Шунча ахлатни фарзандингиз ёки неварангизга раво кўрасизми?

Шунча ахлатни фарзандингиз ёки неварангизга раво кўрасизми?

ёки бизнинг камикацуликлардан қаеримиз кам?

Жаҳон банки маълумотларига кўра, 2025 йилда аҳолининг тез ўсиши ва урбанизация таъсирида чиқиндилар ҳажми 2020 йилга нисбатан 73 фоизга, яъни 3,88 миллиард тоннагача ортар экан... 

Қайд этилиишича, ҳар йили 1 миллион денгиз қуши ва 100 минг денгиз сут  эмизувчиси пластик чиқиндилар туфайли нобуд бўларкан. Зеро, ҳар йили океанларга 12 миллион тонна пластик чиқинди ташланмоқда.  

Мутахассислар шунингдек, ҳар бир инсонга йилига ўртача 20 тонна хомашё сарфланиб, унинг 97 фоизи чиқиндига чиқарилаётганини ҳам ҳисоблашибди. Бу эса маҳсулотларнинг хизмат муддати қисқараётгани, унинг ўзидан кўра, ўрамига кўпроқ эътибор қаратилаётгани, яъни бир марталик буюмлардан кенг фойдаланилаётгани билан боғлиқ. Шу боис ҳам чиқиндини саралаш ва қайта ишлаш, унинг табиатга, инсониятга зиёнини камайтириш ХХI асрнинг долзарб муаммоларидан бирига айланди.
2016 йили Ўзбекистонда чиқиндилар ҳажми 6,9 млн тоннани ташкил этган бўлса, 2020 йилда 7,4 млн тоннага етди.

Маълумки, маиший чиқиндилар таркиби асосан органик чиқиндилар (сабзавот ва меваларнинг пўстлоғи, тозалаш қолдиқлари) ва полимерлар, хусусан, полимер идишлар ва полиэтилен турдаги чиқиндилардан иборат.

Шунинг учун ҳам уларни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотга айлантирувчи корхоналар фаолияти кенгайтирилмоқда. Хусусан, 2023 йилда 287 та корхонада (116 та пластик ва полиэтилен, 98 та қоғоз, 12 та резина ва шина, 13 та шиша ва бошқа турдаги чиқиндилар) 2,6 млн тонна чиқинди қайта ишланиб, 760 минг тонна тайёр маҳсулотга айлантирилди. 

Шу ўринда Давлат экологик экспертиза маркази тақдим этилган лойиҳаларни ўрганиб чиқиб, чиқиндиларнинг турига қараб, саралаш ва қайта ишлаш мумкин бўлганларини иккиламчи хомашё сифатида тегишли корхоналарга топшириш, стационар манбаларда тозалаш самарадорлиги 99,5 фоиздан кам бўлмаган ҳамда чанг ва газ ушлаш тизимларидан фойдаланишни таъминлаш талабини қўймоқда. “Яшил макон” ва “Яшил белбоғ” миллий дастурлари доирасида (ҳудуднинг камида 25 фоизи) ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштиришни йўлга қўйиш, корхонанинг ўзида ҳосил бўладиган оқава сувларни зарарсизлантириш учун тозалаш иншооти ташкил қилиш каби бир қанча чора-тадбирлар белгиланмоқда.

Бу талаблар экологик хавфларни камайтириш ва табиатни муҳофаза қилишнинг самарали механизмларини ишлаб чиқишга қаратилгани билан ҳам ниҳоятда муҳимдир. Шу билан бирга, қайта ишлаш инфратузилмасини ривожлантириш, соҳага доир қонунчиликни такомиллаштириш, инновациялар ва янги технологиялар жорий этиш, бу жараёнга эса хусусий секторни кенг жалб этиш йўналишларида ҳам тизимли ишлар олиб бориляпти. Жумладан, Тошкент, Самарқанд ва бошқа йирик шаҳарларда пластик, шиша, қоғоз ва метал чиқиндиларни қайта ишлаш заводлари фаолият юритмоқда. Чиқиндиларни саралаш тизимини жорий этиш, аҳоли пунктларида чиқиндиларни алоҳида йиғиш учун эса жойларга контейнерлар ўрнатиляпти. 

Маълумки, “Чиқиндилар тўғрисида”ги Қонунда қайта ишлаш ва самарали фойдаланиш бўйича бир қатор талаблар белгиланган. 2030 йилгача мўлжалланган яшил иқтисодиётга ўтиш дастури доирасида ҳам чиқиндилар билан боғлиқ муаммоларга алоҳида эътибор қаратиляпти. Инновациялар ва технологиялар жорий этиш бўйича эса қайта ишлаш жараёнига замонавий технологиялар киритилиб, чиқиндилардан иккиламчи хомашё олиш имконияти кенгайтирилмоқда. Бунда органик чиқиндилардан биогаз ишлаб чиқариш лойиҳалари ҳам муҳим ҳисобланади. 

Қайд этиш жоизки, атроф-муҳитни покиза тутиш, аҳолини чиқиндиларни қайта ишлашнинг аҳамияти тўғрисида доимо хабардор қилиб бориш мақсадида турли акциялар, кўргазма ва таълим дастурлари ташкил этилмоқда. Бу муаммога хусусий секторни жалб этиш учун эса хусусий компанияларни қўллаб-қувватлаш ва улар учун имтиёзлар яратиш тизими йўлга қўйилган. 

