Ўз жаллодига хат ёзган шоир… Усмон Носир эди!
«Ўлигим ҳам сизни боқади...»
1957 йилнинг апрели ойи. Тошкент.
Усмон Носирнинг онаси Холамбибининг қўлига СССР Олий судидан бир хат тутқазишади. Унда бор йўғи «Носиров У. вафотидан сўнг оқланди», деган жумла ёзилган эди. Бу жумла онанинг йигирма йиллик зардобга тўла умидини бир зумда чил-чил қилди. Орадан кўп ўтмай, Ёзувчилар уюшмасидан келган вакил унинг қўлига 6 минг рубль тутқазади. Онахон қоғоз пулларга термулганча унсиз йиғлайди. Хотирасида эса 1930 йилларнинг ўртасидаги ўша кун жонланади: Усмон уйга дўстлари билан кириб келган, рўзғор ночорлигидан она биттагина олтин узугини сотиб, ўғлининг улфатларига сигарета олиб беришга мажбур бўлган эди. Шунда 24 ёшли шоир онасининг кўзларига тик қараб, шундай деганди: «Ая, ҳеч уялманг, қарз узиладиган нарса. Ҳали вақт келадики, менинг ўлигим ҳам сизни боқади»...
Усмон Носир — шунчаки истеъдод эмас, адабий инқилоб. Адабиётшунослар ёзганидек, унинг буюклиги шахсига бўлган ҳамдардликда эмас, балки у яратган ўта шиддатли поэтик техникададир. Ўзбек шеърияти асрлар давомида аруз ёки бармоқнинг маълум қолипларига ўрганиб қолган бир пайтда, у ўзбек тилига русчадаги тоник (урғу) тизимининг шиддатини олиб кирди. Унинг таржимонлик маҳорати шунчаки сўз ўгириш эмас, балки вазнлараро мулоқот эди: Лермонтов ёки Пушкиннинг русча оҳангини ўзбекча бармоқ вазнига шундай сингдирдики, ўзбек шеъриятида янги бир мусиқийлик ва экспрессия пайдо бўлди. Шу сабабли ҳам 25 ёшли йигитча Ойбек ва Ғафур Ғуломдек устозлар даврида «қуёш» деб аталди — у тилнинг имкониятларини кенгайтириб, ёш авлод (Шуҳрат, Шукрулло, Туроб Тўла) учун бутун бир ижодий мактаб яратиб берди.
«Нил ва Рим»
Антик давр ниқобидаги башорат шоирнинг кичик лиро-трагик достон сифатида эътироф этилган «Нил ва Рим» асари шунчаки тарихий хотира эмас, балки даҳо руҳининг келажак билан тўқнашувидир.
Лампам ёнур...
Яраланган қанотдек оғир ўй босади.
Юрагимда гўё сел ёғир.
Қийналаман. Тиришаман. Ҳушим паришон,
Ўтмиш, ҳозир ва келажак кўринур ҳар он.
Достонда Клеопатра давридаги муҳташам пирамидаларни қурган оч ва бахтсиз қуллар тасвири — бу шоирнинг сталинизм даври учун ишлатган метафорик қалқони эди. Усмон Носир антик давр аслзодаларининг оч қуллар устидан кулишини тасвирлар экан, аслида 30-йилларнинг «қизил империяси»даги мажбурий меҳнат, завод ва каналларда қирилиб кетаётган миллионлаб замондошларининг фожиасига ишора қилади.
Қуллар... (Менман у қулларнинг ўлмас авлоди, Мана менман, у қулларнинг ҳеч сўнмас ёди. Мана менман, фалакларга лов-лов ўт қўйиб, Оталарим бошларидан пойдевор ўйиб, Озодлигим обидасин қурган инсонман! Ўша жонман, ўша қонман ва ўша шонман!) Лирик қаҳрамон ўзини «ўша қулларнинг авлоди» деб эълон қилади. Бу шунчаки насл-насаб масаласи эмас, балки эркин ижодкорнинг мустабид тузум қули эканини тан олиши ва бу қисматдан қочиб бўлмаслигини англашидир. Орадан йиллар ўтиб, шоирнинг ўзи Сибир музликларида худди ўша достондаги қуллар каби меҳнат лагерига ташлангани – бу даҳо кўнглининг нақадар мудҳиш мантиқий башорати эди.
