Бугун Президентимиз томонидан ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган янги Фармон ва Қарор қабул қилинди. Ушбу ҳужжат ёшлар учун таълим, тадбиркорлик, бандлик ва ижтимоий соҳаларда кенг имкониятлар яратиши билан аҳамиятлидир. Унга кўра, 20 минг нафар ёш тадбиркор дунёнинг нуфузли олий таълим муассасалари, жумладан Гарвард, Стенфорд ва Лондон Business School дастурлари асосида ўқитилади. Шунингдек, 1 000 нафар тадбиркорга 500 миллион сўмгача имтиёзли ссуда 6 ойлик имтиёзли давр билан ажратилиши белгиланди. Хорижий тилни мукаммал билган ёшлар учун ҳам қўшимча енгилликлар жорий этилмоқда. Хусусан, C1 даражадаги сертификатга эга ёшларга тадбиркорликни бошлашдаги давлат хизматлари тўловлари 50 фоизга камайтирилса, Б2 даражадаги сертификатга эга ёшларга эса чет элга чиқиш паспорти божи 50 фоизга арзонлаштирилади. Аҳоли фаровонлигини ошириш мақсадида ҳар йили камида 10 мингта ёш оила имтиёзли ипотека асосида уй-жой билан таъминланиши кўзда тутилган. Бундан ташқари, китоб савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлар ва тил марказлари очган ёшлар учун ҳам катта имтиёзли кредит ва ссудалар ажратилади. Ёшларнинг ижодий ва ижтимоий фаоллигини қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, “ТОП-100 китобхон” танлови, “Илғор ижодкор” мукофоти, волонтёрлик лойиҳалари учун грантлар ҳамда “Йилнинг энг фаол ёш ходими” каби рағбатлантириш тизимлари жорий этилади. Шунингдек, ёшларнинг давлат бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш мақсадида “Ёшлар билан бир кун” акцияси орқали 10 минг нафар ёш давлат раҳбарлари билан бевосита тажриба алмашиш имкониятига эга бўлади. Давлат органларида ёш мутахассисларнинг лавозимда кўтарилиши ҳам кенгайтирилади. Таълим соҳасида эса хусусий марказларга ўз дастурлари асосида ўқитиш ҳуқуқи берилиши, 100 минг нафар ёшни замонавий касбларга ўқитиш, шунингдек, касбий сертификат тизимларини жорий этиш каби муҳим ўзгаришлар амалга оширилади.
Бундан ташқари, ёшлар инфратузилмасини ривожлантириш, киберспортни қўллаб-қувватлаш, руҳий саломатлик марказларини ташкил этиш ҳамда электрон платформалар орқали бандликни ошириш каби йўналишлар ҳам ҳужжатда ўз аксини топган. Хулоса қилиб айтганда, ушбу Фармон ва Қарор ёшлар учун кенг имкониятлар эшигини очади ҳамда уларнинг билим, касб ва ижтимоий фаоллигини оширишга хизмат қилади.





