Чиндан ҳам камбағалликни фақат пул тарқатиш билан ҳал қилиб бўлмайди

Чиндан ҳам камбағалликни фақат пул тарқатиш билан ҳал қилиб бўлмайди


Кейинги пайтларда негадир енгил пул топиш, осон бойиб кетишга бўлган интилишлар кучаймоқда. Афсуски, ҳеч бир замонда, ҳеч бир жамиятда бундай интилиш ижобий натижа бермаган. Спортчиларимиз эришган ютуқлар ортида қанчадан-қанча меҳнатлар, заҳматлар турганлигини ҳис этиш учун спортчи, тадбиркор меҳнатини тушуниш учун эса тадбиркор бўлиб кўриш керак.

Четга «суриш»ни орзу қилаётганлар ҳам ана шу ҳақиқатни тушуниб қолдилар: текин пишлоқ ҳеч қаерда йўқ, пар ёстиққа ёнбошлатиб қўйиб, ҳеч ким сенга чой-нон бермайди. Айрим ҳолларда дангасалигимиз шунчаликка бориб етяптики, мактабда ўқиб юрган бола Россияга ишлашга бораман, деб кўнглига тугиб юрибдию, лекин рус тилида шу нон-чой сўрашни ўрганишга қунт қилмаяпти.

Албатта, «камбағалликни фақат пул тарқатиш билан ҳал қилиб бўлмайди». Пул бир кун берилар, нари борса икки кун, борингки, бир ой. Лекин бу узоқ давом этмайдиган жараён.

Шу сабабдан, мамлакатимизда бу борада ақлли ёндашувларга қўл уриляп­ти. Ишсизларга, хусусан, ёшларга ер берилмоқда, чорва берилмоқда, тадбиркорларга иш ўринлари яратиш учун имкониятлар, имтиёзлар берилмоқда, малакасизлар эса касб-ҳунарга ўргатилмоқда. Биринчи навбатда, бу ишларимизни, йиғилишда таъкидлаб ўтилганидек, танқидий таҳлилдан ўтказишимиз лозим. Иккинчидан, ва муҳим жиҳатлардан бири – бу тарбияни кучайтиришимиз керак, токи, ёшлар енгил-елпи пул топиш, енгил  ҳаёт кечиришдек мавҳум ёлғон муҳитга тушиб қолишмасин. Биз уларни йўналтиришимиз,тарбиялашимиз керак.

Шу маънода, «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури қабул қилиниши халқимиз манфаатларига тўла мос қадамдир. Унда ўтган давр ва хориж тажрибаси эътиборга олиниб, келажакдаги вазифаларимиз белгилаб берилиши таъкидланди.

Ҳар бир маҳалла тўлиқ хатловдан ўтказилиши, улардаги «камбағал оилалар портрети» ва индивидуал дастурлар ишлаб чиқилиши эса бу борадаги саъй-ҳаракатлар кўламини кўрсатади. 2025 йилда маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантиришга 1,6 миллиард доллар ажратилиши, унинг 1,2 триллион сўми ҳисобига энг оғир 300 та маҳаллада сув насослари ва қуёш панеллари ўрнатилиши, 2 триллион сўми ҳисобидан эса шароити оғир 500 та маҳаллада электр, йўл, интернет ва бошқа инфратузилма масалалари ҳал этилиши айни муддао режадир.

Ўйлаймизки, дастурда аҳолини, биринчи навбатда ёшларни касб-ҳунарли қилиш имкониятларини янада кучайтиришга бирламчи эътибор қаратилади. «Олий таълим олиш – яхши мақсад, касб-ҳунарли бўлиш – бу ҳаётий зарурат» тамойилини ёшлар онгига сингдириш ҳам бугунги куннинг энг долзарб вазифасидир. Қани энди ёшларимиз, бир неча касб-ҳунар эгаси бўлиш баробарида олий маълумотли кадрлар бўлиб ҳам етишишса. Бу, шубҳасиз жамиятимиз орзусидир.

Бундан ташқари, таълим тизимида ёшларни ҳаётга тайёрлаш, уларда меҳнатга кўникмаларни шакллантириш масалаларига эътибор қаратиш ҳам ўта долзарбдир. Уларнинг мактабда ҳам, уйда ҳам бўш вақтлари бўлмаслиги, доимий банд бўлишларини таъминлаш чораларини кўриш эса камбағалликни қисқартириш сиёсатининг ажралмас қисми бўлади.