Исломий молия – миллий иқтисодиётимизга таянч бўлади
«Миллий тикланиш»нинг узоқ йиллардан бери илгари суриб келаётган таклифи Президент қўлловидан кейин қонунга айланиб, миллий иқтисодиётимиз ривожига хизмат қиладиган бўлди...
Шу маънода ҳам 2026 йилнинг 27 март кунини исломий банк фаолияти ва молиялаштиришнинг ҳуқуқий асослари яратилган кун деб аташ мумкин.
Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг Ислом иқтисодиёти ва молияси, зиёрат туризми кафедраси профессори, академик Нурислом ТЎХЛИЕВнинг таъкидлашича, ушбу тизимнинг мазмун-моҳияти теран англаб етилмаётгани учун ҳам ҳалигача уни замонавий банк-молия моделига қарама-қарши қўйиш ҳоллари учраётир.
Ваҳоланки, кейинги вақтларда жаҳон банк-молия тизимининг муҳим бўғини сифатида ислом банк-молия моделининг таъсири ошиб боряпти. Ёдингизда бўлса, жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози арафасида ислом банк-молия тизимининг ялпи ҳажми 758 миллиард АҚШ долларини ташкил этган бўлса, 2021 йилга келиб бу кўрсаткич 3,37 триллион долларга етганди.
Ислом банк-молия моделининг замонавий тарихига назар солсак, у ўтган асрнинг 50-60 йилларида Осиё ва Африкадаги қатор мамлакатларнинг мустақилликка эришиши, улкан нефть ва газ захираларининг топилиши ҳамда табиий бойликларнинг экспорт қилиниши натижасида вужудга келди. Тўпланган жамғармаларни замонавий банк-молия механизми орқали тасарруф этиш мусулмон жамияти аҳкомларига мос келмасди. Чунки шариатда иқтисодиётнинг ҳаёт-мамот масаласи бўлмиш мулк мавзусида қатъий қоида ўрнатилган: ер ва осмон Аллоҳга, яйловлар, манбалар, сув, олов ва туз барчага тегишли; Аллоҳ олдида барча баробар.
Инқирозларга бардошлилик, иқтисодий хатар ва қалтисликларнинг томонлар ўртасида улушга мувофиқ ҳолда тақсимланиши, реал активларга асосланиш ислом молиясининг жозибадорлигини оширади. Бу модель Ислом Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо бўлмаган мамлакатларда ҳам оммалашаётгани, ривожланган давлатларда сукукдан (қимматбаҳо қоғозлар) кенг фойдаланилаётгани ана шу жиҳат билан изоҳланади. Масалан, Буюк Британияда 20 та банкда ислом дарчалари аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонда ҳам ислом молия тизимини жорий қилиш бўйича жадал ҳаракатлар кетмоқда. Малайзия, Индонезия, Саудия Арабистони, Баҳрайн ва БААни ислом молияси ривожланган мамлакатлар сирасига киритиш мумкин. Эрон ва Суданда ҳам бу жараён анча илгари бошланган.
Тан олиш керак: тиғиз жараёнлар жаҳон бозорининг узвий бўлаги саналган мамлакатимизга ҳам кириб келмоқда. Ёдингизда бўлса, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 29 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида ислом молия тизимини жорий этиш бўйича ҳуқуқий базани яратиш вақти келгани, бу ишга ИТБ ва бошқа халқаро молия ташкилотлари экспертларини жалб этиш зарурлиги таъкидланган эди.
Яхши биламизки, ислом шариати фоиз асосида молиялаштиришни ижтимоий адолатга зид деб билади. Чунки олди-берди муносабати иштирокчиларидан бири зарар кўриши ҳам, катта фойда олиши ҳам мумкин. Ҳар икки ҳолатда ҳам тарози томонлардан бирининг манфаатига қарши ишлайди. Лекин, исломий банклар пулга молиявий маҳсулот сифатида қарамайди, лойиҳада ҳам ўзини тижорий ҳамкордек тутади. Мантиқ қонунияти шу: агар хатар ва йўқотиш ўзаро адолат билан тақсимлаб олинса, у ҳолда ҳар икки томон эҳтиёткорлик билан иш тутади, етти ўлчаб бир кесади.
Анъанавий банклар фойда орқали идора этилса, исломий банк тизими рухсат ва таъқиқ мезонлари орқали бошқарилади. Ислом банк-молия тизимида ўндан ортиқ асосий таъқиқлар мавжуд. Улардан бирига кўра, таваккалчилик қилмай, хавф-хатарни зиммага олмай, реал иқтисодий фойда яратмай ёки шунга рағбат бермай даромад олиш ҳаром ҳисобланади. Бу қоида замонавий тадбиркорликни ривожлантиришда ҳам қўл келади.
