирган бўлса, 22  фоизи айнан тўй қилиб, қарздор бўлиб қолгани сабаб хорижда ишлашга мажбурлигини айтган. Сўровномада ҳатто бирон сўз айтолмай йиғлаганлар ҳам борлиги қайд этилган... Бу ҳар қандай юракни эзади, албатта. 

Биргина ҳою, ҳавасни деб фарзандини туғилишидан тортиб, тетапоя бўлгунича, илк сўзларини айтганини эшитмай мусофирликда умр кечираётганларга қараб туриб, ўйланиб қоласан: Наҳотки, қўллари қавариб оғир ишларда ишласаю, йиллаб йиққанини битта тўйга сарфласа... Шунга мажбурми инсон?

Ахир шу пулни бошқа бир иш учун сармоя қилиш ҳам мумкин эдику!

Шулар ҳақида ўйларканман, профессор Шерзодхон Қудратхўжанинг ўз ижтимоий саҳифасида ёзиб қолдирган фикрларини келтириш ўринли деб ўйладим:
“Яқинда бир видео кўрдим. Унда ватандошларимиз бўлмиш Самарқандликлар олис Америкага йўл олганларида бир йигитни Мексика жунглиларида йиртқич ҳайвонлар, яна бирини эса заҳарли илон чақиб ўлдирибди.

Яна бирининг эса хотинини маҳаллий аборигенлар куч билан олиб қолишибди. Бошқаси тимсоҳ тўла дарёдан ўтаётиб, кемаси билан ғарқ бўлибди. Ўша одам Самарқанднинг Сиёб бозоридаги яхшигина даромад берадиган дўкони ва яшаб турган уйини сотиб Америкага йўл олган экан. Яна бири уй-жойи ва 2000 доллар даромад келтирадиган бизнесини сотиб, Америкага равона бўлибди. Бироқ, на тилни биларкан, на элни... 

Кеча изоҳлар орасида бир гап эътиборимни тортди: “...Болаларимизнинг ўзга юртларда мардикор бўлиб юришига — оналарнинг нафси сабаб бўляпти. Оталарининг орзу-ҳаваси сабаб бўляпти! 5-6 та бола туғдириб, улар мактабни битириши билан: бор Россияга, бошқа давлатга бор, ишла, пул топиб кел! 500-1000 кишилик тўй қиламиз! Иркутскда ишлайдиган қўшнимиздан сенинг нима каминг бор, дейишлари сабаб бўляпти... 

Баъзи оналарнинг нафси шаталоқ отгани қандай оқибатларга олиб келаётганини қаранг? Самарқанд тўйларида, фотиҳа деб аталмиш ҳинд рожаларининг тўйларидан ҳам дабдабалироқ маросимларни кўриб, доим ҳайратланаман. Эрталабки минг-минг кишилик наҳорги ошларни кўриб ҳайратланаман. Нима дея оламан?! Исрофгарчилик ва увол... Увол.  

Менимча, Америка ва Япония бойлари ҳам бунчалик ҳашамдор тўй қилмасалар керак. Минг афсуски, минг-минглаб йигитларимиз чек-чегараси йўқ орзу-ҳавасларни рўёбга чиқариш учун энг навқирон йилларини ўзга юртларда оғир юмушларни бажариш билан ўтказишяпти. 

Кўпчилигимиз эса энг зўр томошабинмиз... Топганинг тўйларга буюрсин, деб яна дуо ҳам қилиб қўямиз... Баъзан йигит уйланадию, чилласи чиқмай туриб, ёш келинчакни қолдириб, ўзи яна ҳақиқий қулликка кетади. Йиллар ўтади, қизлар-ўғиллар отани кўрмай улғаяди. Ота тарбиясини олмай…

Энди дўстлар, бир сидра тўйдик, бойидик, бўлди! Балки ўзимизга тўхта, дейиш вақти келгандир, боланинг сонига эмас сифатига, билимига, тарбиясига эътибор бериш вақти келгандир. Мен ўзбекман, ўзимга бекман, дейишдан тўхташ вақти келгандир?!

