Жавоҳирлик Феномени: ёхуд шахмат фалсафасидаги туб бурилиш

Жавоҳирлик Феномени: ёхуд шахмат фалсафасидаги туб бурилиш

Жавоҳирлик Феномени:

ёхуд шахмат фалсафасидаги туб бурилиш

«Ғурурланаман, сен бизнинг қаҳрамонимизсан.

Раҳмат болам...»

Ишончим комилки, Давлатимиз раҳбарининг Жавоҳир Синдаровни Номзодлар турниридаги ғалабаси билан қутлаб, айтган гаплари минглаб оналар юрагида «ўғлим шундай бўлсин» деган ниятни уйғотди.

Чиндан ҳам, Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, «Жавоҳир каби азму шижоатли, билимли ўғлонларимиз – Янги Ўзбекистоннинг ҳақиқий фахри ва қаҳрамонларидир. Унинг матонати ва эришган ютуқлари мамлакатимизнинг интеллектуал салоҳияти нақадар юксак эканини бутун дунёга яна бир бор исботлади».

2004 йил. Ёдингизда бўлса, Ливиянинг Триполи шаҳрида ўзбекистонлик ёш гроссмейстер Рустам Қосимжонов шахмат оламининг энг кучлиларини бирин-кетин мағлуб этган, ўшанда ҳам бутун дунё худди бугунгидек ўзбек шахматчисининг ўйинидан ҳайратда қолган эди.

Бироқ, бундан 22 йил аввал Қосимжонов ва Гарри Каспаров ўртасида кечиши кутилган матч турли сабабларга кўра амалга ошмай қолганди. Шундан кейин шахмат майдонида қарийб ўн йиллик «узоқ сукунат» даври кечди...

Бу вақт мобайнида дунё ўзбек шахматини деярли унутди ҳам. Зеро, мағлубиятлар эмас, балки «сукунат» ўта оғриқли эди. Аммо бу вақт ичида Нодирбек Абдусатторов,  Нодирбек Якуббоев ва Жавоҳир Синдаров каби янги авлод шаклланди. Уларнинг ҳар бир ғалабаси Рустам Қосимжоновдан кейинги «узоқ сукунат»ни том маънода бузди, дейиш мумкин.

Нодирбек Абдусатторовнинг рапид бўйича жаҳон чемпиони бўлиши (2021) ва 2022 йили Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳридаги Шахмат Олимпиадасида Ўзбекистон жамоасининг олтин медални қўлга киритиши яна жаҳон шахмати оламида «ўзбек мўъжизаси» деган иборани келтириб чиқаради. Бироқ, ушбу зафарли карвоннинг ичида ўзининг темир интизоми, чуқур таҳлили ва кўзга ташланмайдиган улкан меҳнати билан келажакка пойдевор қўяётган яна бир ёш даҳо — Жавоҳир Синдаров бор эди.

У ҳеч қачон шон-шуҳрат ортидан қувмади, телевидение ёки ижтимоий тармоқлардаги шов-шувларга берилмади. Унинг учун ягона ҳақиқат шахмат тахтасидаги 64 катак ва ундаги битмас-туганмас комбинациялар эди.

2025 йил, январ.

Дунё шахмат рейтингида Жавоҳир Синдаров деган ёш йигит ўзининг 2692 балли билан ҳатто топ-20 таликка ҳам кирмаган эди. Ўша пайтда кўпчиликнинг эътибори Нодирбек Абдусатторов ва Ҳиндистоннинг ёш юлдузи Гукеш ўртасидаги рақобатга қаратилганди. Жавоҳир эса бу вақтда ўз устида ишлашни бир сония ҳам тўхтатмасди. Унинг услуби — «пишиб етилган мева» каби эди.

2026 йилнинг бошланиши эса шахмат оламида «Синдаров эраси»нинг дебочаси бўлди. Аввалига январ ойида нуфузли Тата Стеел Чесс Тоурнаментда 13 партиядан 8,5 очко тўплаб, иккинчи ўринни эгаллади. Бу натижа мутахассисларни бироз сергак торттирди. Аммо ҳақиқий «портлаш» яқинда – Номзодлар турнирида юз берди. Шахмат оламида Даъворгарлар мусобақасидан кўра қийинроқ ва масъулиятлироқ турнир йўқ. Унда жаҳоннинг энг сара 8 гроссмейстери амалдаги жаҳон чемпионига қарши дона суриш ҳуқуқи учун курашади. Бу турнирда Жавоҳирнинг рақиблари Ҳикару Накамура, Фабиано Каруана, Магнус Карлсен каби номдор шахмат қиролларининг издошлари эди. Жавоҳир эса ўзига хос вазминлик ва хотиржамлик билан турнир давомида битта ҳам мағлубиятга учрамай, кетма-кет 6 та ғалабани қўлга киритди! Ушбу натижа замонавий шахмат тарихида, айниқса, ҳозирги компьютер таҳлиллари даврида ақлбовар қилмас кўрсаткич саналади. У Накамура ва Каруана каби гигантларни мағлуб этиб, турнир тугашига бир неча тур қолгандаёқ ўз ғалабасини нақд қилди ва жаҳон рейтингида 5-ўринга кўтарилиб олди.

