Ногиронлик пенсияси автоматик тарзда тайинланиши кутилмоқда

Ногиронлик пенсияси автоматик тарзда тайинланиши кутилмоқда

2026 йил якунига қадар пенсия таъминотига оид барча хизматларни рақамлаштириш, Пенсия жамғармасининг туман ва шаҳар бўлимларини тугатиш вазифаси белгиланган.
Парламент қуйи палатасига киритилган "Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига пенсияга оид хизматларни кўрсатиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси бу йўлдаги муҳим қадамлардан бири бўлади. Қонун лойиҳаси пенсия таъминоти тизимида инсон омилини камайтириш, соҳадаги ахборот тизимларидан унумли фойдаланиш ҳамда ногиронлиги бор фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилгани билан аҳамиятли.  Мазкур қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилишида қизғин муҳокама қилинди.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси директори ўринбосарининг қайд этишича, қонун лойиҳаси билан аввало, ногиронлик гуруҳи белгиланиши учун фуқаронинг аризаси бўлмаса ҳам тегишли ташкилотларнинг рақамли платформаларидан маълумотларни олган ҳолда проактив шаклда пенсия тайинлаш белгиланмоқда. Яъни, ногиронлик пенсиясини тайинлаш жараёни рақамли тизим орқали амалга оширилади. Бу эса жисмоний имконияти чекланган фуқароларга қулайлик яратиб, уларнинг вақтини тежайди, оворагарчиликларнинг олдини олади.  

Маълумки, I ва II гуруҳ ногиронлик пенсияси тайинланганидан кейин ҳар икки йилда бир маротаба пенсия қайта ҳисобланади. Эндиликда камида бир йил иш стажига эга бўлган пенсионернинг пенсияси ҳам фуқаронинг мурожаатини талаб этмасдан (проактив шаклда) қайта ҳисоблаш амалга оширилади. Бунинг натижасида 1 йилда қарийб 8 минг фуқаронинг оворагарчиликлари бартараф этилади.

Шунингдек, пенсиядан қўшимча устама ва ҳар ойлик чегирмалар олинганда, унинг миқдори пенсиянинг 50 фоизидан ошиши ва чегирма қилингандан сўнг тўланадиган пенсия миқдори расман белгиланган энг кам истеъмол харажатларидан (ҳозирда 715 минг) оз бўлиши мумкин эмаслиги белгиланмоқда.

Фракция аъзолари лойиҳадаги нормалар партия электорати бўлган ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам вакилларини қўллаб-қувватлашга қаратилганини таъкидлади. Бир қатор савол ва таклифлар билдирилди. Муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан маъқулланди.

Муҳтарама Комилова