Қачон Ўзбекистон ҳеч кимга қарам бўлмайди? Қачонки у ва унинг аҳолиси ҳуқуқий, онги баланд, билимли, маданиятли бўлса, шунда биз ўзга давлатларга мардикор эмас, турист бўлиб борамиз. Бугун бутун дунё бўйича туғилиш кўрсаткичлари йилдан-йилга камаяётган бир пайтда, бизда йилига туғилиш 1 млн кишини кўрсатмоқда. Бундай кескин кўпайиш Ҳиндистон ва Хитойни бирга ҳисоблаганда 3 миллиардлик аҳолига нисбатан пропорцияда ҳам юқори кўрсаткич.

Дўстлар, оз бўлсин, соз бўлсин!

Университет ректор сифатида айтаман, мен учун йилнинг 12 ойи ичида энг азоблиси сентябрь ойи. Нега? Ҳар йили университетимизга мингдан ортиқ ёшлар ўқишга қабул қилинади. Уларнинг маълум қисмини Талабалар турар жойига жойлаштирамиз, қолганларини ижара хонадонларига жойлашишлари учун ёрдам берамиз. Улар билан 1 ҳафта – 10 кун дарс ўтмаймиз. Улар билан суҳбатлашамиз, муаммо-масалаларини эшитамиз.

Яъни, уларни ҳудудга, муҳитга мослаштирамиз. Бахтга қарши, ёшларимизнинг кўпи оддий гигиенага риоя қилмайдилар. Ҳатто айримларига ҳожатхонадан тартиб билан фойдаланишни ҳам ўргатамиз. Чиқиндини қаерга ташлашни ҳам... Чунки эртага болаларимиз нотозалик пайдо қилишганидан кўра, уят бўлса, буни уларга ўргатганимиз маъқул.

Бундай озодалик дарсларидан кейин асосий таълимга ўтамиз: Қодирийни биласизми деймиз? Энг кичик вилоятимиз қайси деймиз? Улар жавдираган кўзлари билан бизга қараб лом-лим дейишмайди. Ота-онангиз ўргатмаганми, десак ерга қарашади. Уларга, ҳатто, салом бериш одобини ўргатамиз. Энди яхши тарбия олишганида эса ўқув юртни тамомлаб кетишади.

Шунда ўйлаб қоламан. Ана шундай болаларнинг ота-оналари шу пайтгача нима билан машғул бўлишган экан? Баъзилар университетга келиб, оиламда контракт асосида ўқийдиган 3 нафар фарзандим бор, ёрдам беринг, дейди. Уларга давлат ёрдам беради. Биз ҳам четда қараб турмаймиз. Лекин нега улар фарзандлар оралиғини режалаштиришмаган!? Бу ҳолат фақат бизда эмас. Бу ҳолат ҳамма олий таълим муассасаларида кузатилади. 

Бу аччиқ ўйлар, лекин буни қачондир гапиришимиз керак. Бизнинг оналар қўлларини мобил телефондан олиб, болаларига миллат учун Қодирий кимлигини, Алпомиш кимлигини, Барчиной кимлигини айтиши, аллаларда куйлаб беришлари керак. Оталар ўзга юртда “геройлик” қилмасдан, фарзандларига Мангуберди ва Бобур кимлигини гапириб беришлари керак.  Ана шунда биз ҳеч кимга қарам бўлмаймиз.!

Бу қуёшли ўлкамиз, бахтга қарши, геосиёсий жиҳатдан жуда ноқулай жойда жойлашгани ҳаммага маълум. Денгизга чиқиш йўлларимиз йўқ. Сув танқислиги йилдан-йилга кўпроқ билиняпти. Кейинги йилларда эса чанг-тўзон ҳам кўтариляпти.