«Сиртмоқ» тантанаси
Усмон Носир чўққига чиққан лаҳзалар. Адабий фаолиятининг 10 йиллиги мисли кўрилмаган дабдаба билан нишонланмоқда. Сталин кўчасидаги 47-уйда бўлиб ўтган юбилейда залга одамлар сиғмай кетган, барча шу ерда. Газеталар уни «Ўзбек Лермонтови» деб шарафлайди. Аммо Наим Каримовнинг «Усмон Носирнинг сўнгги кунлари» асарида келтирилган архив ҳужжатларида бошқачароқ ҳақиқат айтилган. Яъни бу тантана аслида «жаллодлар репетицияси»дан ўзга нарса эмасди. Залда қарсак чалаётганларнинг чўнтагида шоир устидан ёзилган қора чақувлар пишиб етилар, олқишлар садоси остида хиёнат режалари тузиларди. Тизимга «итоаткор» манқуртлар керак эди, «Итоат эт!» деб фақат ўз юрагига буйруқ берадиган шоир эса хавф манбаи сифатида кўрилган. Усмон Носирнинг Москвада таҳсил олгани, жаҳон классикасини ўзбекча сўзлатиб, миллат дидини юксалтиргани жаллодлар наздида «айб»га айланди. Уни классикларни таржима қилиш ниқобида «ёшларни миллатчилик руҳида тарбиялаш»да айблаб, сиртмоқни тайёрлаб қўйишди. Орадан бир неча ой ўтиб, 12 июль куни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раёсатининг навбатдан ташқари йиғилишида шоир кутилмаганда аъзоликдан чиқарилди. 1937 йилнинг 13 июли, ҳибс куни.
НКВД ходими уни олиб кетаётганда онасининг фарёдига жавобан шоир: «Ўлсанг ўлавер!» деб бақиради. Бу сўзлар бемеҳрлик эмас, балки шоирнинг яқинларини асраб қолиш учун қўллаган сўнгги мантиқий қалқонидир. Усмон Носир «халқ душмани» тамғаси билан кетаётганини англаб, онасини бу балодан қутқариш мақсадида у билан ўртада «совуқ девор» тиклайди. Ўзини яқинларидан руҳан узиб ташлаш орқали уларни сургун ва тазйиқлардан сақлаб қолишга уринади. Бу унинг онасига айтган энг даҳшатли, аммо энг шафқатли ёлғони сифатида тарихда қолди.
Қамоқхона, адоқсиз азоблар...
Тошкентдаги ички қамоқхонанинг зах ертўлалари шоирнинг даҳо руҳини кундан-кун еб битира бошлади. 1938 йилнинг 5 октябрида унинг устидан 10 йиллик қамоқ ҳукми ўқилди. Аммо шоир учун энг оғир синов жисмоний қийноқлар эмас, балки руҳий синдиришлар бўлди. 1938 йилнинг 14 октябрь санасида ҳибсхона назоратчиси Проскуринга топширилган махфий рапорт даҳо руҳининг қанчалик аёвсиз эзилганини фош этди. Усмон Носир ўз камерасида ҳайқириб, бор асоссиз айбларни бўйнига олишини, ўзини «ёлғончи» деб аташини айтиб, 12 банддан иборат мантиқсиз айбловлар рўйхатини ўз қўли билан тузиб берди. Тақдирнинг аччиқ истеҳзосини кўрингки, шоирни узоқ Магадандаги чексиз совуқликларга, тошлоқ қирғоқларга сургун қилишди. У ерда ҳатто қоғоз ва қаламдан маҳрум қилинган паллада ҳам, шеър битишдан тўхтамади. Айнан ўша ерда у ўзига хиёнат қилган, Тошкентдалигида пальтосини сўраб борган синглиси Роҳатхонга эшик очмай, «Халқ душманининг синглиси билан гаплашмайман!» дея ҳайдаган собиқ дўсти Иброҳим Назир (Назирий) билан бир лагерда учрашиб қолди (Н. Рашидова, «Усмон Носир: Мен ҳаётга қайтишим керак...» мақоласи ва Н. Каримов тадқиқотлари асосида). Шоирнинг буюклиги шундаки, у барча хиёнатларни мардларча кечирди, бироқ сафдошларининг бу каби сотқинлиги унинг руҳини Сибир музидан-да қаттиқроқ жароҳатлаган эди.
