12 ёшидаёқ мактабда дарс беришни бошлаган жадид-ўқитувчи Собиржон Раҳимий 1885 йил Тошкент шаҳрида туғилган. Отаси Раҳимжон мадраса кўрган, билимдон инсон бўлиб, форс, татар, уйғур, рус тилларини мукаммал билган. Раҳимжон ота Россия, Туркистон ва Урумчи орасида карвонбошилик қилиб, савдо ишлари билан Эрон, Туркия каби давлатларга кўп сафар қилган.
У сафарлари давомида Шарқ мамлакатларининг илмсизлик туфайли дунё тараққиётидан ортда қолиб, йилдан-йилга мустамлакачиларнинг зулми остида аҳволи оғирлашаётганлигини кўради. Гарчи Тошкентнинг янги шаҳар қисмида эрлар, қизлар гимназиялари, реал билим юрти, кадет корпуси, ўқитувчилар семинарияси, темир йўл техникаси ва ҳунар билим юрти, Тошкент ҳарбий билим юрти каби бир қатор илм масканлари фаолият олиб борса-да, мустамлакачи ҳукуматнинг сунъий тўсиқлари туфайли уларда ўқийдиган маҳаллий ёшлар сони бармоқ билан санарли даражада эди.
Қолаверса, эски мактаблар болани бундай замонавий ўқув даргоҳлари учун тайёрламас, рус-тузем мактаблари эса, кўпроқ руслаштириш сиёсатига хизмат қилгани учун маҳаллий аҳоли фарзандларини уларнинг қўлига топширишни истамас эди.
Раҳимжон ота Оренбургда жадид муаллимлари орқали жадидчилик ғоялари билан танишади. 1898 йил оёғи оғриб, юришга қийнала бошлагач, боғида мактаб очиб, аввал ўзининг фарзандларига дарс бера бошлайди. Кўп ўтмай қизлар ўқиш-ёзиш, математик амалларни бажара бошлайдилар. Раҳимжон ота шундан сўнг мактабни ҳовлисига кўчиради ва тез орада маҳалланинг ўзидан 15 чоғли бола бу ҳовлига жамланади.
Раҳимжон домла соғлиғи туфайли катта ўғли Собиржонни 10 ёшидан ўзига ёрдамчи қилиб олади. Кечалари фарзандлари билан янги дарс мавзусига мос турли сурат ва қизиқарли матнлар тайёрлашарди. Асосий дарслик эса Саидрасул Саидазизовнинг рус-тузем мактабларининг ўзбек синфлари учун ёзилган «Адиби аввал»и эди. Раҳимжон домла 1901 йилдан Мунаввар қори Абдурашидхонов билан ҳамкорлик ўрнатади.
1905 йилда Раҳимжон домланинг касали зўрайиб, қизлари Адолат ва Хосиятни ҳам Собиржонга ёрдам бериш учун мактаб ишига тортади. Бир неча қизлардан иборат гуруҳ очиб, дарс бера бошлаган Адолат Раҳимовани Тошкент шаҳридаги ўзбек аёлларидан чиққан илк жадид муаллими, дейиш мумкин. 1906 йил Раҳимжон ота вафот этганида Собиржон 17, Адолатхон 14, Хосиятхон 12, Шокиржон 7 ёшда бўлган. Ғафуржон ва Саломатлар эса ҳали гўдак эди.
Отаси вафотидан сўнг, катта оиланинг ташвиши ёш Собиржоннинг зиммасига тушди. У маҳалла аҳлининг илтимоси билан мактабини давом эттиради. Себзор даҳасининг Тахтапул маҳалласида жойлашган мактабга Собиржон 1907 йилда «Раҳимия» деб ном бериб, тўлиқ жадид мактабига айлантиради. «Адиби аввал», «Адиби соний» китоблари асосида дарс бера бошлайди. 1910 йил Тошкентда бир неча ой яшаган Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий ҳам «Раҳимия» мактабида муаллимлик қилади. 1911 йилга келиб «Раҳимия» Тошкентнинг энг номдор мактабларидан бирига айланган эди.
