Давлат раҳбарининг камбағалликни қисқартиришни умуммиллий ҳаракатга айлантириш ташаббусини қўллаб-қувватлаймиз.

Давлат раҳбарининг камбағалликни қисқартиришни умуммиллий ҳаракатга айлантириш ташаббусини қўллаб-қувватлаймиз.


Муҳтожларни қўллаб-қувватлаш –  азалий қадриятларимизга уйғун бўлган савобли ишдир!
Йиғилишда 15 та туманда камбағаллик 20 фоиздан юқорилигича қолаётгани, 14 та туманда эса умуман ўзгаришлар кўзга ташланмаётганига эътибор қаратилди.

Шу ўринда Давлат раҳбарининг камбағалликни фақат пул тарқатиш, нафақа тўлаш билан ҳал қилиб бўлмайди, бунинг учун камбағал оила аъзорларини ўқитиш, касбга ўргатиш ва иш билан таъминлаш муҳим, деган гапларидан жуда жиддий хулосалар чиқарилиши керак, деб ҳисоблаймиз. 2024 йилнинг 8-9 сентябрь кунлари Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти, Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ҳамда маҳаллий ҳокимликлар томонидан кам таъминланган оилалар шароити ўрганилганда сўровда иштирок этган оилаларнинг 76 фоизида аёл(она)нинг бирон-бир касб-ҳунарга эга эмаслиги маълум бўлибди.

208 та шаҳар ва тумандаги 9 минг оила шароитлари таҳлил қилинган сўровномада аксарият оилалар фарзандларининг таълим олиш, репититор (жумладан, тил курслари) ва спорт тўгаракларига қатнашмаслиги, ишсиз аъзоси бор респондентларнинг эса 13 фоизи етарли билим ва кўникмага эга эмаслиги, «Ижтимоий ҳимоя» ягона реестрига киритилган оилаларнинг 5 фоизидагина олий маълумотли аъзоси борлиги аниқланибди.

Кўриниб турибдики, оилаларнинг камбағалликка тушиб қолишига асосан билимсизлик сабаб бўляпти. Президентимиз бежизга «Нажот – таълимда, нажот – тарбияда, нажот – билимда. Чунки барча эзгу мақсадларга билим ва тарбия туфайли эришилади», дея бонг ураётганлари йўқ. 

Маълум қилинишича, бугун мамлакатимиздаги йирик корхона ва ташкилотларда 250 мингта вакант жой бор. Лекин камбағал оилаларнинг 35 фоиз ишга лаёқатли аъзо­ларида билим ва кўникма камлиги ана шу жойларда ишлаш имконини бермаяпти. Йиғилишда ана шундай ҳолатлар атрофлича таҳлил қилиниб, бу борадаги вазифалар белгилаб олинди.

Йиғилишда кейинги йиллар учун «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури тайёрланаётгани, унда еттита имконият ва масъу­лият тамойили асосида Ўзбекистоннинг навбатдаги янги ёндашувлари белгилаб берилиши ҳам таъкидланди.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳокимликлар билан бирга ҳар бир маҳаллани тўлиқ хатловдан ўтказиб, «камбағал оилалар портрети»ни ишлаб чиқиши, камбағал оилалар бўйича индивидуал дастурлар яратиши, иқтисодий комплекс оилаларни камбағалликдан олиб чиқиш билан шуғулланиши ва бунда энг асосий масъулият туман ҳокимлари ва сектор раҳбарлари зиммасига тушиши таъкидланди.

Қайд этиш жоизки, одамларнинг иши юришиши маҳаллаларда яратилган шароитларга ҳам боғлиқ. Шу боис, келаси йилда маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантиришга барча манбалардан 1,6 миллиард доллар миқдорида маблағ ажратилади. Бунинг бир қисми, аввало, энг оғир 300 та маҳаллада сув насослари ва қуёш панеллар ўрнатишга йўналтирилади.

Яна 500 та маҳаллада электр, йўл, интернет ва бошқа инфратузилма билан боғлиқ муаммолар ечилади. Бугун юртимизда камида 50 та иш ўрни яратган 9 минг 200 га яқин тадбиркор бор. Агарда уларнинг режалари қўллаб-қувватланса, фаолиятларини кенгайтириб, яна янги иш ўринлари ташкил этишлари мумкин.

Масалан, Андижон вилоятидаги 58 та паррандачилик корхонаси тухум етиштиришга 10 минг эҳтиёжманд фуқарони жалб этиш, 660 та балиқ хўжалиги эса кооперация орқали яна шунча иш жойи яратиш ташаббуси билан чиққан.

