Ўзбекистонлик ёшлар қайси давлатларда ўқишни танламоқда?

Ўзбекистонлик ёшлар қайси давлатларда ўқишни танламоқда?

 

Ўзбекистонлик ёшлар қайси давлатларда ўқишни танламоқда?

 Ўзбекистонлик ёшлар учун чет элда таълим олиш — бу нафақат шахсий орзу, балки глобал имкониятлар эшигини очувчи йўлдир. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг январь–август ойларида 20,7 минг нафар Ўзбекистон фуқароси ўқиш мақсадида хорижга сафар қилган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қарийб 5,1 минг нафарга камайган бўлса-да, чет элда ўқишга қизиқиш ҳануз юқори даражада сақланиб қолмоқда.

 Рақамлар шуни кўрсатадики, энг катта оқим Россия, Тожикистон ва Қирғизистон томон йўналтирилган. Бу тенденсия, аввало, географик яқинлик, тил муҳитининг ўхшашлиги ҳамда таълим тизимига киришнинг нисбатан қулайлиги билан изоҳланади.

 Туркия, Хитой ва Малайзия каби давлатларнинг танланиши эса асосан “арзон ва қулай таълим модели” билан боғлиқ. Бу мамлакатларда таълим тизими нисбатан мослашувчан бўлиб, грант дастурлари ва контракт тўловларининг пастлиги ўзбекистонлик талабалар учун муҳим омилга айланган. Шунингдек, бу давлатлар халқаро талабалар учун кенг қамровли дастурлар ва инглиз тилидаги таълим имкониятларини таклиф этиши билан ҳам ажралиб туради.

 Буюк Британия, АҚШ ва Германия каби давлатлар эса асосан “престиж ва глобал капитал” омили билан ажралиб туради. Бу йўналишларни танлаган талабалар учун асосий мақсад — халқаро даражадаги таълим сифати, глобал иш бозорига чиқиш имконияти ва кучли академик муҳитда тажриба орттиришдир. келажакдаги карера имкониятларини ҳам белгиловчи омил сифатида қаралади.

 Хорижий та’лимни танлаётган ўзбекистонликлар орасида қайси йўналишларга талаб юқори?

 Сўнгги йилларда IТ ва компютер фанлари энг тез ўсаётган йўналишлардан бири бўлиб, айниқса Малайзия, Жанубий Корея, Польша, Канада ва Германия каби давлатларда сунъий интеллект, киберхавфсизлик ва дата аналитика бўйича кенг имкониятлар мавжуд.

 Тиббиёт соҳаси эса анъанавий равишда талаб юқори йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда. Украина, Венгрия, Россия ва Қозоғистонда тиббиёт таълими барқарор ва кенг қамровли дастурлар билан ажралиб туради.

 Бизнес ва менежмент йўналиши глобал бозордаги универсал касбларга йўналтирилганлиги сабабли Англия, Туркия ва БААда энг оммабоп танловлардан бири ҳисобланади. Шу билан бирга, дизайн ва мультимедиа каби креатив соҳалар ҳам сезиларли ўсиш кўрсатмоқда, бу эса янги авлоднинг ижодий иқтисодиётга қизиқиши ортиб бораётганини кўрсатади.

 Халқаро муносабатлар ва ҳуқуқ йўналишларига қизиқиш глобал интеграция жараёнлари билан бевосита боғлиқ. Педагогика эса айниқса Финландия ва Корея тажрибаси асосида инновацион таълимга йўналтирилмоқда. Муҳандислик ва технологиялар Хитой ва Германияда саноат ва ишлаб чиқариш соҳаларидаги кучли базаси билан ажралиб туради.

 2025 йилнинг январь–август ойларида ўзбекистонлик ёшларнинг чет элда ўқишга чиқиш кўрсаткичида бироз пасайиш кузатилмоқда. Бунга бир қанча омиллар сабаб бўлмоқда. Хусусан, хорижда ўқиш харажатлари ошгани, айрим давлатларда таълим визалари олиш мураккаблашгани, ҳужжат топшириш муддатлари чўзилгани ҳам талабалар оқимини секинлаштирган.

 Ички имкониятларнинг кенгайиши — яъни Ўзбекистонда халқаро ҳамкорликдаги филиаллар, қўшма дастурлар ва инглиз тилида ўқитиладиган йўналишлар сони ортгани сабабли кўплаб ёшлар олий та’лимни ўз юртида олишни афзал кўрмоқда.

 Бугунги кунда ўзбекистонлик ёшларнинг чет элда таълим олишга бўлган қизиқиши — бу глобал фикрлаш, янги тажриба орттириш ва халқаро меҳнат бозорида рақобатбардош бўлиш истагининг ифодасидир. Рақамлар бироз пасайган бўлса-да, бу жараённинг тўхтаганини эмас, балки сифат жиҳатдан ўзгараётганини кўрсатади.

 Мафтуна Муҳиддинова