Шу орада Адолатхон турмушга чиқиб, Собиржон ҳам Бегойим исмли отин қизга уйланади. 1912 йил Тошкентнинг Чархи маҳалласида Бегойим Раҳимова ўзининг Туркистондаги биринчи янги усулдаги қизлар мактабини очади. Бу Раҳимийлар хонадонига тегишли учинчи мактаб эди.
«Садойи Туркистон»нинг 1914 йил 30 май сонида Адолатхон очган қизлар мактаби ўқувчиларининг намойишкорона синов топшириши акс этган мақоласи босилган бўлса, 1915 йилги нашрида Бегойим Раҳимова мактаби ўқувчиларининг ота-оналар ва меҳмонлар гувоҳлигидаги имтиҳони жадид матбуотида қувончли ҳодиса сифатида эътироф этилади. Оиланинг кенжа қизи Саломатхон улғайиб, Бегойим Раҳимий мактабида ўқувчи бўлади, Ғафуржон эса рус-тузем мактабини тугатади.
Ўлкада советлар ҳокимияти мустаҳкамланиб боргани сари жадид мактаблари фаолиятига чек қўйила бошлайди. «Раҳимия» мактаби «№18 мактаб» деб ўзгартирилади. Бегойим Раҳимова 12-сонли аёллар мактабида дарс бера бошлайди. Бироқ 1919-20-йилларда очарчилик туфайли мактаб ёпилиб, Бегойим Раҳимова ишсиз қолади. Кейинроқ, 1920 йилда 38-сонли «Билим» мактабига ишга киради.
Собиржон Раҳимий 1918-20 йилларда мактаб фаолиятини сақлаб қолиш учун «Қўшчи» иттифоқида саводсизлик курсида муаллим ва мудир бўлиб ишлайди. 1924 йил «Ўзбекфильм» учун «Эски ва янги мактаб» кино лойиҳасини ёзиб, унда ўзи янги мактаб муаллими, Раҳим Пирмуҳаммедов эски мактаб муаллими ролини ўйнайди.
1926 йил Самарқанд шаҳрида очилган Ўзбекистон зиёлиларининг биринчи қурултойида вакил бўлиб иштирок этади. Тажрибали муаллим Собиржон Раҳимий директор лавозимига кўтарилиб, Оқилхон Шарафиддинов, Саъдулла Шарафиддинов, Носирхўжа Акбаровлар ўқитувчилик қилган 18-мактаб совет мактаб таълими учун намуна қилиб олинади.
Бироқ ўтган асрнинг 20-йиллари сўнггида Мунаввар қори Абдурашидхонов ва унинг «Миллий иттиҳод» гуруҳига қарши сохта айблов кампанияси авж олади. Улар орасида Собиржон Раҳимийга ҳам қарши турли бўҳтонлар уюштирилади. Шундай бир шароитда у директорликдан олиниб, ўрнига синглиси Саломатхон тайинланади.
Бу ишлардан сўнг Собиржон Раҳимий муаллимликни ташлаб, 1930 йилда Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг педагогика факультетига ўқишга киради. Талабалик йиллари Тошкент вилоятининг Чиноз, Хоразмнинг Манғит ва Тожикистоннинг Ҳовалинг туманларида маданий оқартув ва ўқитувчиларни тайёрлаш ишида иштирок этади. 1934 йил олий таълим ҳақидаги дипломни олгач, университет тавсияси асосида Тошкент қишлоқ хўжалиги машинасозлиги («Ташселмаш») заводи қошидаги қисқа муддатли курсларда ва ишчиларнинг кечки университетида тил ва адабиёт фанидан дарс беради.
Шу ўринда Собиржон Раҳимийнинг укаси ҳамда шогирди бўлган Шокиржон Раҳимий фаолиятига алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз. 1898 йил туғилган Шокиржон Раҳимий отасининг бевақт вафотидан сўнг акаси Собиржоннинг тарбиясида улғайди. Аввал «Раҳимия»да акасининг қўлида савод чиқарди, сўнг Мунавварқорининг «Намуна» мактабида, икки йил «Кўкалдош» мадрасасида ҳамда унинг қошидаги кечки рус-тузем мактабида таълим олади. Мадрасада араб тили, ақоид, ислом фиқҳи, тарих ва адабиётни, мактабда эса рус ҳамда татар тилларини мукаммал ўрганади.