Давлатимиз раҳбари томонидан бундай лойиҳаларни молиялаштириш бўйича янги тизим яратиш ва бошқа ҳудудларда ҳам бу ишларни кенгайтириш бўйича топшириқлар берилди.
Икки йил аввал Президент фармони билан умумий овқатланиш соҳасидаги тадбиркорларга ижтимоий солиқдан имтиёз берилган эди. Бунинг натижасида қатор корхоналар Тошкент, Самарқанд ва Андижонда 2 минг фуқарони ишли қилди. Шу имтиёз яна 2 йилга узайтириб берилса, тадбиркорлар яна ўн минглаб эҳтиёжманд аҳолини иш билан таъминлашга тайёр экан.

Маълумки, саноатда энг кўп иш ўрни яратиладиган тармоқ – тўқимачилик. Бу соҳа тадбиркорлари ҳам икки йил аввал тайёр трикотаж, бўялган мато ва газлама ишлаб чиқарувчи корхоналарга ижтимоий солиқдан берилган имтиёзни узайтириб беришни сўрашганди. Йиғилишда бандлик масаласининг аҳамиятидан келиб чиқиб, мутасаддиларга бу соҳаларга имтиёзлар муддатини узайтириш бўйича таклиф киритиш топширилди.

Агар корхоналар камбағал аҳолини банд қилса, ижтимоий солиқдан имтиёз яна уч йилга сақланиб қолади. Ушбу имтиёз нафақат тўқимачиликка, балки барча соҳадаги корхоналарга берилади. Бу орқали тўқимачилик, қурилиш материаллари, чарм-пойабзал, электр техникаси, озиқ-овқат, чорвачилик ва қурилиш тармоқларида юз минглаб камбағал фуқароларни ишли қилиш мумкин бўлади.

Ўтган йилларда 260 минг гектар ер 800 минг аҳолига деҳқончлилик учун ажратилган эди. Энди яна 50 минг гектар ер 100 минг камбағал оилага бўлиб берилиши айтилди.
Ушбу ерларда «компания – кооператив – деҳқон хўжалиги» тамойили асосида деҳқончилик ва боғдорчилик ташкил этиладиган бўлди. 

Йиғилишда 2024-2025 йилларда одамлар ўзини ўзи банд қилиши, кичик ва ўрта тадбиркорлик билан шуғулланишлари учун 10 триллион сўм миқдорида микрокредит ажратиладиган бўлдики, бу жойларда яна минг-минглаб янги иш ўринлари яратилади, деганидир. Шунингдек, энди камбағал оилаларга 30 миллион сўмгача ускуна, кўчма дўкон, мотороллер, скутер каби воситалар 5 йилда бўлиб тўлаш шарти билан берилади.

 Ишсиз аҳоли, айниқса, ёшлар учун бундай имкониятлар катта ҳаёт остонасида таянч ролини ўйнаши муқаррар. Аммо йиғилишда алоҳида таъкидланганидек, энди ҳар бир камбағал оилада, айниқса, хотин-қизлар орасида олий маълумотлилар бўлишига алоҳида эътибор қаратилади. Бунинг учун улар фоизсиз таълим кредитлари, грантлар ва бошқа молиявий ёрдамлар билан қўллаб-қувватланади.

– Бугун биз халқни рози қилиш, келажакда эмас, айнан бугун одамларга қулай шароитлар яратиш ҳаётимизнинг бош талабига айланган кунларда яшаяпмиз, – деди биз билан суҳбатда видеоселектор йиғилишида қатнашган «Миллий тикланиш» демократик партияси етакчиси  Алишер Қодиров. – Айни пайтда барча ишларимиз ана шу мақсадларга қаратилган бўлиб, унинг таг-заминида Инсон қадри устувор бўлган халқпарвар жамият – Янги Ўзбекистонни барпо этиш сиёсати мужассамдир. 
Одамларни рози қилиш эса энг аввало, узоқ йиллар давомида миллат  қаддини букиб, ишончини сўндириб келган ҳаётий муаммолар, айниқса, ишсизликни ҳал қилиш,  одамлар учун муносиб шароитлар яратишга боғлиқ. 