Яна бир гап: исломда рибо, ғарар, майсир ва ғабн механизмлари орқали ноҳалол тадбиркорликнинг йўли тўсилади. Анъанавий банк тизимида эса қарз ва ҳосила олди-сотдисига рухсат берилади. Яъни молиявий бозор қатнашчиси қарзга олинган ёки унга тегишли бўлмаган активлар билан бемалол савдо қила билади. Бу ҳол молиявий чайқовчиликни келтириб чиқариши, бозорда «пуфаклар»ни юзага келтириши мумкин. «Кўза кунда эмас, кунида синади» деганларидек, реал иқтисодиёт билан боғланмаган «пуфаклар» ҳам фурсати келиб, албатта, ёрилади.
Ислом молиясида пулдан асосан айрибошлаш воситаси, қиймат ўлчови сифатида фойдаланилади. Қарз савдоси, мулки бўлмаган ёки тасарруф этилмаган нарса-буюм савдоси ман этилади, реал тижоратдан йироқ битимларга йўл қўйилмайди. Бу эса иқтисодий субъектлар фаолиятини хавф-хатардан сақлайди.
Ислом банклари мижозларга муробаҳа, салам, истиснаъ, ижара (молиявий лизинг) каби олди-сотди битимларига асосланган қарзли молиялаштириш ва қисман мушорака ва музорабага асосланган улушли (шерикчиликка асосланган) молиялаштириш орқали хизмат кўрсатади. Таъкидлаш жоизки, шерикчиликка асосланган улушли молиялаштиришнинг ҳиссаси ислом банкларида ҳам юқори эмас. Бунга асосий сабаб – шерикчиликда учрайдиган ишончсизлик, манфаатлар тўқнашуви, шаффофлик йўқлиги ва «енг ичида»ги ишлардир. Маълумотларга кўра, анъанавий банк кредити каби қарзли молиялаштириш, айниқса, муробаҳа ва ижаранинг ҳиссаси ислом банклари портфелида 80-85 фоиз, баъзида ундан ҳам кўпроқни ташкил этади.
Анъанавий банкларда барча хатар ва таваккалчиликлар қарз олувчи, яъни тадбиркорнинг гарданида бўлади. Лойиҳа қандай натижа билан тугаши, фойда кўриш-кўрмаслигидан қатъи назар, тадбиркор олган кредитини фоизи билан қайтариши шарт. Қарзли молиялаштириш устувор бўлган ислом молия тизимида ҳам жавобгарлик асосан тадбиркорга юкланади. Аммо шерикчиликка асосланган молиялаштириш даражаси ошиб бориши билан иқтисодий таваккалчиликлар тадбиркор билан бирга молия муассасасига ҳам ўтади. Пировардида, хатарлар мувозанатли ва адолатли тақсимланади, инқироз даврида ишбилармонларнинг касодга учраш эҳтимоли камаяди.
Ҳеч эътибор қилганмисиз, «Apple», «Amazon», «Tesla», «Microsoft», «Google» каби дунёнинг энг нуфузли ва йирик корпорациялари шерикчиликка асосланган акциядорлик жамияти шаклида фаолият юритишига? Мазкур ширкатларнинг акциялари котировка қилинадиган фонд бозорлари негизини ташкил этиши инобатга олинса, ҳиссадорлик тамойили кўп жиҳатдан мақбул ва матлуб экани ойдинлашади. Демак, шаффоф ва самарали корпоратив бошқарувга эга акциядорлик жамиятларини ташкил этиш, тадбиркорлар ва банк-молия тизимини шерикчилик асосида ишлашга кўниктириш, умуман, халқимизнинг иқтисодий маданиятини юксалтириш керак.
Ўзбекистон – дунёвий давлат. Шу ўринда дунёвийлик даҳрийлик эмаслигини таъкидлаш зарур. Дунёвий давлатда исломий банк билан анъанавий банк ёнма-ён, тенг иқтисодий шароитда соғлом рақобат қилиш имконига эга бўлиши лозим. Бу эса, биринчи навбатда, қонунчилик базасини шакллантиришни талаб этади.
Кейинги йилларда ана шу талабдан келиб чиққан ҳолда янги тизимнинг ҳуқуқий асосларини шакллантириш йўлида жуда катта ишлар қилинди. Хусусан, «Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида»ги қонун, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси, «2020-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида»ги, «Тадбиркорлик ва инновациялар соҳасидаги лойиҳаларни молиялаштириш механизмларини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент Фармонлари, «Ислом тараққиёт банки гуруҳи ва Араб мувофиқлаштириш гуруҳи фондлари билан ҳамкорликни янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш чоралари тўғрисида»ги, «Республика иқтисодиётига тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида хорижий инвесторлар кенгашини тузиш ва унинг фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорлар ва бошқа ҳужжатлар қабул қилинди.
