«Миллий тикланиш» демократик партиясида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига кўрсатилган номзодлар учун ўқув-семинарлар бошланди.
Тадбирда мажоритар сайлов тизими бўйича 75 та сайлов округидан кўрсатилган номзодларга мутахассислар томонидан партиянинг 2025-2029 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастурида илгари сурилган ғоя ва ташаббуслар, сайлов қонунчилигига киритилган ўзгаришлар, аралаш сайлов тизими, Қонунчилик палатаси ва Сенатни шакллантириш тартиби, сиёсий партиялар фаолияти, партиянинг амалдаги сайловолди дастури ижроси натижалари ва партиянинг эътиборга молик 100 та ташаббуси ҳақида маълумотлар берилди.
Номзодларга, шунингдек, ҳудудлардаги муаммоларни ўрганиш, атрофлича таҳлил этган ҳолда сайловолди дастурини шакллантириш бўйича тавсиялар берилиб, тажрибали депутатларнинг фаолиятидан мисоллар келтирилди.
Ўқувни партия Марказий кенгаши раиси Алишер Қодиров очиб, мамлакатимиз тарихида биринчи бор аралаш сайлов тизими асосида ўтаётган сайловларнинг мамлакатимиз ва халқимиз ҳаётидаги аҳамияти ҳамда якунда ўқувга таклиф этилган номзодларнинг ўз округларида мажоритар сайлов тизими асосида рақобатга киришажакларини таъкидлади.
Маълумки, пропорционал сайлов тизими «Миллий тикланиш» демократик партияси томонидан бир неча йилдан буён ташаббус қилиб келинаётган эди. Ниҳоят, бу амалга ошди. Аслида партия 2019 йилги сайловларда ушбу тизимнинг айрим элементларидан фойдаланган эди.
Янги тартибга кўра, қуйи палата депутатларининг 50 фоизи, яъни 75 нафари одатдагидек мажоритар сайлов тизимига мувофиқ бир мандатли сайлов округларидан сайлансалар, қолган 50 фоизи пропорционал сайлов тизими асосида партиялар томонидан кўрсатилган депутатликка номзодлар рўйхати (партия рўйхати) бўйича сайланади.
Бундай ўзгаришлар шубҳасиз, сайлов жараёнининг миллий сайлов қонунчилигини умумэътироф этилган халқаро сайлов мезони ва стандартларига мувофиқ, очиқлик, ошкоралик, эркин ва адолат принципларига мос равишда ўтказилишини таъминлаб беради.
Алишер Қодиров мажоритар сайлов тизими бўйича номзодлар сиёсий маданият билан сайловчиларнинг ишончини қозониши зарурлигини таъкидлаб, номзодларининг ғоя ва мақсадлари партияники билан ҳамоҳанг бўлиши шартлигини маълум қилди.
«Миллий тикланиш»нинг бош мақсади: «Қудратли давлатга таянган, қонунлари миллий ва умуминсоний қадриятларга уйғун, инсон қадри баланд, фаровон жамият қуриш» бўлса, бош шиори: «Қадриятларга таянган тараққиёт»дир. Шулар асосида халқимизнинг миллий қадриятлари, азалий урф-одат ва анъаналарини, маънавий ва маданий меросини асраш ва уларни кенг тарғиб этиш, ҳар бир юртдошимиз онгида ватанпарварлик туйғуларини шакллантиришга ҳисса қўшишдир.
– Партиямиз мўътадил ўнглар партияси ҳисобланади. Яъни, биз қадриятлар, анъана, урф-одат ва маънавиятга нисбатан муносабатда консервативмиз. Лекин шу билан бирга, миллий қадриятларимизга зид бўлмаган, замонавий, истиқболли ғоя ва ташаббуслар тарафдори ҳаммиз, – деди партия етакчиси.
Партиянинг асосий мақсади сайловларда парламентда кўпроқ ўрин эгаллашдир. Бу муваффақият партия томонидан таклиф ва ташаббус қилинадиган, электорат талаб қиладиган қонунларнинг қабул қилиниши, ғоялари ҳаётийлигини таъминлашга хизмат қилади. Кўпроқ ўринга эга бўлиш эса энг аввало номзодларнинг ўз сайлов округларида тарғибот-ташвиқот ишларини қай даражада олиб боришлари, партиянинг мақсад ва вазифаларини сайловчиларга қай даражада етказишларига боғлиқ.