"Жарқўрғон"дан "Фаёзтепа"гача муҳофазада

"Жарқўрғон"дан "Фаёзтепа"гача муҳофазада


Сурхон воҳасининг диққатга сазовор масканлари доимо сайёҳлару тадқиқотчиларни ўзига жалб қилиб келган. Масалан, «Болаликтепа», «Зўрмола», «Қирққиз саройи», «Деновқаъла», «Каттатепа»...

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоиз, вилоятда жами 562 та моддий маданий мерос обеъкти бўлиб, уларнинг 444 таси археология, 36 таси архитектура, 40 таси монументал санъат ёдгорликлари, 42 таси эса диққатга сазовор жойлардир. Шунингдек, ўтган 2023 йилда 7 та янги маданий мерос обеъктлари аниқланди.

Яқинда партиянинг вилоят Кенгаши депутатлари ва масъул ходимлар билан муқаддас қадамжоларни ўрганиш ишлари олиб борилди. Дастлаб, Жарқўрғон туманидаги «Жарқўрғон минораси» меъморий ёдгорлигининг ҳолати кўздан кечирилди.

Ушбу минора милодий 1105-1110 йилларда барпо этилган бўлиб, 8 қиррали пойдевор устига ғиштдан мавж шаклида терилган 16 плитавир қобирғадан иборат. Қолаверса, 20 метр баландликда ғиштин панжарали равоқлар ишланиб, унинг устида куфий ёзувли ҳошиялар бор. Иншоотнинг баландлиги 21,6 метрни ташкил этади, диаметри эса 5,4 метрдан иборат. Ишчи гуруҳ аъзолари бугунги кунда миноранинг тўлиқ таъмирланган ҳолатда эканига гувоҳ бўлишди.

Кейинги манзил «Фаёзтепа» ёдгорлиги бўлди. У Термиз туманидаги Эски шаҳар харобаларининг шимоли-ғарбий томонида жойлашган бўлиб, милодий I-II асрларга оид вихара шаклидаги буддавийлик монастир-ибодатхонаси ҳисобланади. Мазкур ибодатхона таркибининг асосий қисмларидан бири – ступа бўлиб, у бошқа ибодатхоналардагидек ҳовлининг ўртасида эмас, балки ташқарисида – муқаддас саждагоҳ қаршисида жойлашган.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, маданий меросимизни ўрганиш ва асраб-авайлаш йўлида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар натижасида вилоятдаги барча маданий ёдгорликлар доимий эътиборда турибди.