Узундара сирлари очиляпти

Узундара сирлари очиляпти

Узундара қадимги юнон ва маҳаллий меъморчилик анъаналари асосида тошдан бунёд этилган манзилгоҳ бўлиб, у Сурхондарё вилоятининг Бойсун тумани шимоли-ғарбидаги сувсиз тоғ чўққисида жойлашган.

Қадимдан Узундара Бақтрия ва Сўғд чегарасида шимолий ҳудуддаги мудофаани таъминлаган муҳим стратегик объект ҳисобланган. Бу тармоқ таркибига нафақат қалъалар, балки Сувсизтоғ орқали Қашқадарё чўлларидан Сурхон ва Шўроб воҳасига ўтадиган жойларни ёпадиган Дарбанд ва бошқа деворлар ҳам кирган. 

Шу ўринда Узундарада очилган маъмурий ва ҳарбий раҳбарлар хоналари деворларининг ички томони горельеф ва геральдик тасвирлар билан безалганини айтиш жоиз.

Узундара қалъаси ўзига хос “ҳимоя чегара” вазифасини ҳам ўтаган бўлиб, бу ердан ҳарбийлар чегара отрядлари Сувсизтоғ ва Дарбанддаги чегара ҳудудларини қўриқлаш учун пиёда жўнашган.

 2016 йили Ўрта Осиё тарихида биринчи марта қазишмалар пайтида хона полидан ноёб топилма топилган. Бу “Александр” типидаги драхма кумуш танга бўлиб, танганинг олд томонида Александр Македонский бошига шер тасвирли ниқоб ва орқа томонида Зевснинг тахтда ўтирган ҳоли ва ёзувлар акс этган. 

Манзилгоҳдан шунингдек, илк салавкийлардан бўлган Антиох I нинг турли тангалари, кумуш драхмалардан мис гемихалқаларгача топилган. 2016 йилда қалъанинг жанубий девори яқинидаги хона полидан Антиох I нинг дихалкаси ҳам топилган. Коллекцияда юздан ортиқ мис ва кумушдан зарб қилинган драхма ва гемихалклар ҳам ўрин олган.

Ушбу ёдгорлик ҳозирда Ўзбекистон ва Россия олимлари, санъатшунослик институти мутахассислари томонидан тадқиқ этилмоқда. 

Яқинда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида археологик ёдгорликни қайта тиклаш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилганини, энди шу асосда Узундара қайта реконструкция қилиниб, туристик манзилга айлантирилишини айтиш жоиз.