Жаноб мутасаддилар, сизларни “Тожмаҳал” кутаяпти...

Жаноб мутасаддилар, сизларни “Тожмаҳал” кутаяпти...


Одатда Бухорони шарқ гавҳари дейишади. Ер юзининг қай бир ҳудудига борманг, ушбу шариф шаҳарни алоҳида эҳтиром билан тилга олишларига гувоҳ бўласиз.

Қадим шаҳарнинг кўҳна гумбазлари, кўкка бўй чўзган миноралари, нафис ва салобатли мадрасалари асрлар оша бизгача етиб келган.

Аммо…

Бугун бизга тўрт асрлик тарихдан сўзлаётган, Бухоро «Тож маҳали» дея эътироф этилган Абдулазизхон мадрасасининг айни пайтдаги аҳволидан мутасаддиларнинг хабари борми, деган савол ҳар бир бухороликни чуқур ўйлантиряпти, десак хато бўлмайди.

Маълумот ўрнида айтиш лозим, айни кунда вилоят ҳудудида 829 та маданий мерос объекти бўлиб, уларнинг 599 таси давлат рўйхатидан ўтказилган. Қолган 399 та маданий мерос объектини рўйхатдан ўтказиш бўйича иш олиб борилмоқда. Шу билан бирга 829 та маданий мерос объектида муҳофаза пештахталари ўрнатилиб, 150 та зиёратгоҳнинг қўриқланадиган чегаралари белгиланган.

Шунингдек, 478 та маданий мерос объектининг электрон жадвали тузилиб, 150 та қўриқланадиган ҳудуд белгиланди. 72 та ўрганилмаган маданий объект эса давлат муҳофазасига олинди.

Шулар қаторида 1652 йилда Аштархонийлар ҳукмдори Нодир Муҳаммаднинг ўғли Абдулазизхон даврида бунёд этилган маҳобатли иншоот ҳақида алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз.

Мадраса пештоқи рангдор сирли кошинлар билан безатилган бўлиб, уларда табиат манзаралари, мавжудотлар ҳамда қуёшга қараб интилаётган афсонавий семурғ қуши тасвирланган.

Унинг мўъжизавий жиҳати шундаки, бино ичидаги масжидда гуллар билан ҳамоҳанг тарзда усталар томонидан «чол» сурати тасвирланган. Хонага ёруғлик тушган заҳоти киши узоқдан меҳробга қараса салла ўраган, оқ тўнли ва соқолли кишининг тасвири пайдо бўлади.

Қазишма ишларидан кўриш мумкинки, аксарият Бухородаги меъморий обидалар қатори Абдулазизхон мадрасаси ҳам аввал мавжуд бўлиб, кейин бузиб ташланган бошқа бир бино устига қурилган.

1930-1931 йилларда моҳир уста Ширин Муродов томонидан бош пештоқи, 1960-1961 йилларда Очил Бобомуродов, Иброҳим Аббосов, Сайфулло Норов ва бир қатор реставраторлар томонидан ҳовли пештоқи ва 1980 йилда эса Исмат Муҳсинов бошчилигида таъмирлаш ишлари олиб борилган.

Бугунга келиб мадраса яна таъмирталаб ҳолатга келиб қолган. Тўғри,  2023 йили бинонинг шарқий (аҳоли яшаш уйлари томони) қисмида енгилгина таъмирлаш ишлари бажарилган. Аммо бинонинг шу ҳолатга келишининг сабаблари ўрганилдими? Балки, аҳоли уйларида шу кунгача сақланиб қолган тарновларни тартибга келтириш ва бино атрофида Сомоний мақбарасида қилингани сингари зах қочириш ишларини амалга ошириш кераклиги тўғрисида ўйлаб кўриш лозимдир.

Мадрасага эътибор берсангиз, қизиқ ҳолатни кўрасиз: унинг ташқи ва ички деворларидаги нақшинкорлик ишларининг ярми тугалланмасдан қолдирилган.

Неча йиллар давомида таъмирлаш ишлари режасида бўлган бу ёдгорликка навбат қачон келади? У қулаб тушганидан кейинми? Шундан келиб, чиқиб ёдгорликни таъмирлашга жамоатчиликни кенг жалб этиш вақти келди, дейиш мумкин. Чунки мутасаддилар йиллар давомида бу ишни умуман бажармай, ёки чала-ярим бажариб келишди.

Маълумки, тарихий обидаларни тиклаш, таъмирлаш, реставрация қилиш жуда мушкул иш бўлиб, кўп вақт талаб этади. Гарчи ҳозир мадрасада таъмирлаш ишлари бошланган бўлса-да, лекин уни имкон даражасида тезлаштириб, мутахассислар ёки аҳоли вакилларини жалб қилган ҳолда, ноёб архитектура ёдгорлигини асраб қолиш, пировардида келгуси авлодларга бус-бутун етказиш бош мақсадга айланиши лозим.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу обида таъмири дастурга киритилган, маблағ ажратилган бўлса-да, асосий муаммо мутахассислар етишмаслигидадир. Лекин шунга қарамай, «таъмирни 2026 йилгача якунлаймиз» қабилидаги асосли ёки асоссиз баҳоналар, очиғи, кўпчиликнинг ҳафсаласини пир қилмоқда. Зотан, келажак авлод ушбу мажмуанинг китоблардаги расми ёки бино қолдиғини эмас, асл ҳолини кўриб, боболарининг санъатидан ғурурланишилари лозим.