SOS: Умидани танийсизми?

SOS: Умидани танийсизми?

SOS: Умидани танийсизми?

Швецияда аёл фарзанд кўрганидан кейин боласи 1,5 ёшга етгунига қадар пул ҳақида ўйламас экан, чунки давлат аёлга ва турмуш ўртоғига 480 кунлик пуллик ота-оналик таътили бераркан. Бу даврда улар маошининг 80 фоизи ҳам ҳисоб рақамларига тушиб тураркан.

Норвегияда эса туғуруқ таътили ва бола парваришига янада чуқурроқ ёндашилар экан. Яъни, ёш онага 49 ҳафталик тўлиқ таътил, шундан 15 ҳафтаси отага бериларкан. Бу билан ҳукумат аёлга босим бўлмаслиги, “бола фақат сенинг ишинг” деган қарашлардан воз кечишни таъминлар экан.  

Тан олайлик, мамлакатимизда ҳам аёлларнинг жамиятдаги фаоллигини оширишдан тортиб, фарзанд тарбиялашигача бўлган жараён давлат ҳимоясига олинган бўлиб, бу даврда оналар учун қатор имтиёзлар яратилган.

Хусусан, “Аёллар дафтари”, “Ҳар бир аёл – тадбиркор”, “Аёллар академияси”, “Сиёсатчи аёллар клуби” каби ижтимоий-иқтисодий дастурлар орқали ўн минглаб хотин-қизлар ишли ва даромадли бўляпти. Давлат томонидан имтиёзли кредитлар, бизнес бошловчилар учун грантлар, солиқ енгилликлари ҳатто бепул касб-ҳунар курслари ташкил этиляпти.

Уларнинг саломатлиги йўлида ҳам қатор шароитлар яратиляпти. Хусусан, онкологик касалликларни эрта аниқлаш дастурлари жорий этиляпти.  Шифохоналарда ҳомиладор ва эмизикли аёллар учун бепул хизматлар йўлга қўйилган. Зўравонликдан азият чекканлар учун реабилитация марказлари, психологик ёрдам линиялари, ҳимоя ордерлари, махсус ички ишлар мутахассислари тайинланган.

Буларнинг барчаси яхши, албатта. Аммо негадир бундай имкониятлардан фойдаланаётганлар ҳозирча камчиликни ташкил этмоқда.

Хабарингиз бор, бугун юртимизда аёллар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган “Умидани чақиринг!” қутқарув тизими  ишлаяпти. У айнан зўравонликка учраган ёки таҳдид остида қолган аёлларга ёрдам бериш учун жорий этилган.

Хўш, юртдошларимиз ушбу тизимдан қай даражада хабардорлар? Ана шу саволга жавоб топиш мақсадида бир дўконда тажриба ўтказишга қарор қилдим. Катта савдо мажмуасига кириб, дўкон эгасига:

– Умидани чақиринг, илтимос, дедим.

Дўкончи менга ажабланиб қаради: – Бизда Умида деган, ходим ишламайди. “Умидани чақиринг” деган мурожаат билан яна 10га яқин дўкону, овқатланиш шохобчаларига кирдим. Жавоблар деярли бир хил: “Бизда ундай одам ишламайди...”.

Ҳа, айтганча, биттасида ёши катта бир аёлни чақириб беришди. Мен қидираётган Умида бошқалигини айтиб, “қочиб қолдим”.

Йиқилган курашга тўймас, деганларидек, Фарҳод деҳқон бозорида Сабзавот сотиб ўтирган бир онахонга: – Холажон, Умидани чақиринг, – дедим.

Хола дарҳол ҳавотирланиб, ёнимга келди: – Тинчликми, қизим? Қандай ёрдам керак? – дея атрофга синчковлик билан қарай бошлади. Ичимда бир нур уйғонди: демак, ҳеч бўлмаса шу аёл бу тизимдан хабардор экан! У холадан сўрадим: – Қаердан биласиз бу ҳақда? Хола бу ҳақда қайсидир газетада ўқиганини айтиб, тизимнинг ижобий томонларини санай кетди.

Яна бир аччиқ ҳақиқатни тан олмай иложимиз йўқ: ахборотни газетаю, телевидение орқали кўргач, эшитгач, унга ишониш ҳисси фақатгина катта авлод вакилларида сақланиб қолган экан.

Дарвоқе, “Умидани чақиринг!” каби тизимлар – бу шунчаки кампания эмас. Бу – ҳаёт. Бу – таҳликадаги, жони хавф остида бўлган аёлга бериладиган нажот сигнали, аслида. Аммо бу сигнални эшитадиган қулоқ бўлиши керак. Бизда эса кўп ҳолларда “Менга тегмасин, бошқаси билан нима ишим бор?” деган беғамлик, бефарқлик кайфияти ҳукмрон. Айниқса, аксарият ёшларда “фақат менга бўлса бўлди” деган чирик ўй-хаёллар шаклланганки, уларни бундан халос қилиш учун йиллар керакка ўхшайди!

 Ахир “Умидани чақиринг” тизимидан ҳар бир хотин-қиз хабардор бўлиши шартку! Унутмангки, бошқаларнинг тақдирига бефарқ бўлдикми, демак, ҳеч ким хавфсиз эмас. Чунки эртага сиз ёки синглингиз, қизингиз ҳам худди шу тизимга муҳтож бўлиб қолиши мумкин.

Халқаро тажриба шуни кўрсатадики, аёлларнинг неча фоизи жамият ҳаётига жалб этилса, давлат шунча тараққий этади. Швеция парламентида аёллар 45%, Канадада зўравонлик марказлари ҳар бурчакда, Германияда ҳар учинчи стартап – аёлники. Ўзбекистонда эса ҳали ҳам “қиз бола ўқиб, шаҳар олиб берармиди, тенги чиқса текин бер" каби алмисоқдан қолган қарашлар “яшаяпти”. Шу боис ҳам эрта никоҳнинг оғир оқибатлари билан курашишда давом этяпмиз ва бу муаммо ҳали бери барҳам топадиганга ўхшамаяпти...

Зарина Ахмедова,

“Миллий тикланиш” мухбири