“Миллий тикланиш” демократик партияси билан деярли бир санада “туғилган” газетамиз ҳам бугун 30 ёшини нишонлаяпти. Шу муносабат билан яқин тарихга бир назар ташладик. Ва, газетамизнинг кейинги 15 йиллик архивимизни титкилаб, айни пайтда ҳам долзарблигини йўқотмаган бир-икки мақолаларни қайта эътиборингизга ҳавола этишга қарор қилдик.
2009 йил 15 июль
ТОПГАНИНГИЗ — ТЎЙЛАРНИКИМИ?
Муаммо, имконият, ечим
Халқимизнинг моддий шароити, турмуш фаровонлиги юксаляпти. Жамият тараққий этиши баробарида анъаналар, қадриятлар ҳам ривожланиб, такомиллашиб боради. Шу нуқтаи назардан халқимиз турмуш фаровонлиги ортгани сари урф-одатларимиз, маросимларимиз ҳам ўзгаряпти. Афсуски, бу ўзгаришларнинг ҳаммасини ҳам хайрли ёки ижобий, деб бўлмайди. Айниқса, гап бугунги тўйларимиз ҳақида кетар экан, уларга кириб келаётган янги русумлар, таомиллар кишини нафақат таажжубга солади, балки ташвишлантиради ҳам. Чунки айнан шунда янгича урф-одатларнинг пайдо бўлиши ва халқ орасида аста-секин оммалашиши миллий маънавиятимиз ва ахлоқий тарбиямизга салбий таъсир кўрсатмай қолмайди.
Тўйдан бошқа мавзу йўқми?
Сўнгги пайтлар матбуотда тўйлар билан боғлиқ мавзуларда кўп чиқишлар бўлаяпти. Шу боис, ушбу мақола газетхоннинг бироз ҳафсаласини пир қилиши, “шу журналистлар учун ёзишга тўйдан бошқа мавзу йўқми”, деган эътирозга сабаб бўлиши ҳам мумкин. Биз бунинг учун албатта улардан узр сўраймиз. Аммо шу билан бирга халқимизнинг маданий-маънавий ҳаётида рўй бераётган ва омма орасида кўп муҳокамага сабаб бўлаётган мавзу ҳақида ёзишга журналист сифатида ўзимизни бурчдор деб ҳам ҳисоблаймиз. Қолаверса, тўй жамият ижтимоий-маънавий ҳаётининг муҳим бир тадбири сифатида мавжуд экан ва у халқнинг турмуш тарзига таъсир кўрсатар экан, қайси даврда бўлишдан қатъий назар, у ҳақида ёзилаверади. Йўқса, бундан салкам бир аср аввал буюк миллатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудий ўзининг 1915 йил “Ойна” журналининг 13-сонида босилган “Бизни кемиргувчи иллатлар” мақоласида тўйлар ҳақида куйиниб ёзмаган бўларди:
“...Бизнинг қилатурғон ақлсизлигимизни яна ким қилур? Никоҳ, хатна, бу икки бало шундоғ қаттиғ иллатки, ўлмагунча қутулиб бўлмайдур... Биз бир таноб еримизни 200 сўмға сотиб, тўй қилмоқчи бўлсак,”. -ерни хўп пулға урдим" деб мажнунона шодланурмиз. Инсонни бу қадар аҳмоқлиги ажибдур. Бизға лозимки, тўй ва таъзияларимизни кичик қилиб ва ҳолимизча ҳаракатда бўлуб, келар замонимизни ўйлайлик.
Тўй ва таъзияға сарф қилинатурғон оқчаларимизни биз илм ва таълим йўлига сарф этсак...”
Даврийлиги нуқтаи назаридан ушбу мақолада кўтарилган муаммолар ҳозир ҳам миллатимизнинг оғриқ нуқталаридан бири сифатида кўпчиликни ўйлантирмоқда.
Пул бўлса, чангалда шўрвами?
Тўй азалий миллий қадриятимиздир. Фарзанд кўриб, тўй қилсам, юртга ош берсам, деб ният қилмаган бирорта ўзбек топилмаса керак. Шу боис фарзанди туғилгандан бошлаб тўйга тайёргарлик кўради. Вақти-соати етганда ҳар ким ўз имкониятидан келиб чиқиб уни амалга оширади. Аммо, сўнгги пайтларда тўй маросимларига дабдабали, ҳашаматли одатларнинг кириб келиши ана шу имконият билан ҳисоблашмай қўй(ишимизга олиб кел)ди. Шу ўринда (ҳақли бир) савол туғилади. Бу одатлар, расм-русумларни таомилга кимлар олиб киради? Кўпчилик бу саволга “пули кўплар, асосан бойлар” деб жавоб беришади ва бир томонламаликка йўл қўйишади. Масаланинг иккинчи томони ҳам бор. У ҳам бўлса “Пул тўлаган мусиқани буюртиради”, яъни пул топган одам уни қандай сарфлашни ҳам ўзи билади. Хоҳласа совуради, хоҳласа тежайди.