Президент раислигида ўтган видеоселектор йиғилишида бундан буён ушбу масала умуммиллий ҳаракатга айланиши ҳам айтилди. «Ҳукуматдан тортиб, туман ташкилотигача барча бўғиндаги раҳбарларнинг кундалик иши оилаларни камбағалликдан олиб чиқиш бўлиши керак. Бу борада назорат ҳам, сўров ҳам қаттиқ бўлади», – деди миллат етакчиси.  

 Маълумки, барча замонларда ҳам одамларга яхши яшаши учун шароит яратиш, бунинг учун аввало иш билан таъминлаш устувор вазифа бўлиб келган. Чунки ишсизлик кўпайиши жамиятда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни келтириб чиқариб, камбағаллар қатламининг кенгайишига сабаб бўлган. 

Агар авваллари камбағалликка доир маълумотлар ошкор этилмаган ва одамларда юртимизда камбағаллар йўқ, деган таассурот уйғотилган бўлса, 2020 йилдан бошлаб, Давлат раҳбарининг сиёсий иродаси билан жамиятнинг бу борадаги қарашлари ўзгарди. Хусусан, 23 фоиз аҳолининг даромади камбағаллик чегарасига етмаслиги тан олинди ва эндиги ҳаракатлар бу қатламни қисқартиришга қаратиляпти. 

Аслида муҳтожларга ёрдам бериш, уларнинг бошини силаш, қўллаб-қувватлаш – азалий қадриятларимизга уйғун бўлган савобли ишлар саналади. Ўзига тўқ инсонлар ночор яшаётган қариндошлари, қўни-қўшнилари, маҳалласидаги кам таъминланганларга сахийлик қилишни, ёрдам беришни улуғ фазилат деб билганлар. 

Партиямизнинг 2025-2029 йилларга мўлжалланган янги Сайловолди дастурида ҳам Қадриятларга таянган тараққиёт ғоясининг илгари сурилаётгани шундан. Ҳозир юртимизда саховатпеша инсонлар кўпайиб боряпти. Шу боис, партиямиз ана шундай юртдошларимизни маънавий рағбатлантириш керак, деб ҳисоблайди. Бу, албатта, иқтисодимизга, иқтисодий тараққиётимизга ва аҳоли фаровонлигига ижобий таъсир кўрсатади.  
 
Ана шулардан келиб чиқиб, давлатнинг кўмаги мақсадли, манзилли ва бир мартали бўлиши керак, деб ҳисоблаймиз. Акс ҳолда бизга совет боқимандалиги яна қайтади ва яқин тарихимизда бўлганидек бу «фазилат» тараққиётимиз кушандасига айланади. 

Одамларга мамлакатимизда камбағалликни тугатиш мақсадида триллионлаб бюджет маблағларининг сарфланаётганидан кўзда тутилган мақсад бу – халқимизни рақобат бўлмаса, ўсиш бўлмайдиган иқтисод, изланиш-интилиш бўлмаса кутилган натижа бўлмайдиган жамиятга тайёрлашдир. 
Кимки, бор имкониятидан тўғри фойдаланиб, кичик бўлса ҳам ўз даромади учун  манба ярата олса, узоққа боради. Қайд этиш жоизки, яқин келажакда давлат отадек боқувчи бўлиши керак, деб ўйлайдиганлар ҳам, бойларнинг саховатига умид қилиб яшайдиганлар ҳам барқарор муҳтож кишиларга айланадилар.  

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, «Миллий тикланиш» демок­ратик партияси раиси Алишер Қодировнинг фикрича, энди бу ташаббус ижросини парламентдан тортиб энг қуйи бўғиндаги депутатларгача ва шу юрт фуқаросиман деган барча юртдошларимиз қатъий назоратга олишлари керак. Шундагина Президент ташаббуси умуммиллий ҳаракатга айланади...

Ҳа, чиндан ҳам тарихий ташаббус ижроси учун жамиятнинг барча аъзолари бирдек масъул бўлишлари шарт. Тўғри, кейинги етти-саккиз йилда барча соҳаларда салмоқли натижаларга эришиляпти. Иқтисодий кўрсаткичлар ҳам ҳаракатларимизга монанд ошиб боряпти. Лекин барчанинг ҳаракати бирдек натижалар бермаётгани ҳам бор гап. Агар бир бўлсак, шу йўлда кучларни бирлаштирсак, янада салмоқли натижаларга эришамиз. Ягона мақсад эса халқимизни рози қилишга ҳисса қўшиш, юртимиз тинч­лиги ва тараққиёти йўлидаги интилишларимизни бирлаштиришдир.