Мантиқсиз айблов ва «жаллод»га мактуб
Усмон Носир нима учун қамалганини охиригача англай олмади. У ўзини миллатнинг, ватаннинг фидойиси деб билар, ҳатто қамоқнинг зах ертўласида ҳам адолатга ишонарди. Унинг Сталин номига ёзган мактублари нақадар фожиали: «Мен ҳали ёшман, менда айб йўқ... Мен халқимга ҳали кўп хизмат қилишим керак!» Шоир ўзини қамаётган тизимга, ўзини ўлдираётган «доҳий»га нажот сўраб хат ёзар экан, бу ўша давр зиёлиларининг энг катта ва аччиқ фожиаси эди. Улар жаллодини қутқарувчи деб билди. Унинг Магадан лагеридаги азоблари эса ҳар қандай тасаввурдан ташқарида эди. Уни энг оғир ишларга – тош ташиш, ўрмон кесишга жўнатишди. Қўллари шишиб, бармоқлари қонаб кетса-да, у тилла топса бўладиган дарё қирғоқларида, қор устида таёқча билан шеър битарди. Унинг учун ёзиш — нафас олишдек гап эди. Айрим манбаларда Усмон Носир лагерда ҳам ўзбек маҳбуслари учун шеърий мактублар битиб бергани айтилади. Унинг тишлари тўкилиб, сочлари оқариб кетган, 30 ёшли йигит 70 ёшли чолга айланган бўлса-да, кўзларидаги ўша «чақмоқ» сўнмаган эди. У ҳатто қоғоз тополмаганидан чекиш учун бериладиган қоғоз парчалари (мохорка) устига достонлар ёзган. Бу қўлёзмаларнинг аксарияти лагер маъмурлари томонидан печларда ёқиб юборилган. Бизгача эса у даврдан азобларнинг овозаларигина етиб келган.
Манбаларда ёзилишича, 1941 йили оғир хаста ва мажруҳ ҳолда Усмон Носир Кемерово вилоятидаги мудҳиш Сиблаг (Сибир меҳнат-тузатув лагерлари) тизимига қарашли Мариинск лагерига олиб келинади. 1943 йилнинг ёзида врач Булский бошчилигидаги комиссия шоирнинг сўнгги суратини ҳужжатга муҳрлади: «Юзи заъфарон, кўз халқоблари осилган, ёғ қатлами деярли йўқолган, мушаклари қовжираган…Ташхис: даволаб бўлмайдиган оғир хасталикка йўлиққан. Меҳнатга яроқсиз.»
Шу йилнинг 13 сентябрида Сиблаг раҳбарияти шоирнинг ҳолатини ҳисобга олиб, Кемерово вилояти суди раисига хат йўллаб, уни озод қилишни сўрайди. Бироқ раис 9 декабрда бу сўнгги умид устига қонли чизиқ тортди: «Террористик ташкилот қатнашчиси сифатида қамалгани учун озод қилиниши мумкин эмас.»
1944 йил. Сибирнинг қаҳратон қиши. Магадан чеккасидаги номсиз қабрлардан бирига 32 ёшли Усмон Носир қўйилади. Уни маҳаллий аҳоли вакили Анатолий Сирота қабрга қўяди. Шоир сўнгги нафасигача оқланишини, она юртига қайтишини кутган. Бироқ уни айбсиз деб топиб, оқлаш ҳақидаги хулосага қўл қўйишганида, шоирнинг жонсиз танаси аллақачон музлаган тупроққа сингиб кетган эди...
Азизбек Тошқораев
журналист





