Сталинизм ўқи ёки ўлимидан кейин 22 йил ўтиб, оқланган Санжар Сиддиқ ким эди?

Сталинизм ўқи ёки ўлимидан кейин 22 йил ўтиб, оқланган Санжар Сиддиқ ким эди?

Сталинизм ўқи ёки ўлимидан кейин  

22 йил ўтиб, оқланган Санжар Сиддиқ ким эди?

 

Миллий адабиётимизнинг муҳим йўналишида биринчи бўлиб «Адабий таржима санъати» илмий монографиясини ёзган таржимон, ёзувчи ва таниқли журналист тақдири 20 дақиқада ҳал қилиниб, асоссиз айбловлар билан отувга ҳукм қилингани ҳақида ўқиганмисиз?

 Бу инсон қўллари кишанланган ҳолда 2 ёшли қизчаси билан хайрлашаётиб, унсиз йиғлаган, аммо ҳар қанча оғир бўлмасин, фарзандини бир бора бағрига босиш учун баттол тузум малайларига ҳатто ёлвормаган  Санжар Сиддиқ эди.

Ўзбек матбуотининг йирик намояндаси Санжар Сиддиқ Абдул-Босит 1902 йили Тошкент шаҳрида туғилган. У аввал жадид мактабларида, сўнг мадрасада таҳсил олди, рус-тузем мактабида ўқиб, рус тили, Оврўпо илм-фани ютуқлари билан танишди. 1918-1919 йилларда «Чиғатой гурунги»да устоз Фитратнинг тавсияси билан Санжар номини олади. 1920 йилдан бошлаб эса Эски Тошкентдаги 12-сонли мактабда ўқитувчи, айни вақтда «Иштрокиюн» газетаси таҳририятида адабий ходим ва таржимон бўлиб ишлайди.

       Кўп ўтмай «РосТА» газетаси ва болалар журналларида муҳаррир, 1922–1924 йилларда «Қизил байроқ» ва «Туркистон» газеталарида адабий котиб, «Инқилоб» журналида адабий ходим сифатида фаолият олиб боради. Кейин эса «Қизил Ўзбекистон» газетасида бўлим бошлиғи, 1925 йилдан «Ер юзи» журналида масъул котиб сифатида иш олиб боради.

 Санжар Сиддиқ ҳақида гап кетганида унинг ҳеч қачон коммунистлар партияси аъзоси бўлишга интилмаганини айтиш жоиз. Унга нисбатан таъқиблар бошланганда ҳам «Гулистон» журналида адабий ходим ва масъул котиб вазифасида ишлар, публицистик мақолалари ва театр тақризлари билан ўқувчилари эътиборини тортар  эди. У журналист сифатида ўз мақолаларида «Китобхон», «Бир киши», «Санжар нафратчи», «Калтадум», «С.С.», «Газетчи», «Тошкентлик», «Кўз-Қулоқ», «Санжар» ва бошқа тахаллусларидан фойдаланган.

Гарчи Санжар Сиддиқ олий маълумотли бўлмаса-да, масъул лавозимларда ишлади ҳам, самарали ижод ҳам қилди. Салимхон Тиллахонов ўз «Хотиралари»да: «Санжар ҳозирғи вақтда Ўзбекистонда ёзувчиликда биринчиликни оладир. Ҳозирғача махсус асар ёзмаған бўлса ҳам ёзувчилар орасинда энг маълумотлиси шул Санжардир. Санжарнинг ҳамма вақт ёзған асарлари миллий йўлда бўлған, ёзув ила миллий ташкилотга ёрдам бериб, миллия учун жуда яхши ташвиқот қилғон» деб ёзган эди. Дарҳақиқат, унинг мақолалари ўз вақтида қанчалик долзарб саналган бўлса-да, бугун ҳам муаллифнинг соҳани чуқур билиши ва муаммонинг асл илдизларига етиб бора олиши билан юксак эътиборга моликдир. Жумладан, унинг «Ипак», «Радиоҳаваскорлар», «Темир йўлнинг 100 йиллиги», «Китобхон Тошкент», «Чигитлардан ҳайвон учун овқат» каби чиқишларини санаб ўтиш мумкин.