2023 йилнинг 11 сентябрь куни эса Президент Фармони билан тасдиқланган «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида ҳам камида 3 та тижорат банкида ислом молияси мезон ва тартибларини жорий этиш, ислом молиясининг қонуний асосларини шакллантириш вазифаси белгилаб қўйилди.
Тўғри, ҳозиргача курраи-арзнинг бирор давлатида ислом молия тизими тўлалигича жорий қилиниб, анъанавий тизимдан буткул воз кечилгани йўқ. Ҳатто аҳолисининг кўпчилик қисмини мусулмонлар ташкил этадиган Эрон, Покистон, Саудия Арабистони, БАА, Малайзия, Судан каби давлатларда ҳам ҳар икки тизим баравар ишламоқда.
Таассуфки, кўплаб одамлар молиявий билимсизлик, лақмалик, ишонувчанлик, баъзида эса очкўзлик сабаб «молиявий пирамида»лар, турфа ном-у, ниқобдаги фирибгарлар тўрига илиниб, жиддий зиён- заҳмат кўрмоқда. Аксар ҳолларда атайин мураккаб тузилган шартнома ва битимлардаги мавҳум, тушунарсиз маълумотлар, талаблар ҳам одамларни чалғитади. Ислом дини эса бир томоннинг бошқа томонга ҳар қандай кўринишда зарар етказишини ман этади.
Қандай моделдан фойдаланишдан қатъи назар, томонлар ўртасидаги битимларда мавҳумлик, ноаниқликка йўл қўйилмаслиги керак. Ҳар бир инсон унга таклиф қилинаётган ҳужжат билан пухта танишиши, керак бўлса, соҳа мутахассисларидан ёрдам сўраши лозим. Шартнома банк ва мижоз ўртасидаги муносабатларда асосий ҳужжат ҳисобланади. У пухта ишланган, икки томонни ҳам қониқтирадиган даражада бўлиши шарт. Ҳужжатнинг ҳар бир банди билан ҳуқуқшунос иштирокида танишиб чиқиш мақсадга мувофиқдир. Банклар кўпинча ўз манфаатини илгари сурган ҳолда «трафарет» – бир андазадаги шартномаларни тақдим қилади. Тадбиркорликнинг табиати, имкониятлари эса ҳар хил. Юзаки шартнома эса бажарилмай қолиб кетишга маҳкум. Боз устига, у тадбиркорга молиявий зарар келтириши мумкин.
Ислом банк-молия тизими шу маънода ҳам ғарарни тақиқлаш механизми орқали мижозлар билан муносабатларда мавҳумлик, ноаниқлик, ҳийла-найранг каби ҳаракатларнинг олдини олади. Ғарарнинг тақиқланиши ислом молиясини спекулятив деривативлар (ҳосилавий қимматли қоғозлар) туфайли пайдо бўладиган жиддий тизимли хатарлардан ҳимоя қилади. Умуман, ислом банк-молия тизими иқтисодий «пуфак» ва инқирозларни юзага келтирувчи ҳаддан зиёд молиявий чайқовчилик амалиётларини хушламайди. Шунингдек, бойликларнинг адолатсиз равишда тақсимланиши, жамият аъзолари ўртасида салбий муносабатлар илдиз отишига олиб борувчи қимор ўйинларини ҳам ман этади.
Тўғри, янги тизимни кўз очиб юмгунча, бирданига жорий этишда маълум бир тушунмовчиликлар бўлиши мумкин. Бунинг учун фурсат, меҳнат талаб этилади. Давлатнинг бунга хайрихоҳлиги етарли эмас. Соҳа учун малакали кадрлар корпусини шакллантириш, асосийси, ислом банк тизимининг афзаллиги, ишончлилиги ва адолатлилигини бутун бўй-басти билан кўрсатиш керак бўлади.
Ислом таълимотида ҳамиша капитализмга хос индивидуализм, худписандлик-дан фарқли ўлароқ, маънавий ва ижтимоий йўналиш устун аҳамият касб этган. Ислом банк-молия модели ҳам инсоннинг моддий эҳтиёжлари баробарида руҳий, маънавий ва ижтимоий талабларини ҳисобга олади. Шу билан бирга, бу модель эркин бозор қонуниятларини бутунлай инкор этмаган ҳолда, юлғичлик, чайқовчилик ва адолатсизликларга қарши муайян маънавий-ахлоқий чеклов-чегара ўрнатади, тақиқлар қўяди. Бу жиҳатдан у ўз фалсафаси, қадриятларига эга бўлган тизимдир. Халқимиз ислом молиясининг биз санаган талабларини теран англаб етса, унга мусулмон турмуш тарзининг бир бўлаги деб қараса, янги йўналишга шунчаки урф важидан эмас, балки маънавий эҳтиёж сифатида эргашса, шубҳасиз, ушбу тизим юртимизда ривожланиб, жуда катта натижаларга олиб келади.





