Янги Ўзбекистон йўли тараққий этган далатлар йўлидир

Янги Ўзбекистон йўли тараққий этган далатлар йўлидир


Жаҳон банки маълумотларига кўра, 2022 йили дунё аҳолисининг деярли 9 фоизи ёки қарийб 712 млн нафари қашшоқликда яшаган. Яъни, кунига 2,15 доллардан кам маблағ ҳисобига кун кечирган. 3,54 млрд аҳоли эса кунига 5,5 доллардан кам  даромад топиб, қашшоқлик чегарасида хаёт кечирган.

Таҳлилчиларнинг фикрича, камбағал қатламнинг учдан икки қисми болалар ва ёшлар бўлиб, аксарият минтақалардаги камбағалларнинг катта қисмини аёллар ташкил этади. Кўриниб турибдики, камбағалликни бартараф этиш қарийб барча мамлакатларнинг мақсадидир. Бу эса шубҳасиз, биргаликдаги ҳаракатларни талаб этади.

Шунинг учун ҳам 2000 йилда қабул қилинган БМТнинг «Минг йиллик Декларацияси»да ҳам, 2015 йилда қабул қилинган «Барқарор ривожланиш мақсадлари» дастурларида ҳам камбағалликдан ҳалос бўлиш энг устувор вазифа сифатида белгилаб олинганди.  Гарчи, дунё ҳамжамиятининг саъй-ҳаракатлари туфайли 2015-2018 йилларда глобал қашшоқлик кўрсаткичи 10,1 фоиздан 8,3 фоизга камайган бўлсада, COVID-19 пандемияси, табиий офатлар, турли минтақалардаги урушлар ва иқтисодий ўсишнинг секинлашуви камбағаллик даражасининг яна ошишига сабаб бўляпти.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, агар камбағалликка қарши курашиш бугунги «темп»да давом этса, 2030 йилга бориб ҳам жаҳоннинг 575 млн нафар аҳолиси камбағалликда яшайди. Шу ўринда камбағаллик даражасини қисқартириш мақсадида 105 та мамлакатда аҳолини ижтимоий  ҳимоя қилиш учун 350 дан ортиқ дастурлар қабул қилинган. Аммо шунга қарамай, таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимояга йўналтирилган маблағлар ҳажми 2015 йилдаги 47 фоиздан 53 фоизга ошган.

Яна бир гап: камбағаллик фақатгина ривожланмаган ёки энди ривожланаётган  эмас, балки энг ривожланган давлатларда хам мавжуд. Масалан, АҚШнинг 36-Президенти Линдон Жонсон 1964 йилнинг 8 январь куни Конгрессга қилган мурожаатномасида камбағалликка қарши уруш эълон қилишни таклиф қилган эди.  Натижада АҚШда  Иқтисодий имкониятлар Акти қабул қилиниб, камбағалликка қарши курашиш мақсадида махсус давлат органи ташкил этилганди. Таълим ва соғлиқни сақлаш учун давлат харажатларини ошириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш, уларга иқтисодий имкониятлардан  фойдаланишни ўргатиш каби масалалар ана шу ислоҳотларнинг асосий йўналишлари эди.

Маълумки, Хитой охирги 40 йилда 800 миллион кишини камбағалликдан чиқаришга муваффақ бўлди. Яъни, ушбу мамлакатда тараққиёт камбағалликка қарши кураш учун калит бўлди. Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин 2013 йилда биринчи марта қишлоқ аҳолисига манзилли ёрдам кўрсатиш ғоясини илгари сурган ва 3 миллионга яқин махсус тайёргарлик кўрган мутахассислар камбағал қишлоқ туманларига юборилган эди.

Шу ўринда чекка қишлоқларни ички ва халқаро бозорлар билан боғлаган янги транспорт, энергетика ва телекоммуникация инфратузилмаси яратилгани қашшоқликни бартараф этишда муҳим рол ўйнаганини таъкидлаш жоиз. Ўшанда 100 мингдан зиёд қишлоқ мактаб­лари капитал таъмирланиб, замонавий ускуналар билан жиҳозланган эди.

Сир эмаски бизда узоқ йиллар давомида «камбағаллик» «ёпиқ мавзу» бўлиб келди. Унинг ўрнига «кам таъминланганлик» тушунчасидан фойдаландик. Ваҳоланки, ҳар қандай муаммони ҳал этишнинг биринчи шарти унинг мавжудлигини тан олишдан бошланади. Шунинг учун ҳам Янги Ўзбекистон тарихида 2017 йил тарихий воқеаларга бой йил дея эътироф этилади. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки айнан шу йили халқ билан ишлашнинг янги тизими йўлга қўйилди, инсон қадри ва манфаатлари ислоҳотларнинг бош мақсади этиб белгиланди. Натижада камбағаллик муаммоси унинг ечимига қаратилган таҳлилларни ўрганишдан бошланди.

2020 йилнинг 24 январь куни эса Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида респуб­ликамизда камбағалликни қисқартириш энг долзарб масала сифатида кун тартибига киритилди.   Ўшанда 7,5 миллион ёки 23 фоиз аҳолининг даромади камбағаллик чегарасига етмасди.

Шундан кейин кўп ўтмай халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда «Ўзбекистон Рес­публикаси аҳолисини ижтимоий­ ҳимоя қилиш стратегияси» қабул қилинди.