 «Ер юзи» журналида эълон қилинган «Кураш» мақоласида ўзбек курашининг халқ миллий қадрияти сифатидаги хусусиятларига тўхталса, «Бугунги Бухоро»да «Газетчи» сизни «Бухорои Шариф»га олиб боради. Қадим афсонавий шаҳарнинг жин кўчалари, обод бозорлари, кўчада фойтунларни учириб юрувчи абжир аравакашлари, Бухоро ҳовузларининг сири, мешкоплар, шахматчилар билан таништиради. Мақолани ўқир экансиз, беихтиёр Бухорода юрган сайёҳга айланасиз, кўчалардаги ярим тожикча чақириқлар, ўзаро гап қистиришлар ва қизғин суҳбатлар қулоғингиз остида янграйди. Айни пайтда муаллифнинг Янги Бухоро шаҳрининг бекорчилару, ўғрилар билан тўлгани, бир вақтлардаги сўлим гўшанинг ари уясидек ўз хотиржамлигини йўқотганини ҳам тасвирлаётганини англаш қийин эмас. Мақолада 1920 йилнинг сентябрь ойидаги даҳшатли кунларида тўпга тутилиб, тўкилиб қолган Минораи Калон суратининг берилиши ҳам маълум маънога эга. Ваҳоланки, қадим Бухоронинг рамзи бўлган ушбу минора 1923-1924 йилларда Файзулла Хўжаев буйруғи билан уста Ширин Муродов раҳбарлигидаги меъморлар томонидан қайта тикланган эди. Шунингдек, Санжар Сиддиқ кенг халқ оммасининг жаҳон миллатлари турмуш тарзи ва анъаналари ҳақидаги маълумотларини ошириш мавзусида ҳам қатор мақолалар эълон қилди. Булардан «Майда миллатлар мамлакати» мақоласи Чехословакия ҳақида, «Бурунғи маданият қолдиқлари» эса америка ҳиндулари ҳаётидан олинган. Ана шундай долзарб мавзуни қамраб олган  «Кобил» мақоласи қўшни Афғонистон халқларининг ҳаётидан хабар бериб, унда мустақил Афғонистоннинг ташқи ва ички сиёсати ўзига хос тарзда таҳлил қилинади. Аммо афсуски, ушбу мақоладан кейинчалик унинг жиноий «иши»да асосий айбловлардан бири сифатида фойдаланишади. Гарчи Санжар Сиддиқ қаламига мансуб мақолалар ўқувчилар дунёқараши, илмий тафаккурининг ўсишига хизмат қилган бўлса-да, уларда кўтарилган мавзу ва масалалар НКВДнинг қонли «қўллари» томонидан нотўғри талқин қилинди.

Масалан, унинг «Ўзбек театри» мақоласида миллий асарлар яратиш масаласида кескин мулоҳазалар билдирилади: хусусан, театрлардаги европа, рус, татар, озарбайжон театрларининг асарлари қанчалик профессионал бўлмасин ўзбек халқи ҳаётидан, турмуш тарзидан узоқлиги учун уларни халқ қабул қила олмайди, дея хулоса чиқарилади.

Айниқса, «охирги пардаларда «Марсельеза», «Интернационал» қўшиқларининг тиқиштирилиши томошабинларнинг нафаратига сабаб бўлмоқда. Натижада халқдан олқиш ўрнига сўкиниш эшитилмоқда. Бу эса фақат артистларнинг эмас, ёзувчиларнинг ҳам халқ ҳаёти, турмуш маданияти, орзу истакларидан нақадар узоқлигини англатишини айтиб, «Халқимиз ҳозирги даврда бу санъатни, айниқса европа санъатини хоҳламайдир» деб ёзади муаллиф. Нима учун «Ҳалима» ва «Ёрқиной» машҳур бўлиб кетди? Ундаги халқ ҳаётидан олинган саҳналар, таниш қаҳрамонлар халқни театрга тортмоқда. Бугун Шекспир, Гоголь асарлари эмас, кўпроқ халқ учун хизмат қиладирган «Ўзбек халқ театрусини тузмоқ керак», деб ҳисоблайди.

Санжар Сиддиқ таржимон сифатида  нафақат йирик саҳна асарларини, балки кўп сонли ўқувчилар эҳтиёжини инобатга олиб, бир қанча кичик ҳикояларни ҳам таржима қилади. Улардан машҳур немис адиблари В.Голландернинг «Маҳмуд ибн Камолнинг саргузашти», Бернхольд Келлерманнинг Эрон саёҳати таассуротлари мақоласидан «Эронистон биёбонларида» номли таржималарини келтириб ўтиш мумкин. Шунингдек, Санжар Сиддиқ Фрайниелнинг «Кутилмаган бахт», Анри Барбюсдан «Қўрқинчли поезд» каби ҳикояларини ўзбекчалаштиради. Бу асарлар ҳукмрон мафкура талабларига қанчалик мослаб талқин этилмасин, ўқувчи таржимоннинг мақсадини жуда яхши англайди. Уларда миллатнинг истибдодга қарши ички туғёни, озодлик ва тенглик учун кураш, зулмга нисбатан нафрат уфуриб турарди. Санжар Сиддиқ айни пайтда ўзбек ижодкорлари асарларини ўзга тилларга ҳам таржима қила бошлайди.

Бир сўз билан айтганда, мустабид тузумнинг бегуноҳ қурбони бўлган Санжар Сиддиқнинг ижодий мероси, ёзган мақолалари ва таржималари ўз вақтида халқимизнинг маънавий камолоти, бадиий тафаккури ўсишида муҳим ўрин эгаллади.