1909 йилдан бошлаб акаси мудир бўлган «Раҳимия» мактабида ўқитувчилик қилади. 1913 йили биринчи китоби «Тарихи муқаддас»ни «Илин» типографиясида чоп эттиради. У жуда кичик ёшидан жадид тараққийпарварлари сафига кириб келди. 1914-16 йилларда Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг тавсияси билан жадидларнинг «Турон» театрига кириб, Абдулла Авлоний раҳбарлигида Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг «Падаркуш» драмасини саҳнага олиб чиқадилар. Унда Шокиржон актёр, акаси Собиржон эса суфлёр сифатида қатнашади.
Шокиржон Раҳимий ўқитувчилик билан бирга «Садойи Туркистон» газетасида ҳам жадид ғояларини тарғиб этиб, чиқишлар қилади. 1916 йил мардикорликка қарши қўзғолонда ҳам, 1917 йил инқилобларида ҳам жадид тараққийпарварлари сафида фаол иштирок этди. 1917 йил 14 март куни «Шўрои Ислом» таъсис этилганида биринчилардан бўлиб аъзо бўлди, Туркистон мухториятини қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган «Фуқаҳо» жамиятига котиблик қилди. Тошкентдаги Туркистон мухторияти қурултойларида иштирок этди, «Нажот», «Эл байроғи» каби жадид нашрларида мунтазам чиқишлар қилди. Туркистон мухторияти большевиклар ҳукумати томонидан қонли бостирилгач, яна маориф ишига киришади.
1918 йил 12 май куни Мунавварқори Абдурашидхонов раҳбарлигида Туркистон халқ дорилфунуни очилганида Шокиржон Раҳимий дорилфунун ҳузуридаги беш йиллик дорилмуаллиминга раҳбар этиб тайинланади. 1918-1923 йилларда Тошкентнинг эски шаҳар маориф бўлимида мудир, айни пайтда биринчи босқич мактаби ва таълим-тарбия билим юртларида ўқитувчи бўлиб фаолият юритди.
«Чиғатой гурунги»да шахсан Фитратнинг ўзи Шокиржонга тил ва орфография масалаларида ишлашни буюради. Ўзбек тили ва адабиёти фанидан ўқитувчилар тайёрловчи икки ойлик курс очиб, унда Шокиржон Раҳимий устозлари Фитрат, Қаюм Рамазонлар билан бирга дарс беради.
Шокиржон Раҳимий 1922 йил Тошкентда очилган маориф институтини битириб, олий маълумотли педагог, тилшунос дипломини қўлга киритади. 1927 йил Тошкентда ишчи факультети директори, 1928 йилдан маориф институти мудири, сўнг «Ўзбекистон» нашриётида мудир бўлди. Шокиржон Раҳимий педагог сифатида 1919 йилда чоп этилган ўзбек тилидаги биринчи алифбе дарслиги – «Совға»нинг муаллифидир.
Шунингдек, 1922 йилда унинг «Катталарга ўқиш», «Алифбе дарслиги», 1924 йилда «Катталар йўлдоши», 1925 йилда Шоҳид Эсон Мусаев билан бирга ёзган 4 жилдли «Ўзбекча тил сабоқлиғи» дарсликлари бутун мамлакатга тарқатилган эди. 1927 йилда «Катталар алифбеси», «Яшасун Туркистон», «Батраклар алифбоси» каби дарсликлари, 1930 йилда «Савод», 1932 йилда «Ўзбек тили иш китоби» сингари ўқув қўлланмалари чоп этилган.
Бундан ташқари, у «Ислом тарихи» китобини ёзди, 1924 йилда илк бор миллий календарь яратди. Шокиржон Раҳимий тилшунос сифатида ўзбек тили терминлари ҳамда Отажон Ҳошимнинг таклифи билан ўзбек тилидаги сингармонизм ҳодисасини ўрганади. Йирик олим, жамоат арбоби бўлган Шокиржон Раҳимий 1937 йил 5 август куни аксилинқилобий фаолиятда айбланиб, қамоққа олинади ва 1938 йил 5 октябрь куни машъум «учлик» томонидан олий жазога ҳукм қилинади...
