Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг мамлакат тараққиёти, жамияти ривожи ҳамда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари таъминлашдаги аҳамияти беқиёс, албатта. Янги таҳрирдаги Конституциямизда эса инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, жамиятда қонунийлик ва суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш масалаларига янада устуворлик берилди.
Бош Қомусимизнинг 122-моддасида судьялар мустақил эканлиги, фақат қонунга бўйсунишлари, судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмаслиги ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши билан боғлиқ нормалар янада мустаҳкамлаб қўйилди.
Бунинг асосий сабаби суд ҳокимиятига бошқа ҳеч қайси орган ваколатига тааллуқли бўлмаган ҳуқуқ – одил судловни амалга ошириш ҳуқуқи берилгани билан изоҳланади.
Зеро, фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда одил судловнинг аҳамияти беқиёс. Одил судлов жамият ҳаётида, жамият аъзоларини ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий онгини юксалтиришда, инсонларни қонунларга ҳурмат руҳида тарбиялашда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Маълумки, суд тизими ва судьялар фаолиятига ўзига хос тарзда ёндашилган Рим файласуфлари «Pereat mundus et fiat justicia», яъни «майли дунё барбод бўлсин, лекин одил судлов қарор топсин» деб таъкидлаган эканлар. Бу гап бир қарашда муболағадек туюлиши мумкин, лекин бу билан улар одил судловнинг жамиятдаги ўрнини чиндан ҳам юқори баҳолаганлар.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2016 йилнинг 21 октябрида имзоланган «Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ҳам судьялар мустақиллиги ва фақат қонунга бўйсунишларига доир конституциявий норманинг рўёбга чиқишига мустаҳкам замин яратди.
Шунингдек, «2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури»да судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, суднинг нуфузини ошириш, суд тизимини демократлаштириш ва такомиллаштиришга оид қатор чора-тадбирлар белгилаб қўйилди.
Хусусан, судья лавозимида бўлишнинг илк маротаба беш йиллик, кейин ўн йиллик муддати ва шундан кейингина муддатсиз даврини белгилаш, Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссияси негизида Судьялар олий кенгашини ташкил қилиш, судьяларни интизомий жавобгарликка тортиш механизмини, шу жумладан, унинг асосларини аниқлаштириш орқали такомиллаштириш ва суд раисларининг судьяларга нисбатан интизомий иш қўзғатишга оид ваколатини тугатиш, Олий судга адлия органларининг умумий юрисдикция судлари фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш соҳасидаги вазифа ва ваколатларини ўтказиш кабилар назарда тутилди.
Судья лавозимида бўлишнинг энг юқори ёшини, яъни туман ва вилоят судлари судья лавозимларини 65 ёшгача, Конституциявий ва Олий суд судьялари лавозимларини – 70 ёшгача белгилаш судьяларнинг мустақил-лигини кафолатлаш билан бир қаторда профессионал судьялар корпусини шакллантириш ҳамда барқарор судьялар мактабининг яратилишига замин яратади. Қолаверса, суд ҳокимиятининг бошқа ҳокимият органлари таъсиридан ҳоли бўлишига хизмат қилади.
«Ҳаракатлар стратегияси»даги суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлашга қаратилган навбатдаги муҳим тадбирлардан бири – бу судьялар ҳамжамиятининг органи сифатида Судьялар олий кенгашини ташкил қилиш, кенгаш таркибининг камида ярмини судьялар ҳисобидан шакллантириш ва унга суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга доир бир қатор ваколатлар берилиши назарда тутилганидир.
2017 йилнинг 6 апрелида қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида»ги қонунда эса ушбу тузилманинг фаолиятига оид масалалар тўлиқ ўз ифодасини топди.
Мазкур Кенгаш конституциявий мақомга ҳам эга бўлди. Конституциянинг 111-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши судьялар ҳамжамиятининг органи бўлиб, у Ўзбекистонда суд ҳокимиятининг мустақиллиги конституциявий принципига риоя этилишини таъминлашга кўмаклашиши ўз ифодасини топди.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш керакки, жамиятда суд органларининг нуфузини ошириш, судьяларнинг чинакам мустақиллиги ва фақат қонунларга асосланиб иш юритишини таъминлаш мамлакатимиз Конституцияси ва шу асосда қабул қилинаётган қонунларга боғлиқдир. Зеро, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини қуришдаги муҳим шартлардан биридир.