Чўлланиш офат

Чўлланиш офат

Аслида олам ҳам, биосфера ҳам, инсон организми сингари мукаммал яратилган. Эътибор беринг: Ер билан Қуёш орасидаги масофа доимо бир хил, озон қобиғининг табиий-экологик меъёри 300 добсон бирлигига тенг (фақатгина баҳорда ёхуд ёмғир ёққанда ўзгариши мумкин). Агар инсоният ушбу табиий-экологик меъёрларга амал қилса, ер юзида ҳеч қачон экологик хавф юзага келмайди. 

Сир эмаски, кислород манбаи бўлган ўрмонлар экологик барқарорликликнинг асосий омилидир. Олимлар бир йил давомида СО2 (карбинат ангидрид) ютилишининг ҳажми 2,6 фоизга қисқарганини, газнинг ажралиши эса 3,4 фоизга ошганини аниқлашди. Олиб борилган тадқиқотлар давомида СО2  сўрилиш ҳажмининг энг жиддий камайиши ўрмонларнинг қуруқ ва иссиқ ҳудудларида аниқланиб, ҳозирда у ерлар углерод ютувчи эмас, балки ажратувчига айланган.

Қайд этилишича, СО2 газининг ажралиш ҳажми 2013 йилда ютилишидан кўпроқни ташкил этган. Бунга эса сабаб сифатида ўрмонларнинг кесилиши, ёғингарчиликнинг камайгани, жазирама ва қурғоқчилик ортгани кўрсатилмоқда. 

Айтиш керакки, бугунга келиб республикамизда ўрмон фонди 12 миллион гектарга етказилди. Таҳлиллар Қорақалпоғистонда 6 миллион 600 минг гектардан ортиқ ўрмон хўжалиги ерлари борлигини кўрсатган бўлса, 2018-2020  йилларда Орол бўйи ҳудудида 1 миллион 160 минг гектар яшил қопламали ҳудудлар яратилди. Галдаги вазифа эса ушбу яшил ҳудудни янада мустаҳкамлаб, ҳақиқий ўрмон ҳудудига айлантириш. Дарвоқе, мавриди келганда айтиш керакки, шу кунларда мамлакатимизнинг янги экологик харитаси ишлаб чиқилмоқда. 

Шу ўринда яна бир маълумот: 50 минг гектар ўрмонзор ташкил этиб, Жиззах, Навоий, Самарқанд, Сурхондарё, Қашқадарё, Наманган ҳамда Тошкент вилоятлари тупроқларида ёнғоқ, писта ва бодом плантациялари ташкил қилиш, Бухоро заминида қора анжир, ўрик, узум, қовун  етиштириш имкониятлари кенгайтирилмоқда. Шунинг учун ҳам маҳаллий пистанинг сувсизликка чидамли ва юқори ҳосил берадиган 13 турдаги янги-янги навлари рўйхатдан ўтказилиб, уларни тоғли туманларга экиш режаси тасдиқланди. 

Олиб борилган ўрганишлар Қоракўл, Ғиждувон, Шаҳрисабз, Китоб, Поп, Чортоқ, Нуробод, Қўшработ, Нурота, Бахмал, Фориш, Узун, Бойсун, Оҳангарон ва Бекобод туман ўрмон хўжаликларининг ижобий ўзгаришларга муҳтожлигини кўрсатмоқда. Шу ўринда 5 минг гектар  ерда фақатгина доривор ўсимликлар плантацияси ташкил этиш имкониятимиз бор.

Зеро, шифобахш ўсимликларни кўпайтириш, йўқолиб бораётган навларини қайта тиклаш орқали биосферадаги экологик мувозанатни тиклаш ўрмончилар олдида турган энг муҳим вазифалардан биридир.

Бу орқали  тупроқ ва ҳаво сифатининг табиий тикланишига, озуқа занжирларини эса ўз ўрнига қўйишга эришиш мумкин. Таклиф ўрнидан келтириш жоизки, Боботоғ, Зомин, Бахмал, Далварзин, Қўқон ва Қозоқдарё ўрмон хўжаликларида ҳам биохилма-хилликни асраш, туризмни ташкил этишда табиат-ўрмон борлиғига зарар етказмаслик омиллари қайтадан ишлаб чиқилиши керак.

Зотан, Ибн Сино айтганидек: “Ҳеч бир ўсимлик йўқки, у шифобахш хусусиятга эга бўлмасин, ҳеч бир касаллик йўқки, у ўсимлик билан даво топмасин”. 

Маълумки, Абдурауф Фитрат 1929 йилда  “Форс шоири Умар Ҳайём” номли рисола ёзиб, 35 та рубоийнинг насрий таржимасини ҳам келтирган. Унда оламдаги мутаносиблик шундай изоҳланган: “Олимлар ва файласуфлар айтадиларки, гўзал юз оламнинг Аллоҳ таоло томонидан яратилганига исбот ва илм ўрганиш зарурлигига далолатдир. Гўзал юз яратувчининг асаридир ва унинг моҳияти эзгулигини намоён қилади. 

Аммо надоматлар бўлсинким, шунча табиий офатлару, муаммолар ҳам инсониятнинг экологик инқироз моҳиятини тўлалигача англаб етиши учун етмаяпти. Аслида эса биосферадаги экотизимда юз бераётган манфий ўзгаришлар жуда жиддий чақириқ эканини тушуниш учун катта ақл керак. 

Биламизки, чўлланиш жараёни жадаллашгани сари экотизимлардаги органик ҳаёт тўхтайди. Қурғоқчилик туфайли чўлланиш кучайиб, ер табиий-иқтисодий инқирозга учрайди.

Хўш, бу дегани нима? Бу чўлланиш кучайса, озиқ-овқати етарли бўлган 3,2 млрд. аҳоли озиқ-овқат танқислигига дуч келади, деганидир. Маълумотларга кўра, дунёда бир дақиқада 23,  ҳар йили эса 12 млн. гектар ер чўлланмоқда. Ўзбекистонда эса ҳар дақиқада 9 м2 ер чўллашмоқда.   
        
Қайд этилишича, Ер юзининг 75 фоизи чўлланган ҳудуд бўлиб, чўлланишнинг худди шундай таҳдиди давом этаверса, 2050 йилга бориб, Еримизнинг 95 фоизи чўлланиш, яъни яроқсиз ҳолатга келиб қолиш балосига рўбарў келиш мумкин экан.

Рақамларда келтирилишича, бугун Ўзбекистон 80 турдаги ҳўл ва қуруқ меваларни 180 га яқин мамлакатга экспорт қиляпти. Агар биз чўллашиш жараёнини ўз вақтида тўхтатмасак, иқтисодий фойдадан ҳам қуруқ қоламиз. Шунинг учун ҳам биз авлодларимизнинг “Ер билан тиллашиш” тамойилларига қатъий амал қилишимиз лозим.

Зеро, 10 сантиметрли гумус қобиқли ҳосилдор ер дунёга келиши учун табиат 2000 йилдан 7000 йилгача “вақт” сарфлайди. Бундай тупроқдан вужудга келган бир гектар ўрмон қопламаси ўртача 200 минг киши истиқомат қиладиган ҳудудни тоза ҳаво билан таъминлайди. 

БМТ маълумотларига кўра, 2008 йили атроф-муҳитга инсоният фаолиятидан, яъни антропоген омил туфайли келган зарар ҳажми 6,6 триллион долларга тенг бўлган.

Хўш, бунга аҳоли сонининг кўпайиб бораётними ёки экологик билимсизлик сабабми?
 
Йиллар Аҳоли сони

1 650 йилда 0,5 миллиард  киши
2 1500 йилда 450 млн. киши
3 1800 йилда 900 млн. киши
4 1820 йилда 1 миллиард  киши
5 1900 йилда 1,6 миллиард киши
6 1930 йилда 2 миллиарда киши
7 1950 йилда 2,5 миллиард киши
8 1959 йилда 3 миллиард киши 
9 1977 йилда 4 миллиард киши
10 1987 йилда 5 миллиард киши
11 2000 йилда 6 миллиард киши
12 2011 йилда 7 миллиард киши
13 2020 йилда 7,7 миллиард киши
14 2021 йили 7,9 миллиард киши
15 2024 йилнинг январь ойида 8 млрд. киши
16 2050 йилда жами аҳоли сони 9 миллиарддан ортиши кутилмоқда (БМТ эҳтимолий башоратига кўра)
17 2100 йилда 11 миллиард 
 
Шубҳасиз, еримиз ўлчами аниқ ва у кенгая олмайди. Шундай экан табиат неъматларини қандай қилиб асраш мумкин, экотизимлар маҳсулдорлигини-чи деган саволлар ҳаммамизни ўйлантириши керак!