Бошқаларга нима? Қурби етса тўйни ҳам ўзи истагандай қилавериши мумкин. Уларни чегаралашдан кимга фойдаю, кимга зарар. Шу боис ҳозирча “пули кўплар” деган хулосани шартли равишда оламиз ва ҳали юқоридаги саволга яна қайтамиз.
Ёр-ёр қаерда айтилади?
Илгари тўйлар ҳар кимнинг ўз уйида бўларди. Эндиликда шаҳарда ўз уйида, ҳовлисида маҳалла-кўй, қариндош-уруғлар билан тўй қилиш урфдан чиқиб бўлди, ҳисоби. Қолаверса, кейинги йилларда тантанали маросимларни ўтказишга мўлжаллаб бир-биридан чиройли, ҳашаматли сарой ресторанлар қурилди. Бундан ташқари уч, тўрт, беш юлдузли меҳмонхоналар ресторанларда тўй ўтказиш янада обрўлироқ. Ана шундай меҳмонхоналарнинг бирини пештоқига "Тантанали тўй маросимларини ўтказишга энг қулай, бизда ҳар бир киши учун 26 минг сўмдан бошланувчи ўртача нархлар белгиланган", деган ёзувлар осиб қўйилган. Ҳозир эл қатори қилинган тўйга беш-олти юз одам айтилади. Кичкинагина деган тўй ҳам икки юздан кам одамсиз ўтмайди. Ҳатто мингдан ортиқ меҳмон иштирок этадиган тўйлар ҳам бор. Юқорида номлари қайд этилган ресторан тўйхоналарнинг баҳоси киши бошига 20 мингдан кам эмас. Умумий ҳисобни тасаввур этиш мумкин. Бир неча миллиондан, бир неча ўн миллионларга етади. Ойлик-маошга яшайдиганлар, қўшимча даромади йўқлар нима қилишади, табиийки қарз олиб, тўйдан кейин уни йиллаб тўлашга мажбур бўлади. Бу тўйга айтиладиган одамлар сонию, дастурхонга кетадиган сарф-харажатлар, холос. Уларга кўпроқ оила бошлиқлари, яъни эркаклар жавобгар. Аммо, тўй дегани фақат бир кунлик тадбир билан чекланмайди.
Танқидни танқид...
Яқин-яқингача жамоатчилик орасида келин кўйлакни фалон юз долларга ижарага олиш танқид қилинарди. Ҳозирги орзу ҳаваслар олдида у ип эшолмай қолди. Икки-уч соати фалон юз доллар турадиган “Лимузин”да юриш, япон боғига бориб, расмларга тушиш бугунги қизларнинг орзусидан, аллақачон куёвларга қўйиладиган қатъий талабига айланиб бўлган.
Кейинги пайтларда тўйларимизга кириб келган янги урфлардан бири бу никоҳ оқшомининг махсус сценарий асосида ўтказилишидир. Бу сценарийларнинг ичида ўта дабдабали, ҳашаматлилари борки, ҳайратдан ёқа ушлайсан киши. Тўйни келин-куёвнинг вальси билан бошланиши, (бунинг учун келин-куёв бир ой давомида балетмейстрдан махсус пуллик дарс олади) бир санъаткорнинг “навбатчи” бўлишию, ўнлаб қўшиқчиларнинг “бирров”га келиб-кетишлари ҳам нисбатан урфдан қолди. Эндиликда тўйларда оркестрнинг ўйнаши ёки шоу-балетларнинг иштироки урфга кирди. Бундай тўйга кириб қолган киши ўзини Ғарб миллионерларининг пулни қандай сарфлашини кўрсатадиган, аслида реклама учун (у ҳам пул топиш тури) қилинадиган маросимга тушиб қолгандай ҳис қилади. Даврада зодагонлардай виқор билан ўтирган аёллар, тўй қилаётган қариндошининг, яқин танишининг қувончига шерик бўлишдан кўра, ўзининг махсус сартарошлари томонидан қилинган соч турмакларию, пардозлари, эгнидаги янги қимматбаҳо либосию зийнатларини кўз-кўз қилгани келган одамга ўхшайди. Мусиқаларнинг қулоқни қоматга келтирадиган овози бу ерга келган меҳмонларни бир-бири билан суҳбатлашишга имкон ҳам бермайди.