Бу жараёнда, айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 4 январдаги ПФ-5-сонли фармони дастуруламал вазифасини бажараётганини айтиш жоиз. Хусусан, унда экология ва санитария талабларига жавоб бермайдиган полигонларни яхшилаш, қайта ишлаш жараёнларини самарали ташкил қилиш, экологик ҳуқуқбузарликларни аниқлаш учун автоматлаштирилган тизимларни жорий қилиш ва юрисдикциядаги шартномаларни шакллантириш бўйича аниқ кўрсатмалар берилган. 

Қайд этиш жоизки, юртимизда чиқиндиларни йиғиш тизими бир неча босқичда амалга оширилади. Бу иш, энг аввало, корхона, ташкилотлар, маҳалла ва кўп қаватли уйлар орасидаги чиқинди йиғиш майдончаларидан бошланади. Йиғилган чиқиндилар дастлаб кластер ва санитар тозалаш корхоналарига етказиб берилади. Кластер – республика марказий шаҳарларида чиқиндиларни йиғиш, ташиш, саралаш ва қайта ишлаш бўйича экологик кластер ташкил этиш лойиҳаларини амалга оширувчи корхоналардир.

Айни пайтда 9 та ана шундай ташаббускор субъект томонидан (Нукус, Бухоро, Жиззах, Қарши, Навоий, Термиз, Гулистон, Ангрен ва Урганч шаҳарларида) Ўзбекистон Ташқи Иқтисодий фаолияти Миллий банки кредитлари эвазига Хитой Халқ Республикасида ишлаб чиқарилган 79 та чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш технологик ускуналари ҳамда  360 та махсус техника харид қилинди. Шунга кўра, сараланган чиқиндилар қайта ишланиб (шиша, пластик, қоғоз ва бошқа) иккиламчи хомашё ёки тайёр маҳсулотга айлантириляпти. Улардан қолган чиқиндилар эса қайта ишланган чиқиндилар полигонига олиб бориб, кўмилади.

Бу жараёнда Санитар тозалаш ДУК ва хусусий корхоналар ҳам бевосита иштирок этади. Ҳозирда санитар тозалаш ишлари билан 114 та, иккиламчи хомашёни қайта ишлаш бўйича эса 202 та корхона фаолият юритмоқда. Шу ўринда бугунгача маиший чиқиндилар билан ишлаш соҳасида хусусий секторнинг улуши 65 фоизга етказилишини айтиш жоиз. Чиқинди хизматларига тўлов қилишда “Тоза Макон биллинг” дастурий тизими жорий қилинган.

Чиқинди корхоналарининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳақида гап кетганда, 400 млрд сўмлик 346 та махсус техника лизинг асосида етказиб берилганини таъкидлаш жоиз. Чиқиндиларни саралаб, йиғиш тизимини жорий қилиш мақсадида 414 та замонавий чиқинди йиғиш майдончалари реконструкция қилиниб, 26 та замонавий майдончалар қурилган. Чиқиндиларни ноқонуний жойлаштириш ҳолатларини аниқлаш мақсадида эса 110 та назорат камералари ўрнатилган. “Sayar LLC” компанияси (АҚШ) томонидан Тошкент шаҳри, Самарқанд ва Бухорода эса 6 минг тонна тиббиёт чиқиндисини термик қайта ишлаб, иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширила бошланди.

Ушбу лойиҳа доирасида 2024-2025 йилларда 7 миллион доллар миқдорида маблағ жалб этилиб, йилига 6 минг тонна тиббиёт чиқиндисини термик қайта ишлаб, 20 ГВт соат/йил қувватга эга ускуналарни ишга тушириш кўзда тутилган.

2026 — 2030 йилларда эса 108 миллион доллар ҳисобига йилига 90 минг тонна тиббиёт чиқиндисини термик қайта ишлаб, 300 ГВт соат/йил қувватга эга ускуналарни ишга тушириш кўзда тутилган.

Бир сўз билан айтганда, экологик муаммолар хавфи юқори эканидан келиб чиқиб, ушбу муаммоларнинг салбий оқибатларини олдини олиш бўйича тизимли чоралар кўрилмоқда. Хусусан, атроф-муҳит, қишлоқ ва сув хўжалиги ҳамда бошқа соҳалардаги сиёсат қайта кўриб чиқилди. 

Ёдингизда бўлса, 2020 йили Япониянинг Камикацу оролидаги тоғли қишлоқ аҳолисининг чиқиндиларни 34 та турга ажратиб, 90 фоизини қайта ишлашни ўрганишгани бутун дунёга ибрат қилиб кўрсатилган эди.

Шунингдек, бу оролда чиқиндилар утилизациясидан тушган маблағга мунипалитет компост қилиш учун материалларга субсидиялар, озиқ-овқат олиш учун ваучерлар беришни йўлга қўйган. Шундан кейин бу тажрибани яна учта қишлоқ аҳолиси қўллай бошлаганди. 

Мана, орадан 4 йил ўтиб, содир бўлаётган иқлим ўзгаришлари бутун дунёни камикацулликлар тажрибасини ўрганишга даъват қиляпти...