Энг муҳими, аҳолини ижтимоий ҳимоя дастурлари билан қамрашни кенгайтириш ва оилаларни оғир ҳаётий ҳолатлардан олиб чиқиш, кам таъминланган оилаларни аниқлаш ва уларга манзилли ёрдам кўрсатиш ҳамда ушбу соҳадаги ишларни тизимли олиб бориш мақсадида  Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилди.

Камбағаллика қарши курашиш бўйича илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш ҳамда амалиётга татбиқ этиш мақсадида мамлакатимиз кўплаб форумларга мезбонлик қилди ва Ўзбекистон очиқ мулоқотлар майдонига айланди.

Қайд этиш жоизки, 2023 йилда ижтимоий соҳа харажатлари учун давлат бюджетидан 137.2 трлн сўм ёки умумий харажатларнинг 48,8 фоизи ажратилди.  Бу харажатлар ЯИМга нисбатан 12,9 фоизни ташкил этганини айтиш мумкин. Хусусан ижтимоий харажатларнинг аcосий қисми – 44,6 фоизи таълим тизимига йўналтирилди.

Бунда ўтган йиллар давомида, ижтимоий ҳимоя  олувчи оилалар сони 446 мингдан 2,2 миллионга етиб, 4,5 карра ошганини алоҳида таъкуидлаш жоиз. Маҳаллада камбағалликни қисқартириш, тадбиркорлик лойиҳаларига 35 триллион сўм арзон кредит, 7 триллион сўм субсидия берилгани ҳам ушбу жараённи тезлаштирди. Шу ўринда, 260 минг гектар ернинг 800 минг фуқарога деҳқончилик учун ажратилгани Давлат раҳбарининг бу борадаги қарорлари қатъийлигидан далолат беради.

Ана шундай саъй-ҳаракатлар натижасида 2023 йили камбағаллик даражаси 11 фоизга тушди.

Куни кеча бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида эса Давлатимиз раҳбари томонидан камбағалликка қарши курашиш бўйича ислоҳотларнинг янги саҳифаси очиб берилди, дейиш мумкин. Дархақиқат, қадриятларимиз ва давлат кўмагида камбағаликка барҳам бериш мамлакатни тараққиётга элтувчи энг тўғри йўлдир. Албатта, давлат кўмаги, яъни ижтимоий ҳимоя, иқтисодий имконият ва ижтимоий маъсулият  билан бирга тақдим этилгандагина ўзининг ижобий натижаларини беради.  

Шу ўринда Давлат раҳбари томонидан камбағалликка барҳам беришнинг энг тўғри йўли таълим экани бежиз таъкидланмаяпти. Тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, юқори маълумотга эга бўлганлар қуйи маълумотга эга бўлганларга нисбатан кўпроқ иш ҳақи оладилар. Таълимга сарфланган қўшимча ҳар бир йил эса ходимнинг  иш хақини 10 фоизгача ошишига олиб келади.

Шунинг учун ҳам йиғилишда камбағалликдан чиқиш учун энг аввало, таълим олиш имкониятини кенгайтириш лозимлиги қайта-қайта такрорланди.

Айниқса, олийгоҳ, коллеж ёки техникумга киришда грант учун етарли балл­нинг 80 фоизини тўплаган камбағал оила фарзандларига қўшимча грант ажратилиши, ўзлаштириш кўрсаткичлари юқори бўлган  талабаларга фоизсиз таълим кредити берилиши ҳамда камбағал оиладаги  хотин-қизларнинг олий маълумотли бўлишига қаратилган ташаббуслар минг-минглаб юртдошларимиз қалбидаги гаплар эди.

Яна бир масала: камбағалликни қисқартиришда тадбиркорлар билан манфаатли ҳамкорлик қилиш тобора аҳамиятли бўлиб бормоқда. Тадбиркор ҳамиша саҳоватпеша бўлиши, етим-есирларга бош бўлиб, уларни ўз ҳаёт йўлларини топиб олишларига кўмаклашиши шубҳасиз қадриятларимизга хос фазилатдир.  

Ўзбекистонда эса давлат томонидан бундай тадбиркорлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Зеро, қарс икки қўлдан чиқади деганларидек, эҳтиёжманд аҳолини иш билан таъминлаган корхоналарга турли имтиёзлар берилиши ва лойиҳаларни молиялаштиришда янги тизим яратилиши бўйича мамлакат раҳбари томонидан билдирилган ташаббуслар мамлакат ва тадбиркорлар ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлайди.

Яна бир гап: камбағалликни қисқартириш Янги Ўзбекистоннинг миллий сиёсатига айлангани ва мамлакатимиз тараққиёти учун қанчалик аҳамиятли экани 30 апрель куни умумхалқ реферундумида қабул қилинган янги тахрирдаги Конституциямизда ҳам ўз ифодасини топганини айтиш жоиз.

Хусусан, Конституциянинг 42-моддасида меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсоннинг муносиб турмуш даражасини таъминлаш зарурати ҳисобга олинган ҳолда белгиланиши, 43-моддада эса давлат фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, уларни ишсизликдан ҳимоя қилиш, шунингдек, камбағалликни қисқартириш чораларини кўриши каби янги мажбуриятларни ўз зиммасига олмоқда.

Ушбу хайрли мақсадга эришиш учун давлат томонидан аҳоли гуруҳлари ўртасида ялпи даромадни адолатли тақсимлаш, тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш, тадбиркорлар томонидан эса фидойилик ва ҳаллоллик, камбағал аҳоли қатлами томонидан ирода, меҳнатсеварлик  ва интилувчанликнинг уйғунлигини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади.