«Мен фаросат деган сўзни шундай қадрлайманки, уни бот-бот такрорлашдан ўзимни тияман. Назаримда бу сўзни қанча кўп ишлатсам унинг қийматига шунча путур етаётгандек туюлаверади. Бироқ бугунги замондошларимизнинг аксариятида бу хислатнинг йўқлиги, борларида ҳам унинг йўқолиб бораётганлиги мени чуқур ташвишга солади».
Таниқли сиёсатшунос Шерзодхон Қудратхўжанинг айнан шу фикрлари мени қўлимга қалам олишга, аниқроғи, яна «қўҳна мавзу» ҳақида ёзишга ундади…
Душанба куни сени севаман,
Сешанба куни сени севаман,
Чоршанба куни сени севаман,
Пайшанба куни алоҳида севаман,
Жума куни сени севаман,
Лекин шанба, отдих кунлари дам оламан.
Худди шу «мағзава қўшиқ» шу йилнинг 29 июнь куни соат 23:00 лар атрофида «Ўзбекистон» телеканалида янгради!
Уйинг куйсин, бетинг қурсин,
Номинг ўчсин,
Учрашувга чиққанингда музқаймоқлар еган эдинг,
Тузим урсин,
Юрагимнинг ойнасини ёмғир ювсин.
Буткул қарғишга беланган бу «хонишча» бир йигитча томонидан ижро этилиб, ҳозирда турли ижтимоий тармоқлару, хусусий телеканалларда «адашган ит каби» «айланиб» юрипти. Ўзбек эстрада санъати осмонида «порлаётган» бундай «юлдузча»ларнинг алжирашларидан хуноб бўлиб турган чоғимда навбатдагиси ҳаммасидан ошиб тушди:
Ёши аллақачонлар олтмишдан ошиб кетган, телеведениеда ўзини тез-тез кўрсатиб, ёш авлодни ундоқ тарбиялайлик, бундоқ парвариш қилайлик, невараларим тарбиясида ўта қаттиққўлман дея бутун Ўзбекистонга жар солаётган таниқли аёл хонандамиз… яқинда ўзиникими, бировникими билмадим, ҳайтовур бир хобгоҳда ётиб олиб, тинмай тўлғаниб, эшилиб ўз ёрини соғиниб кутаётганлигинию ғунча лаблари унга жудаям ташна эканлигини айтиб нола қилиб қолса денг! Бу таърифга сиғмас ҳолатни телевидениечиларимиз ҳам ҳеч бир истиҳолаю, иккиланишларсиз эфирга узатдилар...
Энди англаётгандирсиз, таниқли сиёсатшуноснинг нега куйиб пишаётганлигинию, менинг жизғанак бўлиб қўлимга қалам олганлигим боисини.
Қадимги хитой файласуфи Конфуций «Миллатнинг қандай қўшиқ тинглаётганлигини менга айт, мен ўша элнинг қандайлигинию, унинг кейинги тақдирини сенга айтиб бераман», деган экан. Шу ерда ҳақли бир савол туғилади: юқоридаги ҳолатларни нима деб аташ мумкин?! Агар буни фаросатсизлик деб атасак, бу «унвон» унинг соҳибларига анча камлик қилади-ёв…
Туркий халқларда хобгоҳ ўта шахсий жой саналади. Уни телевидениеда кўрсатиш тугул, бу ҳақда сўзлашга ҳам фаросатли одам истиҳола қилади, уялади, очиғи. Лекин… қўшиқчи деган «улуғ зот»лар бу масканга ҳам ҳужум қилиб, уни аллақачонлар муваффақиятли тарзда ишғол қилиб ташлашганини «бувижон хонандамиз» телевидение орқали исботлаб бердилар.
Барот Холдоров қирқ йилдан буён Жиззах вилоятининг Зафаробод туманидаги 9-умумтаълим мактабида болаларга ўзбек тили ва адабиёти фанидан дарс беради. Очиғи, мен ҳам ундан таҳсил олганман. Яқинда қишлоққа борганимда у киши билан ҳамсуҳбат бўлиб қолдим. Шунда домла куйиниб гапириб қолдилар:
- Телевизор аталмиш матоҳнинг у қулоғини бурасанг, бемаза куй-қўшиқлар, бу қулоғини бурасанг бетайин сериаллар чиқиб келаверади. Буларнинг номию сони шунчалар кўпки, санаб саноғига ҳам етолмайсан. Гапининг на тайини, на эга-кесими бор актёр ва актриса деганлари ёмон қовуннинг уруғиданда кўпайиб кетди. Қаердан чиқиб келяпти булар?!
Бу нусхаларни тийиб қўядиган бирон ташкилот йўқми?! Анови «Ёр-ёр» деганидан-ку, базўр қутилдик. Ким шу кўрсатувни ёпган бўлса, отасига минг раҳмат, дедик. Чунки қанчадан-қанча ёшлар оила қуришгач, арзимаган сабаб билан урушиб қолишса ҳам дарров ажрашишга тушиб, «Ёр-ёр»га борсам ё хотинли, ё эрли бўламан», деб алаҳсирайдиган бўлиб қолишганди. Телевидениедаги кўплаб кўрсатувлар миллатни дидсиз, савиясиз, билимсиз қилиб қўяяптику! Нега шулар ҳақида ёзмайсан. Қайси сериални қўйсанг, данғиллама уйлар, қимматбаҳо машиналар, даста-даста долларлар…
Яна бир гап: қайси сериалга қарасанг артистман деган валломатнинг қўлида дасталаб доллар кўрсатишади.