Санжар Сиддиқ Ўзбекистонда биринчи бўлиб таржима назариясига бағишланган «Адабий таржима санъати» илмий монографиясини ҳам ёзди. У ўзбек ўқувчилари учун рус, немис, инглиз ва форс тилларидан кўплаб асарларни таржима қилди. Кўп йиллар Санжар Сиддиқнинг таржимаси асосида Лопе де Веганинг «Қўзибулоқ қишлоғи» (1931), Ас-Хабибнинг «Бомбей» (1931), П.Фурманский ва Я.Радионовларнинг «Ван Ши Бин» (1932), Н.Погодиннинг «Менинг дўстим» (1934), Н.Гоголнинг «Ревизор» (1934), Н.Захрининг «Қувончлар кўчаси» (1938) асарлари Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат Академик театри репертуаридан мустаҳкам ўрин олди. 1931 йили эса америкалик шоир Лэнгстон Хьюзнинг шеърлар тўпламини, 1937 йил Л.Толстойнинг «Кавказ асири»ни, П.Павленконинг «На востоке» романини, кейинроқ А.Пушкин, М.Лермонтов шеърларини таржима қилди. Аммо эндигина 35 ёшни қаршилаган ва ўз ижодининг айни чўққисига чиққан пайтда Санжар Сиддиқ НКВДнинг «қора рўйхати»га киритилди...

1937 йилнинг 4 августига келиб, «Гулистон» журнали адабий ходими Санжар Сиддиққа нисбатан аксилинқилобчи айби қўйилади. 1937 йил 16 августда Тошкент шаҳри, Октябрь райони, Охунбобоев маҳалласи, 312-уйида тинтув ўтказилиб, унга тегишли мол-мулк  мусодара қилинади. Унинг 65 ёшли онаси Зубайда Абдуғофурова, укаси Мақсуд, хотини Камола Мавлонова, ўғиллари Бори, Баҳодир ва қизи Машҳуралар қон йиғлаб қоладилар.

Ўшанда осмон баланд, ер қаттиқ эди. Қалбида ватан, миллат муҳаббатини ардоқлаган Санжар Сиддиқ қаерга олиб кетилаётганини аллақачон тушуниб етганди. У уйидан қаддини ғоз тутган ҳолда чиқиб кетди. Бироқ, бешигида ҳеч нарсани англамай ҳайрон ётган, 2 ёшли қизи Маъмура билан хайрлашар экан, ичидан нимадир узилганини ҳис этди.

1937 йилнинг 31 августида биринчи сўроқ ўтказилиб, отасининг Тошкент атрофида 2 гектарли боғи бўлганидан бошқа бирон маълумот чиқмайди. 1937 йилнинг 10 сентябрь куни Ҳамза номидаги Миллий театр репертуаридан Санжар Сиддиқ таржималари асосида яратилган «Менинг дўстим» (Н.Ф.Погодин), «Қўзибулоқ қишлоғи» (Лопе де Вега), «Чудесний сплав» (Киршона), «Ван Ши Бин» (Фурманский ва Радионов) асарлари чиқариб ташланади. Бу кўпчилик учун унинг «халқ душмани» сифатида «фош этилган»ини кўрсатар эди. 1937 йилнинг 2 октябрида ўтказилган қайта сўроқда у ўзига қўйилган айбловларнинг барчасини қатъиян рад этади. Н.И.Триғулов томонидан ўтказилган ваҳшиёна «воситалар» ҳам бесамар кетади. Хайвондек қонхўр терговчилар унинг иродасини синдира олишмайди. Юзлаштиришларда Санжар Сиддиқ ҳеч қандай айби йўқлигини тақрорлашдан чарчамайди. Шундан кейин Санжар Сиддиқ ишлаган «Гулистон»даги фаолиятини «текшириш» хулосасида: У «Авантюрист» мақоласида Анвар пошони идеаллаштирган, уни қаҳрамон сифатида тасвирлаган, кўккўз русларга қарши курашувчи Иброҳимбекка ёрдамга келгани, тожик қишлоқлари 1928 йилги очарчиликда Анвар пошони нажоткор сифатида тилга олишгани» кескин қораланади.

1938 йилнинг 8 октябрь кечаси соат 2:10 дан 2:30 гача давом этган «учлик» йиғини Санжар Сиддиққа нисбатан ноҳақ ҳукм чиқаради: бирорта айби исботини топмаган, ўзи айбларини қатъиян рад этган С.Сиддиқ отувга ҳукм этилади. Ҳеч бўлмаса бу ҳақда унинг оила аъзоларига маълумот ҳам берилмайди.

Орадан йиллар ўтиб, Сталинизм сиёсатининг баттолликлари фош этилганидан кейингина С.Сиддиқнинг «иши»  қайта кўриб чиқилади.  1956 йилнинг 6 февралида Н.И.Триғулов қайта сўроқ қилинади, бу пайтда у Тошкентдаги №84 заводда цех бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаётган эди. Н.И.Триғулов ўз вақтида тергов жараёни ва юзлаштиришларнинг «қонуний» ўтганини айтади ва ҳатто С.Сиддиқни эслай олмаслигини  таъкидлайди... Санжар Сиддиқ ўлимидан 22 йил ўтиб, – 1956 йилнинг 26 июлида СССР Олий суди томонидан тўлиқ оқланади.

 Баҳром ИРЗАЕВ,

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори