Жаноб вазир, томошабинлик қимматга тушиши мумкин
ёки нега «Инсофсиз реклама»ларга қарши курашмаяпмиз, нега шу кунгача улар қатъий назоратга олинмаяпти?
2023 йили Рақобат қўмитаси томонидан ўтказилган 397 та назорат харидидан 24 таси сифатсиз деб топилган бўлса, бир йил ўтиб, 560 та хариддан 95 тасининг яроқсиз экани, 2025 йилда эса 618 та хариднинг 123 таси талабга жавоб бермагани аниқланган.
Шу ўринда, ўтган йилнинг 11 ойида Рақобат қўмитасига озиқ-овқат маҳсулотларининг сифатсизлиги, дорилар ва биологик фаол қўшимчалар келтириб чиқараётган оқибатлар билан боғлиқ 2 345 та мурожаат келиб тушганини айтиш жоиз. Шундан 337 та мурожаат (14 фоизи) биологик фаол озиқ-овқатларга тааллуқлидир.
Шуни ишонч билан айтиш мумкинки, ушбу мурожаатлар ва уларда кўтарилган муаммоли масалалар кўлами бугунги реал ҳолатни тўла акс эттира олмайди...
Тан олайлик: бугун ижтармоқ дарвозасиз ва дарвозабонсиз маконга айланди. Бу ерда истаганча номаъқулчилик қилиш мумкин, истаган кишини истаганча алдаш, ишонтириш, ҳатто чув тушириш мумкин. Улар энг нозик соҳа – Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган тартиб-қоидаларни ҳам очиқ-ойдин оёқ ости қилишяпти. Косметика воситалари, кийим-кечак дўконлари, ўқув марказлари, мотиваторларнинг бепул онлайн дарсларига кўз юмиш мумкиндир. Аммо 10 та касалга битта даъво, деб мақталаётган дори-дармонларнинг бу қадар кенг тарғиб қилинаётгани гўё Ўзбекистонда соҳанинг эгаси қолмагандек таассурот уйғотяпти кишида. Ёки соҳа мутасаддилари бу ҳолатдан бехабармилар? Бунга ишониш қийин, албатта. Бироқ...
Энг ёмони, бундай рекламаларга эл севган, ишонган ва ардоқлаган инсонларнинг аралашаётганлари жамиятда пул учун одамлар соғлиғини ҳам бир пулга ҳам олмайдиган қатлам шаклланганини англатади. Хўш, бундай тартибсизлик ва лоқайдликларнинг чеки борми?
Нега мутасаддилар, биринчи навбатда Соғлиқни сақлаш вазирлиги уларга қарши курашмаяпти. «Соғлиқни сақлаш вазирлигининг рухсати олинган» рекламаларга нега изоҳ берилмаяпти?
Мутахассисларнинг фикрича, «Реклама тўғрисида»ги Қонуннинг 35-моддасига кўра, дорилар эмас, ҳатто зарарлилик даражаси унчалик юқори бўлмаган БФДлар – овқатга қўшиладиган биологик фаол ҳамда озиқ-овқат қўшимчалари реклама қилинаётганда ҳам улар даволаш хусусиятига эга деган таассурот уйғотмаслиги, уларни қўллаган жисмоний шахслар томонидан миннатдорлик ва тавсиялар берилмаслиги, соғлом овқатланишни рад этишга эса ундалмаслиги керак.
Шунингдек, қонунда реклама объекти дори воситаси эмаслиги тўғрисидаги огоҳлантириш билан бирга берилиши кераклиги аниқ-тиниқ ёзиб қўйилган.
Қонуннинг 47-моддасига асосан, биологик фаол ва озиқ-овқат қўшимчалари рекламасига доир талабларни бузганлик – базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз баравари миқдорида жаримага сабаб бўлиши кўрсатилган. Бу жараёнда жамият ҳамда давлат манфаатларига моддий ва маънавий зиён етказиши мумкин бўлган реклама нотўғри (инсофсиз, била туриб ёлғон) бўлгани учун ҳам бундай рекламани тарқатиш қонунчиликка биноан жавобгарликка асос бўлади.
Тиббий энциклопедияда қайд этилишича, витаминлар – организм учун зарур бўлган аниқ кимёвий моддалар. Улар: табиий (овқат орқали) ёки синтетик (таблетка, капсула) кўринишида қабул қилинади. Таркиби аниқ, қабул қилиш дозаси кўрсатилган, кўпинча, дори ёки дорига яқин восита сифатида рўйхатдан ўтказилади. (Масалан: витамин D, B12, фолий кислотаси)
Биологик фаол қўшимчалар эса ўсимликлар, илдизлар, мойлар, экстрактлар ва минераллар аралашмасидан иборат озиқ-овқат қўшимчалардир. Улар кўп компонентли бўлиши мумкин, аммо таъсири илмий жиҳатдан исботланмаган. Улар касалликни даволаш учун эмас, «умумий қувват» ёки «қўллаб-қувватлаш» учунгина тавсия этилади. Яна бир жиҳат: улар дорилар сингари клиник синовдан тўлиқ ўтмайди. Аммо нотўғри талқин ва кучли рекламалар сабаб миллионлаб фуқаролар ҳар иккисини ҳам даволовчи восита сифатида қабул қилишяпти.
Бугунга келиб, қора седана мойи, женшень илдизи, диабет форте, эйфария, «Ал-ҳадая» каби маҳсулотлар рекламаси шу қадар авж олдики, уларнинг хилма-хиллигидан ҳатто бошинг айланади. Юракни даволашгами, марҳамат, ўт пуфакни тозалашгами, бемалол истеъмол қилаверинг. Қанд миқдорини туширишгами, келинг энг ишончлиси бизда. Шундай дориларимиз борки, касалнинг «кўзини ўйиб олади»!
Ёки бўлмаса, бир табиб чиқиб «жигар циррозини даволайман», деб иддао қилса, бошқаси чиқиб битта дорини реклама қилиб, шуни ичса «витилигодан асар ҳам қолмайди» деб жар соляпти. Буларни эшитиб ҳайрон қоласан киши. Хўш, тиббиёт ҳам ожиз қолаётган жигар циррозининг давоси бир табибнинг қўлидаги хапдорида экан, нега ССВ чиқиб бу тўғри ёки нотўғри деб муносабат бермаяпти? Рекламалар эса ижтармоқда тинмай айлангани сари «ўлжа»лари сони оширяпти. Энг ёмони, ҳатто тиббиёт бу касалликларнинг давоси бор ёки йўқлигини айта олмаётган бир пайтда «онкологияга қарши», «псориазни йўқотади»ган дориларнинг кўплигидан уларни «пештахталар» кўтара олмаяпти.
Таҳлилчиларнинг фикрича, бундай ишонарли реклама, «шахсий тажриба»дан мисол келтириш, шифокор кийимида чиқиб, кеча соғайиб чиққанини таъкидлаш каби маркетингдан фойдаланиш, шубҳасиз, сотувларни оширади.
Миллионлаб юртдошларимиз гувоҳ бўлганларидек, жорий йилнинг 27 январ куни Давлатимиз раҳбари раислигида бўлиб ўтган Тошкент шаҳрида хавфсиз муҳитни шакллантириш ҳамда жамоат хавфсизлигини самарали таъминлаш бўйича намунавий амалиётни яратиш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилишида киберхавфсизликни таъминлаш масаласида йўл қўйилаётган камчиликлар ҳам тилга олинди.
Хусусан, кибержиноятлар кундан-кунга кўпайиб, унинг турлари 18 тадан 62 тага чиққани, айниқса, шахсий маълумотларни ўғирлаш, сунъий интеллект орқали овоз ва юз қиёфасини ўхшатиш, зарарли файлларни тарқатиш авж олаётгани кескин танқид қилинди. Биз муҳокама қилаётган рекламалар мавзуси ҳам аслида кибержиноятнинг бир тури. Бу орқали ҳам одамлар онгига таъсир қилиняпти. Тавсия этилган «ноёб» маҳсулотларни билиб-билмай истеъмол қилиш, дозани ошириб юбориш ёки бир ичиб, кейин ичмай қўйиш оқибатида ҳатто оққонга чалиниш ҳолатлари кузатилгани айтиляпти. Бунда «киберовчи» аниқ, «ўлжа» ҳам тахминан белгиланган. «Чўкаётган хасга ҳам ёпишади», дейишганидек, танасида дарди бор одам борки, реклама қилинаётган «дори»нинг «сеҳрли» таъсирига ишонади. Истеъмолдан кейин эса чув тушганини англайди.
Тўғри, бунда ССВ тўлиқ айбдор эмасдир. Аммо Соғлиқни сақлаш вазирлигига ўхшаган, яъни ваколатли идораларнинг жимлиги, сукут сақлаётгани, энг ёмони томошабинлик мақомида туриши халқимиз учун эртага янада қимматроққа тушиши мумкин! Кейинги 5 йилликда бу каби рекламалар авж олганига қарамай, бирор бир масъул бу борада огоҳлантириш ёки тушунтириш бермади. Ахир миллион-миллион одам тақдири билан боғлиқ бўлган бундай ҳолатга қараб туриб бўладими? Ҳеч бўлмаганда оилавий поликлиникалар, жамоат транспортлари, бозор, ОТМ каби жойларга сифат сертификатига эга бўлмаган маҳсулотлар рўйхатини ёпиштириб, одамларни огоҳ этиш мумкинку!
Балки ушбу ўхшатиш унчалар ўринли эмасдир. Аммо қўқонлик бир табибнинг хатти-ҳаракатларига қарши кимлар оёқлантирилмади: журналистлар, блогерлар, газета-журналлар, ҳатто ҳалигача дурустроқ тили чиқиб улгурмаган ҚВЗ ҳам уни нишонга айлантирди.
Демак, ташкиллаштирилса, уюштирилса бўларканку! Нега ўша ноқонуний фаолият олиб борган табибдан кўра кўпроқ зарар келтираётган «ижтармоқ рекламалари»га кўз юмаяпмиз?
Ё кимдир ушбу бозорнинг ривожланишидан манфаатдорми?
Хулоса ўрнида бир таклиф: мутасадди ташкилотларимиз ижтимоий тармоқларда фаол реклама қилинаётган, аммо давлат сифат назоратидан ўтмаган ёки шубҳали деб топилган дори-дармонлар рўйхатини ҳам очиқ ва мунтазам эълон қилиб борса, мақсадга мувофиқ бўларди.
«Буюк табиблар»нинг қайси бирига ишониш мумкинку, қайси бири фирибгар эканини ҳам одамларга эслатиб турсак, улар қўлида соғлигини йўқотаётганлар сони камаярди...
Бундай очиқ рўйхатлар, шубҳасиз, аҳоли соғлиғини ҳимоя қилишга, асоссиз «асрайди», «қутқаради», «даволайди» ҳатто «тирилтиради» мазмунидаги рекламаларнинг олдини олиш, контрафакт ва ноқонуний маҳсулотлар бозорини тозалашга хизмат қилади.
Шунингдек, мазкур рўйхат расмий веб-сайтлар ва ижтимоий тармоқларга жойлаштирилиб, оммавий ахборот воситаларида эълон қилинса, онлайн-савдо билан шуғулланувчи шахслар учун ҳам аниқ сигнал бўлар эди.
Маҳбуба Каримова,
«Миллий тикланиш» мухбири