Хуллас бундай сериалларни тайёрлаётганлар миллатни мазах қилишяпти! Халқни ёппасига маънавий кўрлик сари етаклашаяпти! Билмадим, улар кимнинг топшириғини бажаришяпти?! Фақат оилавий можаролар, қўйди-чиқдилар, маиший муаммоларни намойиш қилаверишиб, оддий одамларнинг ҳам жонига тегиб, асабларини эговлаб ташлашди бу сериалчилар. Шу ҳақда телевидениедаги каттаконлар ҳеч ўйлаб кўришармикан?!
Маълумотларга қараганда, 2024 йилги давлат бюджетидан 10 миллиард 400 миллион сўм маблағ фақатгина сериал ишлаб чиқариш учун телеканалларга ажратилган экан.
Ишдан чарчаб келиб, бирозгина ҳордиқ чиқариш умидида телевизор мурватини бурасанг, аллақандай ёввойи ҳайқириқлару бақир-чақирларга тўла бетайин кўрсатув ва шоулар асабингни эговлаб бошлайди. Ўзбекнинг атоқли адиби Назар Эшонқул бу ҳақда марказий матбуотда шундай фикр билдирганди:
- Телеэкранга чиқиб олиб, бировларнинг шахсий турмушию, оиласини муҳокама қилаётган айримларнинг аввал ўзларини муҳокама қилиш керак. Чунки, уларнинг айнан ўзларида оддий одамлар ҳавас қиладиган бирон ижобий хислат йўқ. Қатор йиллардан буён телевидениеда ишлаётганлигим боис бундан воқифман.
Ҳайронман, одамлар уларнинг нимасига ишонишади?! Аслида, бус-бутун оилалар йўқ бўлиб кетса-да, уларга барибир, мақсад халқ орасида тез танилиб олиш, сохта шуҳрат орттириш! Эътибор қилсангиз, улар олиб бораётган бирон «шоу»да зиғирча бўлса-да мантиқий ечим йўқ. Уруш-жанжал, бақир-чақир, шу орада бошловчи деган «улуғ зот»лар машҳур бўлади-қолади. Уларга бундан бошқасининг сираям қизиғи йўқ.
Беихтиёр яна турли ўй-саволлар гирдобида қоласан, киши. Қаёққа қараб кетяпмиз ўзи?! Нималар қиляпмиз?! Билиб-билмай кимларга эргашяпмиз?!
Менимча, бу саволларга аччиқ, лекин залворли битта жавоб бор: буларнинг барига китоб ўқимай қўйганлигимиз, мутолаадан деярли воз кечганлигимиз сабаб бўлаётир. Чунки ўқиган одам фикрлайди, мушоҳада қилади, яхшини ёмондан, оқни қорадан ажрата олади. Энг асосийси, ҳушёр яшайди. Ўзини назорат қила билади.
Шундай дейману, яқинда хусусий телеканаллардан бирининг тонгги дастурида Ҳамдам Собиров деган бир «юлдузча» умрида китоб ўқимаганлигию, умуман мутолаа деган нарсани билмаса-да, бинойидай қўшиқчи бўлиб юрганлигини фахр билан иддао қилиб қолди. Очиғи, бу гаплардан сўнг унинг бир нечта «қўшиқ»часини ўзимни мажбурлаб бўлсада эшитиб кўриб… ҳеч бир маъно топмадим.
Ҳа, шундай кунларга ҳам етиб келдик: мамлакатда маънавият ва маърифатни ривожлантириш, унинг асосий бўғини бўлмиш китобхонликни кенг тарғиб қилиш масаласига давлат сиёсати даражасида қаралаётган бир паллада, бир ҳовуч отарчи-хонандаларимиз хусусий телеканалларда эрта тонгданоқ китоб ўқимасликни тарғиб қилишни бошлаб юборишди!
Аслида, «китоб» сўзи араб тилидан олинган бўлиб, «мактуб» деган маънони билдиради. Қуръони карим ҳам Аллоҳнинг бандаларига юборган мактубидир. Ана шу муқаддас китобнинг илк ояти ҳам «Иқро – Ўқи» деган илоҳий каломдан бошланган. Ўқиш-ўрганиш инсонни иймон сари етаклайди.
Ўқимаслик эса турли балою офатларнинг асосий омилидир. Юқорида таъкидлаганим – турли фаросатсизликлару, алжирашлар, сохта шуҳрат илинжида ўзини кўз-кўз қилишларнинг асл моҳиятида ўқимаслик, аниқроғи, илмсизлик ётипти. Биз шу даражага келяпмизки, яратганнинг «Ўқи» деган илк амрини бажаришни истамай, турли мақомларга йўрғалаяпмиз.
Камига, қўлимиздаги телефону интернетга муте бўлиб, унинг амрини бажаришга камарбаста бўлиб қоляпмиз. Билмаяпмизки, ўша «ўргимчак тўри»ю, телефон деган матоҳларни ҳам китоб ўқиганлар, уни яхшилаб уққанлар ихтиро қилишган. Қисқача айтганда, ҳар бир нарсанинг таг замирида илм туради. Унинг асл дояси эса – Китобдир.