Рақсга тушувчиларнинг давраси эса гавжум дискотека клубларини эслатади. Айрим тўйларда дастурхонга кетма-кет тортиладиган беш-олти хил турдаги таомларга ё қўл урилади ёки урилмаса, айримларда ейишга тузукли нарса бўлмайди.
Тўй бизнес манбаими?
Саволни бежиз бундай қўймадик. Чунки тўй қилган битта одаму, ундан манфаат кўрадиганлар, яъни пул ишлайдиганлар кўпчиликни ташкил этади. Бозор иқтисодиёти шароитида пул топишнинг турфа йўли тўйларни ҳам четлаб ўтмаган. Илгарилари битта ошпазу, санъаткорга тўй эгаси томонидан буюртма тушарди. Эндиликда улардан ташқари тўйхонани безайдиганлар, никоҳни қайд этувчилар, келин кўйлакни ижарага берувчилар, рақс ўргатувчилар, сартарошлар, ҳайдовчилар, сураткашлар (ўн дақиқа-да меҳмонларни суратга тушириб, расмини пулга сотадиганлар), видеотасвирга туширувчилар, карнай-сурнайчилар, қандолатчилар (битта тўй торти 50 мингдан бошланади), келин саломчилар ва бошқа шунга ўхшаган хизмат эгаларининг тирикчилиги тўйлар билан боғлиқ.
Ҳатто келин-куёвлар истироҳат боғларида сайр қилиш учун ҳам пул тўлашади. Буни тўй бизнеси дейишдан бошқа яна нима деб аташ мумкин?
Ҳамма гап аёлларда
Юқорида “Тўйларга янгича русумлар, таомилларни ким олиб киради”, деган саволни ўртага ташлаган эдик. Опа-сингилларимиз хафа бўлишмасину, тўйларда турли янгиликлар, урфларнинг пайдо бўлишига кўпроқ аёллар сабабчи. Чунки уларнинг табиатида шароитга эмас, орзу-ҳавасга қараб иш тутишга мойиллик кучли. Қўшниси, қариндоши, таниш-билишининг тўйида кўрганидан ниманидир ортиқча қилиш керак, бўлмаса на еган-ичгани татийди ва на юриш-туришида ҳаловат бўлади. Тўй билан боғлиқ харажатларнинг катта қисми сарполарга сарфланади. Ҳаммадан қоладиган шу буюмларнинг ҳар бири, майда-чуйдасигача ҳисобга олинади. Ҳатто икки томон орасида юзага келадиган муаммоларнинг аксарияти ҳам сарпо билан боғлиқ. Илгарилари келин-куёвга жиҳоз берилмас, тўртта кўрпа-кўрпача, уч-тўрт қатор кийим-бош қилинарди. Ҳозир кўрпачанинг ўзи 20 дан ошади. Уй-жиҳозлари, қатор-қатор гилам ва қимматбаҳо идишлар ўз-ўзидан бўлиши керак. Аҳвол шу даражага бориб етдики, жиҳозларни куёв томондагиларнинг ўзлари буюртма беряптилар. Кийим-кечакнику айтмаса ҳам бўлади. Яъни, телевизорда қайта-қайта намойиш этилган “Қирқ тоғараю, қирқ ноғора”даги ҳангомалар деярли ҳаётдан олинган.
...Нозима онасига қачондан бери “Компьютер олиб беринг” деб ялинади. Онаси эса “Аввал опангни узатиб олай, кейин сенга компьютер олиб бераман”, - деди. Опаси узатилгандан кейин эса, “тўйга олган қарзлардан қутилиб олайлик, кейин” деди. Унгача Нозиманинг ўзи ҳам узатиладиган бўлиб қолди. Қизининг билим олишидан кўра, уни сарпо-суруғини тахлаб узатиш муҳим. Йўқса “сепсиз қиз” маҳаллада уятга қолади...
Мартаба кимга керак?
Тўйлар билан боғлиқ чиқим, сарф-харажатларни жуда яхши биламиз. Уларни қисқартириш ва тартибга солиш маҳалла бошқаруви идораларидан тортиб юқори органларгача муҳим ижтимоий масала сифатида долзарб аҳамиятга эгалигидан ҳаммамиз, айниқса биз зиёлилар хабардормиз.
Қолаверса, бундан ўн бир йил илгари тўйлардаги ортиқча сарф-харажатлар ҳукумат миқёсида кўрилиб, уларни тартибга солиш юзасидан Президентимизнинг махсус Фармони эълон қилинган эди.
Жойлардаги йиғилишларда, маҳаллаларни бошқарувчи мутасаддилар тўйлардаги сарф-харажатларни меъёрга солганликлари ҳақида ҳисобот берадилар. Агар шундай бўлса, тўйлардаги дабдабалар, ҳашаматлар қаердан пайдо бўляпти, деган ҳақли савол туғилади.
