Онлайн қимор – замонавий яширин таҳдид

Онлайн қимор – замонавий яширин таҳдид

ёхуд ушбу иллатнинг ёшлар психологиясига таъсири
2024 йилнинг август ойида Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида 12 нафар хорижлик ва 18 нафар Ўзбекистон фуқароси онлайн қимор ўйинларини ташкил этганликда гумонланиб қўлга олинганди. 

“The Guardian”нинг ёзишича, айни пайтда дунёда 450 миллионга яқин фуқаро қимор ўйинларидан зарар кўрмоқда. Уларнинг 80 миллиони жуда оғир молиявий ва руҳий ҳолатни бошдан кечирмоқда...

Қайд этиш жоизки, интернет, мобил технологиялар ва кучли маркетинг туфайли ушбу “соҳа” тобора ривожланиб, асосан ёшлар ва болаларни чирмовуқдек қамраб оляпти. Таҳлилчилар ҳам онлайн казино ва спорт ўйинларига пул тикиш энг тез ўсаётган йўналишлар эканини, бу ўз навбатида  руҳий ва жисмоний муаммолар, энг ёмони, жиноятчилик хавфини ошираётганини айтишяпти. 

Канада Руҳий Саломатлик Маркази (CAMH) тадқиқотларига кўра, сўнгги уч ой ичида ўсмирларнинг қарийб 10 фоизи онлайн қимор ўйнаган. Испанияда 12-17 ёшдаги 3772 нафар ўсмир иштирокида ўтказилган илмий тадқиқот натижаларига кўра, 6.5 фоиз респондентлар онлайн қиморда қатнашганликларини билдиришган. Индонезияда ўтказилган тадқиқот натижалари ҳам, онлайн қимор ўйнаган ўсмирлар орасида стресс, хавотир, депрессия ва импулсив хатти-ҳаракатлар кўпроқ учраётганини кўрсатган.

Ганада ўтказилган кенг қамровли илмий изланишда қимор ўйновчи ёшларнинг 43.6 фоизи депрессиядан, 31.1 фоизи кучли стресс, 68.8 фоизи эса хавотирдан азият чекаётгани қайд этилган. Демак, ҳар уч қиморбоз ёшдан иккитаси ҳаётий мотивациядан маҳрум, ҳиссий беқарорлик ва ёлғизлик ботқоғига ботган. 

Хўш, Ўзбекистонимизда ҳолат қандай? 

Маълумотларга кўра, қимор билан боғлиқ жиноятлар 2019 йили 1 454 тани ташкил этган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич 3 372 тага етган. 2022 йилнинг биринчи ярмида эса 2325 та ҳолат қайд этилган. 2023 йилда онлайн қимор ўйинларига сарфланган маблағ тахминан 1 миллиард АҚШ долларини ташкил этиши, бироқ, норасмий маълумотларга кўра, бу рақам 7–8 баравар кўп бўлиши таъкидланган.

2024 йилда эса бу сон янада кўпайгани ва қимор ўйинларидан зарар кўрганлар сони тобора ортаётганлиги маълум қилинган. Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (NAPP) маълумотларига кўра, ҳар йили мамлакатдан $300 миллиондан $1 миллиардгача маблагъ онлайн қимор ўйинлари орқали хорижга чиқиб кетмоқда. 

Янги қоидаларга кўра, онлайн ўйинлар, лотерея ва пул тикиш фаолияти билан шуғулланувчилар Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (NAPP) лицензиясини олишлари керак. Лицензиялар беш йил амал қилади. Янги лицензиянинг нархи 18,75 миллион сўм (тахминан 1500 АҚШ доллари) этиб белгиланган. Лицензияга ўзгартиш киритиш учун эса 9,375 миллион сўм (730 АҚШ доллари) йиғим талаб қилинади.

Шу ўринда ташкилотчилар хизмат кўрсатиш учун фақат Ўзбекистон миллий интернет сегментидаги доменлардан фойдаланишлари мумкинлигини айтиш жоизяна бир шарт: онлайн ўйин дастурлари ва тасодифий рақамларни яратиш технологиялари лицензияловчи орган томонидан тайинланган ваколатли органлар ва синов лабораториялари томонидан сертификатланган бўлиши керак.

Ўйинчининг қимор ўйинлари ва лотереялардаги иштироки лицензияланган платформалар орқали, шахсни тасдиқлаш ва транзакциялар электрон шаклда амалга оширилса, қонуний ҳисобланади. Ўзбекистон ҳукумати ўйинчилар қайдлари, чекловлар ва транзакция лимитларини бошқариш учун пул тикиш ва ўйинчиларнинг ягона давлат реестрини юритади.

18 ёшгача бўлган шахслар, шунингдек, фуқароларнинг ёши, соғлиғи ва даромад манбалари каби омилларга қараб белгиланадиган тоифалари учун иштирок этиш тақиқланади. Қимор ўйнаши тақиқланган шахслар рўйхати, шу жумладан ўз-ўзидан қимор ўйинларига мойиллиги ёки суд қарори билан чеклови борлиги қайд этилган шахслар рўйхати сақланиб қолади.

Бугун ижтимоий тармоқ ва мессенжерларда қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинларнинг рекламаси шу қадар кўпки, нафақат ёшлар балки ёши катта инсонлар ва ҳатто олий маълумотли инсонлар ҳам бу иш билан шуғулланмоқда. Масалан, куни кеча Х ижтимоий тармоғи фойдаланувчиларидан бири ўз ҳамкасбининг ушбу ўйинларга 472 миллион сўм миқдорида пул тиккани ва касодга учраганини ёзиб қолдирган. Ушбу воқеадан кейин ютқазган шахс ўз уйини сотувга қўйган ва оиласи ажрашиш ёқасида эканини маълум қилган.

Шунингдек, фойдаланувчилардан ушбу ўйинларга ишонмасликни ва ўйнаётганлардан бу ишни тўхтатишларини сўраган.  

Тан олайлик: қимор бу шунчаки омадини синаб кўриш эмас, балки инсон онгини аста-секин ўз гирдобига тортувчи, кўзга кўринмас, аммо руҳни занжирлайдиган хавфли жараёндир. Дастлабки онлар катта ҳаяжон, қизиқиш ва ғалаба лаззати билан бошланади. Юрак уриши тезлашади, кўзлар чақнайди, танада адреналин тўлқинланади. