Дунёни бўлиб ташла ва ҳукмронлик қил

Дунёни бўлиб ташла ва ҳукмронлик қил

“Ахборот уруши” 1992 йилдан бошлаб АҚШ Мудофаа вазирлиги томонидан қўлланила бошланган атама бўлиб, у геосиёсат майдонидаги ахборий урушларни изоҳлашга хизмат қилади. Геосиёсий ёндашувга кўра, ахборот уруши бу – давлатлараро қарама-қаршиликлардан иборат жараёндир.

Унга кўра, давлатлар ахборот орқали бошқа давлатларга таъсир ўтказиб, стратегик соҳаларда устунликка эришишга ҳаракат қилади. Конфликтологик ёндашув айни пайтда ахборот уруши, қарама-қаршиликларни нафақат давлатлараро, балки гуруҳ, шахслараро зиддиятларни ҳам ҳарбий, ҳам сиёсий нуқтадан кўриб чиқишга имкон беради. 

Тан олишимиз керак, ахборот урушининг асл моҳияти тарқатилаётган ахборот орқали оммавий равишда инсонлар онгига яширин таъсир кўрсатишдир.  Шу ўринда, машҳур “Троя оти”ни  эсласак, бой берилган  ватан  ва имконсиз  халқ кўз олдимизга келади. Бугун халқаро хавфсизлик тизимини ўзгартираётган янги технологиялар ҳам мавжудки, инсоният ўзи яратган матоҳ олдида ожиз қолаётир. Мисол учун, дронлар, уча оладиган роботлар, автоном қуроллар, дрон технологияларининг сунъий интеллект билан уйғунлашуви...

Буни қарангки, улар одам иштирокисиз белгиланган мезонлар асосида нишонни танлаш ва йўқ қилиш имкониятига эга. Энг аянчлиси, фазонинг ҳарбийлаштирилишидир. Биламизки, бугунги кунда фазодаги сунъий йўлдошларнинг ярмидан ортиғи тижорий мақсадларга хизмат қилади, бироқ ушбу қурилмаларнинг ҳарбий аҳамияти тобора ортиб бормоқда.

Нанотехнологиялар, биологик ва биокимёвий қуроллар бугун ҳарбий оламда кўпроқ қурол аслаҳадан кўра, технологияни ўрнини мустахкамлаб бормоқда. Энг асосийси эса ижтимоий тармоқлардир. Рақамли каналлар маълумотларни тарқатиш ва одамларни мақсадлар йўлида бирлашувига имкон беради. Бироқ ундан диний ва дунёвий қарашларга, қадриятларга зид бўлган, экстремистик  ҳамда террористик гуруҳларга хизмат қилувчилар кўламини кенгайтириш, турли секталарга сафарбарлик руҳини уйғотувчи материалларни тарқатишда ҳам  фойдаланиш мумкин.

Бу ҳолатнинг энг аянчли манзараси инсонларнинг бундай қармоқларга тушиб қолишларидир. Бунда фейклар, сохта уюштирилган митинглар, троллар фабрикалари таъсирида оммавий ғайриихтиёрий онг, жамоавий интеллект юзага келади. Бундай муаммолар гирдобида ўйлаймизки, одамларни қандай қилиб  янги технологиялар натижасида келиб чиқадиган хавф-хатар, хуружлар ва таҳдидлар ҳақида ўйлашга ундамоғимиз мумкин?  Жамият янгиланиб, миллий ва умуминсоний қадриятлар тикланаётган бир пайтда турли миллатлар ўртасидаги муносабатлар, миллатлараро тотувлик ва маҳаллийчилик қилишга йўл қўймаслик асосий омиллардан биридир. 

Тренд ҳам урушнинг бир бўлаги 

Шу ўринда савол туғилади: Тренд ҳам ахборот урушими?

Бугун   Facebook  инсонлар хулқ-атворининг  маълум бир чегаралари мавжудлигини, Инстаграм фойдаланувчининг ўзини бемалол намоён қила олишга имкон бериши, Ватсап, Твиттер мўътадил,  Тик ток эса кўнгилочар, завқланиш  шунингдек, турли даражадаги меъёрларни ҳам топтаб ташлайдиган тармоқ эканини намоён этиб бўлди. Афсуски, шунга қарамай кейинги пайтларда ижтимоий тармоқда одамлар ҳис-туйғулари, тафаккури, ор-номуси билан ўйнашаётганлар сони кўпайиб бораётгани жуда хавотирли кечяпти. Аммо биз буларга бефарқмиз. Аксинча, мазмун-моҳиятини англамай, тренд видеолар олиш ва бемаъниликни тарғиб қилиш билан оворамиз.

Бу жараёнда одамларда эртанги кунга ишончсизлик ортяпти, бошқа бир нуқтадан қаралса, ваҳима уйғотиш ва ҳатто исёнга чорловчи тайёр пропагандачилар пайт пойлаётганини кўришади. Энг ёмони, қадриятларимизни емиришга хизмат қилувчи видео лавҳаларни  ижтимоий тармоқлар орқали тарқатиб оммалаштиришга сабаб бўлаётганлар рақамли тарих ҳам тарих эканлигини унутишган кўринади. 

Тўғри, ижтимоий тармоқни  назорат қилиш имконсиз. Лекин ҳар қандай ҳатти-ҳаракатнинг хуқуқий жавобгарлиги борлигини унутишга ҳаққимиз йўқ. Тан олайлик: тренд илинжида хар қандай ахборотни тарқатиш хам ахборот урушининг бир бўлагидир, бу одамлар руҳиятини издан чиқариш ва дунёқарашини ўзгартиришга сабаб бўлдими, демак урушнинг энг хавфли оқибати ҳам шу. 

Комментарийларга боғлиқлик ва лайкомания 

Ижтимоий тармоқларга қарамлик замонавий жамиятда алоҳида даъвога муҳтож бир касаллик бўлса, комментарий ва лайкларга “ошиқ”лик яна бир хасталик сифатида авж олаётир. Соатлаб давом этадиган фикрлар жангидаку, ғоялар, таклифлар ўртага ташланади. Аммо ҳақоратли изоҳлар сабаб бўладиган тортишувлар ҳафталаб давом этиши бу чиндан ҳам хасталик. 

Хўш, лайкомания нима? 

“Лайкомания”нинг ҳам келиб чиқиш сабаблари бор. Ижтимоий тармоқлар бу касалликнинг тарқатувчиси саналади. “Лайк” йиғиш касалига мубтало  бўлганлар турли тарздаги видео лавҳа яратишдан ҳам тоймайдилар. Ижтимоий тармоқларга қарамлик-қуллик, реал ҳаётдан узоқлашиш, ҳар қандай “ғаройибот”лардан фойдаланиб, лайк илинжида виртуал дунёда машхурликка эришиш истагида бўлганлар аудиториясининг кенгайиши – бу чинакамига фожиадир.  

Бугун лайкоманиячилар   ахборот, фото, аудио, видео маҳсулотлар билан одамлар онгини эгаллаш илинжида  диний меъёрларни унутиб, дунёвий чегараларни ҳам топтаб ўтишмоқда. Демак, у инсон онги   ва қалбини, дунёқарашини ўзгартириб юборишга қодир хасталик!  

Хулоса ўрнида... 

Бундан XII аср олдин Имом Бухорий ҳазратлари “Дунёда илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмагай” деган эдилар. 

Биламизки, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари сони ошгани сари ғоявий тарбиявий ишларда ҳозиржавоблик, муаммоларга объектив ёндашиш, тингловчини ишонтира олиш алоҳида тайёргарлик ва чуқур билимни тақозо этади. Бунда замонавий жараёнлардан хабардорлик,  фикр ва хулосаларни етарли даражада жозибадор етказа олиш ҳам муҳим.

Қайсидир маънода ҳар ким ўзининг ахборот маҳсулотини истеъмолга чиқармоқда. Улар орасидан кераклисини танлаш, қай бирини қабул қилиб, қай бирини қабул қилмаслик, ҳатто бундай ахборотлар замиридаги мақсадни кўра олиш ҳам илм.

Глобал тармоқ имкониятлари олдида ўзимизнинг инсонийлик чегарамизни, ҳаддимизни унутиб, ахлоқсизликни оммалаштириш, жоҳилликни қўллаб-қувватлаш эса бу чинакамига илмсизлик ва маърифатсизликдир. Зотан, ахборот олами бир уммон, унинг тўлқинларидан омон қолиш учун эса фақат ва фақат илмга суянмоқ керак.