...Эшитишимга қараганда қишлоқларнинг бирида тўй ўтказиш қатъий тартибга солинган бўлиб, меҳмонларнинг сони мезбонлар билан биргаликда бир юз элликдан ошмаслиги керак экан. Агар исрофгарчиликка йўл қўйилгудай бўлса, маҳалла оқсоқоллари, ҳуқуқ тартибот органлари вакиллари билан биргаликда ортиқчасини етим-есирлар, кам таъминланган оилаларга тарқатишар экан...
Ташқаридан қараганда бундай ҳаракатлар инсон ҳуқуқларига зид. Аммо урф-одатлар, миллий қадриятларга хоҳлаганча ўзгартириш киритишга ҳам ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
Тўйларимиз-ўйларимиз, аммо болалар-чи?
Фарзандларимизнинг баркамол вояга етишлари учун шахсан Юрт-бошимиз раҳнамолигида ишлаб чиқилган махсус Давлат дастури асосида иш олиб борилмоқда. Ҳозир қайси шаҳар ва қишлоқни қараманг барча қулайликларга эга замонавий таълим муассасалари, спорт иншоотлари, ижодиёт уйлари, мусиқа мактаблари фаолият кўрсатяпти. Аммо улар барча болаларни қамраб олганича йўқ. Шу ўринда яна савол туғилади. Эртага гўшангага куёв, кенг уйнинг келини бўладиган ўғил-қизларимиз бугун қандай улғаймоқда? Уларнинг билими, дунёқарашлари қандай, нималарга қизиқишади? Буни ота-оналари биладиларми? Қизининг туғилишидан сарпо йиғадиган она уйининг бурчагида қизи учун дарс қилишга битта стол қўйиб, шароит қилиб берганми? Болаларининг ўзлаштиришлари, ҳулқи билан қизиқиб ўзича мактабга борганми? Тўйларда ширакайф бўлиб, тантилик билан пул сочган ота ўғлининг мактаби қаердалигини, устози кимлигини биладими? Спортчи бўлишни орзу қилган ўғлини ота қўлидан тутиб, футбол ёки теннис секциясига олиб борганми? Шубҳасиз, бундай ота-оналар бор, аммо уларнинг қаторида фарзанд тарбиясини фақат едириб-ичириш, моддий таъминотда деб биладиганлар ҳам озчиликни ташкил қилмайди.
Ғалати парадокс бор. Қишлоқлардаги аёллар баъзан етишмовчиликдан нолишади. Оёқ кийими йўқ, деб боласини мактабга жўнатмаган аёлларни биламан. Ҳали вояга етмаган фарзандини ўқишдан қолдириб, оғир жисмоний меҳнат орқали пул топишга мажбурлаган шаҳарлик опа-сингиллар билан суҳбатлашганман. Улар боласининг хоҳишини бажармаслиги мумкин, аммо мана шундай тўйлар учун метри фалон минг сўм турадиган матодан кўйлак тиктириб киядилар. Чунки урфдан қолиб бўлмайди. Ўғил-қизининг ёмон баҳо олгани, билимсизлигидан уялмаслик мумкин, аммо одми кийим билан тенгдошларидан орқада қолишдан номус устун. Буни яхши билган болалар битирув оқшоми учун фалон пул турадиган кўйлакни олиб беришни талаб қилса, дабдабали битирув оқшомлари учун мактабни, устозларни айблаймиз.
Болалар бизнинг аксимизни кўрсатувчи кўзгудир. Уларга қандай муносабатда бўлсак, жавобни ҳам шунга яраша оламиз. Ахир улғаяётган сизу бизнинг фарзандимиз эмасми? Олманинг тагига эса фақат олма тушади.
Хулоса қилганда...
Тўйларимиз билан боғлиқ ушбу мулоҳазаларимиз билан кимнидир ранжитиш, кимнингдир ҳамиятига тегишдан йироқмиз. Ва ёзганларимизни “бетга айтганнинг заҳри йўқ” тарзида қабул қилишингиздан умидвормиз, азиз газетхон. Ахир битта юртда яшаймиз, бир халқнинг фарзандларимиз. Унинг обрўси, шаъни, маънавияти ва маданиятига берилган баҳо барчамизга бирдай дахлдор. Шундай экан, уни сақламоқ, фарзандларимизга яхши томонларимиз билан намуна бўлишга масъул эканлигимизни унутмасак бас.
“Миллий тикланиш”нинг 2009 йил 15 июль сони,
Назира Қурбон, журналист
(Айни пайтда филология фанлари номзоди, профессор )