Эътиборлиси, 13-жаҳон чемпиони Гарри Каспаров яқиндаги интервьюсида Жавоҳир Синдаровнинг 2026 йилги Номзодлар турниридаги тарихий ғалабасини атрофлича таҳлил қилиб, бу шунчаки навбатдаги чемпионлик эмас, балки шахмат фалсафасидаги туб бурилиш нуқтаси эканини таъкидлади.

Мутлақ доминантлик феномени

«Мени ҳайратда қолдириш осон эмас, бироқ Синдаров бу турнирда бенуқсон ўйин кўрсатди. Унинг вақтдан фойдаланиши (тайминг), қарорлар сифати ва ҳеч қандай таваккалсиз босимни ошириб бориш қобилияти — ҳақиқий экстра-класс даражасида. У бутун масофани бирор марта мағлубиятга учрамай босиб ўтди ва рақибларидан бир бош баланд эканини исботлади».

 «Китобий» мактабнинг якуними?

Каспаровнинг таъкидлашича, Синдаров «рақамли гроссмейстерлар» авлодининг энг ёрқин вакилидир. «У чанг босган классик китобларни варақлаб йиллаб вақт йўқотмади. Унинг пойдевори – китоблар эмас, балки онлайн майдондаги улкан амалиёт ва нейротармоқлар билан тизимли ишлаш. У дарсликлардан «фалсафий ҳақиқат» қидирмайди, у максимал самарадорликка интилади».

Жавоҳирнинг муваффақият сири фақат компьютерда эмас. «Қизиғи шундаки, Синдаров юқори технологик тайёргарликка эга бўлса-да, «жонли» таҳлилни қадрлайди. У ғояларни қуруқ матндан кўра, мураббий билан жонли мулоқотда, доска олдида ўрганишни афзал кўради. Айнан шу омил унинг ўйинини механикликдан асраб, жонли ва мантиқий қилади».

Гукеш билан бўлажак тўқнашув: Фаворит ким?

«Агар турнирдаги партиялар сифатидан келиб чиқсак, Синдаров бўлажак тож матчида яққол фаворит. Унинг юксалиши метеор каби шиддатли. Гукеш барқарорлик борасида тенгсиз бўлиши мумкин, аммо Синдаров ҳозир – йўлидаги тўсиқларни супуриб ташлайдиган қудратли кучга айланган».

 Каспаров Синдаровнинг пайдо бўлиши шахмат оламини жунбушга келтиришига ишонади: «Мен Синдаров – Карлсен матчини кўришни жуда хоҳлардим. Эҳтимол, айнан мана шундай «рақамли» ва шижоатли чемпионнинг пайдо бўлиши Магнус учун классик шахматга қайтиш ва янги авлоднинг кучини синаб кўриш учун асосий рағбат бўлар».

 

Бу ғалаба тасодиф эмас!

Жавоҳир Синдаров Президентимиз билан телефон орқали мулоқотда таъкидлаганидек, унинг бу ютуғи тасодиф эмас. Бу – давлат даражасидаги улкан эътиборнинг натижасидир. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шахматни оммалаштириш борасидаги қарорлари, ҳар бир туман ва маҳаллада шахмат клубларининг ташкил этилиши, ёш шахматчиларга берилаётган давлат мукофотлари ва стипендиялар ёшларга чинакам рағбат  бўлди.

Миллат етакчисининг Жавоҳир ҳақидаги илиқ фикрлари нафақат унинг шахсига, балки бутун ўзбек ёшларига берилган ишончдир. Давлат раҳбари таъкидлаганидек, интеллектуал салоҳият – бу давлатнинг энг катта бойлигидир.

Бир сўз билан айтганда, Жавоҳирнинг ғалабалари – бу Янги Ўзбекистоннинг дунё саҳнасидаги интеллектуал дипломатиясидир. Энг муҳими, 2026 йилнинг якунида бизни тарихий финал кутмоқда. Шахмат тожи учун тарихдаги энг ёш даъвогарлар Гукеш (19 ёш) Синдаров билан (20 ёш) тўқнашади.

Биз Жавоҳирнинг Шахмат тожини Ўзбекистонга олиб келишига ишонамиз.
Бўш келма, ўзбек ўғлони, миллат Жавоҳири!

 

Самандар Пардабоев тайёрлади.