Ҳудудларда...

Ҳудудларда...

Самарқанд:
Китобхон кўп, аммо кутубхона анчайин ғариб...

“Миллий тикланиш” демократик партиясининг Самарқанд вилоят Кенгаши ҳузуридаги Ишчи гуруҳ Самарқанд туман ахборот-кутубхона маркази фаолиятини ўрганди.

Аниқланишича, 2019 йилда давлат рўйхатидан ўтказилган марказ ўз биносига эга эмас. Айни пайтда Ёшлар ишлари агентлигига қарашли – 90 кв. метрдан иборат Гулобод қўрғонидаги бир қаватли бинода иш олиб бормоқда. Бино ахборот-кутубхона маркази тасарруфида бўлмагани боис хатловдан ҳам ўтказилмаган.

Марказ 2019 йилнинг декабрида 2737 та китоб билан иш бошлаган бўлса, ҳозир кутубхонада 19 955 та китоб сақланмоқда. 

Айни пайтда 15521 нафар китобхонга хизмат кўрсатаётган марказнинг ўқув зали йўқ, мебель жиҳозлари ва компьютер техникалари ҳам етишмайди. Хоналар қишда совуқ, ёзда иссиқ бўлгани боис китобларни асосан уйга олиб кетишади. Ўрганишлар давомида депутатлар мутасаддилар олдига ахборот-кутубхона марказини аҳоли гавжум жойга кўчириш ва бугунги кун талабларига жавоб берадиган бино қуриб бериш вазифасини қўйишди.

Қашқадарё:
Депутатлар учун алоҳида мактаб йўқ

Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Қашқадарё вилоят ҳудудий бўлинмаси Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгаши билан ҳамкорликда “Маҳаллий Кенгаш депутатларининг ўз сайловчилари ҳамда партия депутатлик гуруҳи билан алоқаларини ривожлантириш масалалари” мавзусида давра суҳбати ташкил этди.

– Тадбирдан асосий мақсад депутатлар фаоллигини ошириш, сайловчилар билан алоқаларини мустаҳкамлаш, – дейди бўлинма раҳбари, Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгаши депутати  Даврон Кесимов.

Таъкидлаш жоизки, кейинги вақтларда маҳаллий Кенгашларнинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ижро этувчи ҳокимият идоралари фаолияти устидан назорат ўрнатиш ва одамларни ўйлантираётган муаммоларни ҳал қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлари яхши самара беряпти.

Биламизки, депутатларга қандай иш олиб бориш ўргатилмайди. Бу борада улар ҳаёт мактабида олган билимларига таянишади. Бугунги семинар-тренинг эса айнан депутатларнинг ўзаро тажриба алмашиши, фаолият самарадорлигининг ошишида муҳим аҳамият касб этади.

Жиззах:
264 миллион сўм қаерга кетди?

Жиззахда 9 та кўзи ожизларга хизмат қиладиган ихтисослаштирилган кутубхона бор. Маълумот ўрнида айтиш жоиз: айни пайтда вилоят кўзи ожизлар махсус кутубхонасининг китоб жамғармаси 41733 тани ташкил этиб, шундан 34023 таси босма, 2619 таси брайл ёзувидаги, 4186 таси “гапирувчи” китоблар, 905 таси эса электрон дисклардир.

Яқинда партия вилоят кенгаши томонидан тузилган ишчи гуруҳ мазкур кутубхоналар фаолиятини ўрганди. Натижада амалга оширилган ишлар билан бирга талай муаммолар борлиги маълум бўлди. Жумладан, вилоят марказидаги Бош кутубхона  ва  8 та тумандаги филиаллар кўзи ожизлар учун белгиланган талаблар даражасида жиҳозланмаган.

Бунга асосий сабаб уларнинг биронтаси ўз мустақил биносига эга бўлмай, турли ташкилотларда ижара асосида фаолият юритаётганидир. Бундан ташқари, брайл алифбосидаги адабиётлар, шунингдек, ўзбек ёзувчи ва шоирларининг асарлари жуда камлиги ҳам эътирозларга сабаб бўлаётир. 

Гарчи 2024 йилда бюжетдан махсус кутубхоналар фондини бойитиш мақсадида 264 млн 600 минг сўм маблағ ажратилган бўлсада, етарли миқдордаги адабиётлар харид қилинмаган. Қолаверса, кутубхоналарнинг ниҳоятда торлиги, пандусларнинг яроқсизлигию, аудио китобларнинг етишмаслиги ҳам кутубхонада муаммолар кўплигини кўрсатяпти.

Қорақалпоғистон:
Мусиқа фақат ноталарни таниш дегани эмас...

“Миллий тикланиш” демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси, Жўқорғи Кенгес депутати Тажибай Романов, Халқ депутатлари Нукус шаҳар кенгаши депутати Эндирбай Абдуллаев ва соҳа мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ Нукус шаҳридаги 12-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида бўлиб, мавжуд шароитлар билан танишдилар.

Ўрганишлар давомида мактаб биносининг ҳолати, моддий техник базаси, мактабда таълим бераётган педагогларнинг мутахассислиги, ўқув жараёнида фойдаланилаётган дарсликлар ва бошқа масалалар бўйича маълумотлар олиниб, атрофлича таҳлил қилинди.

Гуруҳ аъзолари Нукус шаҳридаги 22-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида ҳам бўлдилар.

Мактаб фаолияти ўрганилганда керакли чолғу асбобларининг етишмаслиги, шунингдек, ўқув ҳамда машғулотларни самарали ташкил этишга ҳалал берувчи бошқа муаммолар ҳам борлиги аниқланди.
Ўрганишлар якунида мактаб маъмуриятига мавжуд муаммоларни ҳал этиш юзасидан тавсиялар берилди.