Утилизация сиёсати: аҳолига қулай тизим яратиш шарт!

Утилизация сиёсати: аҳолига қулай тизим яратиш шарт!

Утилизация сиёсати:

аҳолига қулай тизим яратиш шарт!

2020 йили хориж автомобиллари учун утилизация йиғимини жорий этишга доир қонун қабул қилиниб, унда автомобил импорти билан шуғулланувчи ва ишлаб чиқарувчиларнинг ҳар бир транспорт воситаси учун  бир марталик тўлов қилишлари қатъий белгилаб қўйилди.

Шунингдек, электромобиллар сонининг ортиб бориши фонида, ҳукумат томонидан утилизация йиғими ҳам жорий этилди. Ушбу маблағни эса атроф-муҳитни асраш ва аккумуляторларни хавфсиз тарзда қайта ишлаш ва утилизация қилиш инфратузилмасини шакллантиришга йўналтириш режалаштирилган.

Бироқ, бу соҳадаги ўзгаришлар ҳали етарли даражада эмаслигини, эски автомобилини утилизацияга топширган фуқаролар учун рағбатлантирувчи механизмларнинг йўқлиги мавжуд тизимнинг бирёқламалигидан далолат беряпти. Масалан, утилизация йиғими жорий этилган бўлса-да,  автомобил эгалари учун тўғридан-тўғри рағбат, субсидия ёки компенсация бериш механизмлари яратилмади.

Амалдаги тизим фуқаролардан фақат тўлов олишга йўналтирилган бўлиб, ҳали утилизация марказлари, қайта ишлаш пунктлари, ёки “траде-ин” дастурлари ишга тушгани йўқ. Ихтисослаштирилган утилизация инфратузилмасининг йўқлиги оқибатида, кўчаларда ташландиқ автомобиллар сони ортиб бормоқда. Бу эса нафақат шаҳар кўринишига, балки экологик муҳитга ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда.

Тўғри, 2020 йили янги ва импорт қилинадиган автомобиллар учун утилизация йиғимини жорий этиш тўғрисида қонун қабул қилиб, тўлов миқдори автомобил двигателининг ҳажми ва ишлаб чиқарилган йилига қараб ўзгариши белгиланган бўлсада, ҳозиргача аниқ миқдор аниқлаштирилмаган. Аммо дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бу йиғим 670 АҚШ долларидан 31 000 долларгача етиши мумкин.

Лекин ҳанузгача, утилизация бўйича зарур инфратузилма йўқ. Давлат экология қўмитаси маълумотларига кўра, йилига 250 минггача автомобил ишлаб чиқарилса-да, шу кунгача эски автомобилларни қабул қилиш ва қайта ишлаш бўйича ихтисослашган пунктлар ишга туширилмади. Натижада кўчаларда занглаган автомобиллар, техник мойлар, аккумулятор кислоталари ва оғир металлар йиғилиб, ер ости сувлари ва тупроқ сифати учун жиддий таҳдид туғдирмоқда.

Расмий статистикага кўра, 2018 йилда текширилган 2,8 миллион транспорт воситасининг қарийб 1 миллионтаси экологик хавфли деб топилган, бироқ улардан атиги 24 818 таси расман фойдаланишдан чиқарилган. Қолганлари эса қайта ишланмай, тўпланиб боришда давом этмоқда.

Шу билан бирга, транспорт воситаларининг атроф-муҳитга йиллик зарарли таъсири 1,56 миллион тонна чиқиндига тенглиги айтилмоқда.

Ҳукумат эса яна электромобиллар импортининг кўпайиши муносабати билан ЭВ батареяларини утилизация қилиш учун янги йиғим жорий этди.