Экология ва тараққиёт Халқаро Лондон университетининг катта илмий ходими Давид Сэттервейтнинг фикрига кўра, “Муаммо сайёрамизда қанча киши яшаётганида эмас, балки истеъмол миқдори, унинг кўлами ва моҳиятидадир...” Унинг юқоридаги фикрига ҳамоҳанг тарзда Ҳиндистон донишманди Махатма Ганди: “дунёда табиат заҳиралари етарли, улар ҳар бир инсонниг эҳтиёжини қондиришга етади, аммо очкўзлигини эмас” – деган экан. 

Инсониятни табиат неъматларига нисбатан, тасаввуф файласуфлари  ибораси билан айтганда, нафси аммора даражасидан ҳам ошиб бормоқда. Хонадон эҳтиёжини бир автомашина қондиради, биз бир нечта автомашинага эгалик қиламиз. Бир телевизор бир хонадон аъзоларини эҳтиёжини қондиради, биз эса барча хоналарга телевизор қўймагунча тинчимаймиз.

Дания  статистика бошқармаси маълумотларига кўра, 2021 йили ҳар бир даниялик  ҳар ойига 38 854 крон миқдорида маош  олган, бу 5 210 евро деганидир. Данияда ўртача умр эркаклар учун 80, аёллар умри эса 87 ёшни ташкил этади.

Мамлакатнинг энг катта ютуқларидан бири бу аҳолининг экологик билими даражаси юқорилигида бўлса, иккинчиси, иқтисодни бошқариш пойдеворида экологик билим, экологик тафаккур ва маданият мужассамлигидир. Ер билан тиллашиш илмини эгаллаш учун улар уч йил давомида илм ва амалиётдан кўникма олишади, сўнг уларга “яшил дафтар” -  тупроқ билан ишлаш “дипломи” бериларкан... Ана шундан кейингина ерга эгалик ҳуқуқи берилади!

Тўғри, Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги бу меҳнатсевар халқимиз. 2023 йилги маълумотларга кўра, Ўзбекистонда  36,6 млн. аҳоли яшаган бўлса, бугун ушбу кўрсаткич 37 миллиондан ошди. Аммо еримиз ҳудуди ўша-ўша.  Биз айнан ана шу талабдан келиб чиққан ҳолда юртимиздаги ҳар бир экологик компонентнинг иқтисодий эмас, балки экологик қийматини инобатга олган ҳолда  ишлаб чиқаришни ташкил этишимиз керак, бу эса экологик хавфларнинг олдини олиш гарови саналади. 

Маълумотларга кўра, сайёрамизда ҳар йили 15 миллиард тупга яқин дарахт кесилади, экиладиганларининг сони эса беш миллиарддан ошмайди. Бу эса атмосферага юбориладиган кислород миқдори учдан икки бараварига камаяди деганидир. Ўйлаб кўрайлик: ўрни қопланмаган ўн миллиард дарахт қанча кислород ажратиб берарди ёки қанча карбонат ангидридни кислородга айлантирарди? Зотан, дарахтлар биосферадаги энг ноёб компонентдир.

Ўзбекистон “Яшил” ўсиш индексида Осиё давлатлари ичида 33-ўринда туради. Дунёнинг 100 дан ортиқ етакчи мамлакатлари 2030 йилгача ўрмонларни кесишни тўхтатишга келишиб олишди. 28 та давлат ҳукумати эса қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, хусусан, палма ёғи, какао ва соя ишлаб чиқариш учун ўрмонларни кесишни тўхтатадиган бўлди. Ушбу қарорни, айниқса, Бразилия, Канада, Колумбия, АҚШ, Буюк Британия ва Индонезия қўллаб-қувватлади.

Таъкидланишича, ушбу мамлакатлар ҳисобига дунёдаги ўрмонларнинг қарийб 85 фоизи тўғри келади. Шу ўринда ушбу қарор БМТнинг Глазгода иқлим бўйича 31 октябрь куни бошланиб  то 12 ноябрга қадар ўтказилган конференциясида қабул қилинганини айтиш жоиз. Мазкур конференциясида 200га яқин мамлакат вакиллари қатнашишди. Агар қарор тўла ижро этилса,

Сайёрамиз “ўпкаси” сақлаб қолинар экан. Айнан шу мисолнинг ўзи ҳам иқтисод ва экологиянинг диалектик алоқадорлигини билдиради. Демак, дунёдаги барча мамлакатлар иқтисодий жиҳатдан ҳам, табиат компонентлари жиҳатидан ҳам бир-бири билан узвий боғлиқ. Хулоса қилиб эса шуни айтиш жоиз: Биосфера саломатлиги инсоният қўлида.