Шокиржон Раҳимий туҳмат билан қамоққа олинганидан сўнг кўп ўтмай акаси, таниқли муаллим Собиржон ҳам 1938 йил 15 февраль куни ҳибсга олинади. Собиржон Раҳимий «1925 йилги намойишда қўлида бир парча яшил матодан байроқ тутган ҳолда иштирок этган ва ишчи факультетида мавзуни ўзбек талабаларига ўзбек тилида тушунтириб, Акмал Икромов қамоққа олинган вақтда норози оҳангда гапирган» қабилидаги тутуриқсиз айбловлар билан сўроққа тортилган.
Ордернинг 20 февраль куни берилиши, шахсий анкетасида унинг туғилган санаси сифатида 1910 йил, 1893 йилларнинг кўрсатилиши, турмуш ўртоғининг 45 ёш деб ёзилиши ҳам қамоққа олинишнинг ноқонуний бўлганини исботлайди. Шу тариқа С.Раҳимийнинг жазоси енгиллаштирилиб, 5 йил МТЛга ҳукм этиш билан алмаштирилади…
Белгиланган беш йиллик жазони етти йилда ўтаб қайтган, соғлиғидан айрилиб, ўғлининг қарамоғида яшаётган 71 ёшли кекса муаллим Собиржон Раҳимий ҳам 1956 йил 20 июнь куни Туркистон Ҳарбий Округи Ҳарбий трибунали прокурори номига шикоят йўллаб, ўзининг ноҳақ айбловлар асосида қамоққа олингани ва оқлашларини талаб қилади. Ёзилган аризалар асосида мазкур иш қайта текширилиб, 1957 йил 10 январда СССР Олий Суди томонидан Собиржон Раҳимий ва унинг сафдошлари оқланди. Бироқ бу кунларга уларнинг бир қисми тирик етиб келолмадилар.
Жумладан, 1943 йил урушга юборилган ажойиб муаллим Бектўра Назаров жанг майдонларида қолиб кетди. Қодир Иноғомов лагерда орттирган касалликлари туфайли 1950 йил 9 июнда вафот этган эди.
Хуллас, 1957 йилга келиб ака-ука Шокиржон ва Собиржон Раҳимийлар оқланди. Умрининг асосий қисмини муаллимлик билан ўтказган Собиржон Раҳимий мактабидан миллатимизнинг не-не зотлари, ифтихори бўлган олимлари, шоиру муҳандислари етишиб чиқди. Биргина мисол – «Раҳимия» мактаби ёнида Умар қозоқ исмли тегирмончи инсоннинг уйи жойлашган эди. Унинг вафотидан сўнг ёш етим қолган ўғли Собиржон тегирмонни ишлата олмай, уйи ёнида сабзавот дўкони очиб онасига ёрдам бериб юради.
Устоз Собиржон Раҳимий уни мактабида илм олишга даъват этади. Ёш Собиржон ўзининг аҳволини айтгач, унга ёрдам беради ҳамда текин дарслик ва қўлланмалар билан таъминлайди. Мактабда илм-савод олган Собиржон Боку ҳарбий билим юртига ўқишга танловдан ўтганидан сўнг устозидан дуо олишга келади.
Собиржон дуони олар экан, сўнггида раҳмат айтиб, устозга, мени ота-онам дунёга келтирди, бироқ сиз берган таълимингиз билан мени қайта дунёга келтирдингиз... Бугун буюк мақсад, катта орзулар сари талпинмоқдаман, сизнинг шарифингизни ўзимга олсам рози бўласизми, дейди. Бу сўровни кутмаган устоз йиғлаб, узоқ дуо қилади. Айнан шу устознинг дуосини олган йигит бугун миллатимизнинг ифтихорларидан бири бўлган генерал-майор Собир Раҳимов эди.
Ҳа, ўзбекнинг минглаб болаларининг гўдак қалбига эзгулик, илм-маърифатга муҳаббат туйғусини қадаган устоз муаллимнинг хотираси ҳамон халқимиз қалбидан ўчмаган. Бугун Собиржон Раҳимий авлодлари мамлакатимиз тараққиётига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшиб келмоқда.