Яъни, 2025 йил 1 майдан бошлаб, 3 йилгача бўлган электромобиллар учун 45 млн сўм, ундан эски моделлари учун эса 78,75 млн сўм миқдорида тўлов белгиланган. Ушбу маблағлар махсус утилизация майдончалари ташкил қилиш, қайта ишлаш ва экологик хавфсиз сақлаш инфратузилмасини яратишга йўналтирилади. Гибрид ва ички ёнув двигателли автомобиллар ҳозирча бу йиғимдан озод этилган.

Биласизми, экологик барқарорлик ва замонавий транспорт инфратузилмасини шакллантиришда автомобилларни утилизация қилиш муҳим аҳамиятга эга. Жаҳоннинг ривожланган мамлакатларида бу соҳада фаол рағбатлантириш дастурлари мавжуд бўлиб, уларда фуқароларга кўплаб иқтисодий имтиёзлар тақдим этилган.

Масалан, Жанубий Корея ҳукумати “4” ва “5-даража” дизел автомобилларини муддатидан олдин утилизация қилиш дастурини субсидиялайди. Бошқача айтганда, ҳукумат кам таъминланган қатлам вакиллари ва якка тартибдаги тадбиркорларга 1 миллион вон (~750 АҚШ доллари) миқдорида компенсация тўлайди. Биргина, 2023-йилда 245 мингтага яқин автомобил учун субсидия ажратилган. Эски электромобилни топшириб, янги экологик транспорт харид қилганлар учун  5000 АҚШ долларигача ёрдам кўрсатилади. Пойтахт Сеул шаҳрида эса  бу кўрсаткич 5300 АҚШ долларигача етади.

АҚШда эса имтиёзлар янада кенг: 2009 йилда “Cаш фор Cлункерс” федерал дастури доирасида 3 миллиард доллар йўналтирилиб, 677 мингдан ортиқ эски автомобил янгисига алмаштирилган. Харидорлар янги автомобилни экологик стандартларга мос ҳолда харид қилган тақдирда солиқ имтиёзларига эга бўлган. Бу дастур қисқа муддат ичида 4,4 миллион тонна CО₂ чиқиндиларининг камайишига олиб келган.

Японияда 2009–2010 йилларда “Эcо-cар” дастури орқали эски, 13 йилдан ортиқ хизмат қилган автомобилларни янгилаш учун 1250–2500 доллар миқдорида субсидиялар ажратилган. Давлат бу мақсадга жами 3,7 миллиард доллар ажратиб, қисқа муддатда автомобил бозорини жонлантирган.

Хитойда эса 2024 йил ҳолатига кўра, эски стандартдаги (Чина-ИИИ ва ундан паст) автомобилларни топшириб, янги электромобил сотиб олганларга 2700 АҚШ долларигача, бензинли автомобил олганларга эса 2100 долларгача субсидия берилган. Ушбу мамлакат аҳолисида Дастурга қизиқиш жуда юқори бўлиб, 2024 йилнинг ноябрь ойигача 4 миллиондан ортиқ ариза келиб тушган.

Автомобилларни утилизация қилиш – бу фақат экология билан боғлиқ масала эмас, балки миллий иқтисодий хавфсизлик, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва аҳоли саломатлигини таъминлашга доир стратегик йўналишдир. Ривожланган мамлакатлар тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, фуқароларга тўғридан-тўғри рағбат ва молиявий имтиёзлар бериш асосида ишлаб чиқилган давлат сиёсати нафақат чиқиндиларни камайтиради, балки саноат ва ички бозорни жонлантиради.

Шундан келиб чиқиб, “Миллий тикланиш” демократик партияси экологик тоза, замонавий ва миллий манфаатларга мос транспорт сиёсатини амалга ошириш тарафдоридир. Автомобилларни утилизация қилиш бўйича изчил, рағбатлантирувчи ва аҳолига қулай тизим барпо этиш эса миллий тикланиш ва яшил тараққиёт сари муҳим қадамдир.

Асаланбек Тажикулов,

Партия қошидаги Ўқув-тадқиқот таҳлил

маркази масъул ходими