Яҳудий миллатига мансуб одамларнинг бир яхши одати бор. Ҳар шанба куни улар барча дунёвий, ижтимоий ишларини, масала-муаммоларини четга суриб, гаджетларни ўчириб, ташқи оламдан бир кунга узилиб, оила даврасида ўтириб гаплашишади. Шунчаки, дилдан, табиий, жонли суҳбат қуришади. Ота-она фарзандини эшитади, унинг режаларига, мақсадларига қулоқ солади, тавсия, ёрдамлар беришади. Оилада ота-она ва фарзанд бир-бирини эшитса, тушунса, шу жамият ривожланади, ўсади, юксалади.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси футболда тарихда биринчи марта шундай  ғалабага эришиб, мундиалга чиқди. Миллат ғурури кўкка кўтарилди. Биз буни 112 йил кутгандик. 112 йил! Энди, оғайнилар, ғалаба қозондик, орзуни рўёбга чиқардик, баралла мадҳ этиб, байрам қилиб нишонладик. Энди ўйинни тугатиб чиқётганда шу стадионларни ҳам тоза-озода қилиб, ўзимиздан кейин тартибли қилиб қолдирайлик. Ўзимиздан кейин тозалашни ўрганайлик! Ўзбеклар бутун дунёга ўзининг тарбияси ва одоби билан маълум ва машҳур. Бу миллатимизни бренд қилиш йўлидаги асосий фактор!

Нега одамлар тинимсиз ва тўхтовсиз Америкага ошиқадилар? Чунки Америкада қонун устувор. Биз ҳам Янги Ўзбекистон қурарканмиз, қонун устуворлигини таъминлашимиз керак. Қонун устувор бўлса, барака бўлади.

Бизда медиа ва оммавий ахборот воситаларида ҳам, психологларимиз ҳам, кўп педагог, мотиваторларимиз ҳам ўзимизда бойишни кўп йўлларини ўргатишлари керак.
Биз ғурурли миллатмиз. Дўппимиз ерга тушса, пул бериб олдирган миллатмиз. Лекин, нафс қули бўлиб қолмаслигимиз керак. Ҳатто ота-оналаримизнинг орзу-ҳаваслари қули ҳам бўлмайлик. Ғурурумиз, оримиз, ўзбеклигимиз нафсимиздан баланд турсин!

Ўзбекистонда ҳеч ким очдан ўлмаган. Қадр-қимматимиз қандайлигини Амир Темур бобомиз айтиб кетган. Динимизни билишни Бухорий ва Термизий ўргатиб кетган. Ҳеч қайси арабдан кам жойимиз йўқ. Ўзбекистон давлатчилиги тарихи Чин ё Рус империялари тарихидан кам эмас. Фақат буни биз билмаяпмиз, унутдик. Бугунги нурафшон кунимиз учун Қодирий-у, Фитрат қони билан хун тўлаган. Буниям билмаяпмиз, афсуски. Ожизлигимиз эса бидъат-хурофотда, ким ўзарда... Бизни, афсуски, фақат ошга бориш бирлаштиради.

Бугун уникал даврда яшаяпмиз. Бутун дунё бугун яна бир бор Ўзбек келаётганига гувоҳ бўлмоқда. Уйғонайлик, дўстлар, энди!

Бу постимни ота-оналар ҳам, фарзандлари ҳам ўқишларига тавсия қиламан.” Беҳбудий бобомиз куюниб ўтди, жадидларимиз миллат юксалишининг ягона йўли илм эканини ҳар сўзида такрорлашди.

Аммо афсуски, биз ҳали ҳануз нафс балосини енгиб ўтолмадик. Бу масалада жар ёқасидамиз. Ҳатто мактабда кўпчилик ўқувчи-қизлар қайси олийгоҳда ўқиш ҳақида эмас, маҳрга нима сўрашни муҳокама қилишяпти. Йигитларимиз бирор ҳунар ўрганиш ўрнига паспорт олишлари биланоқ мигрантликни ихтиёр қилишяпти. 

Нега? 

Чунки бу масалада рўйи-рост ўрнак бўлаётган оиланинг катталари бор! Уларнинг фарзанди келажаги билан боғлиқ режаси битта: Россияга  ёки Америкага бориб кўпроқ пул ишлаб келиб, ҳовли сотиб олса, машина минса, элу овоза қилиб тўй қилса...

Қиз фарзанди бўлса, ана шундай шароити бор йигитга узатса, тамом...

Қачон уйғонамиз ахир...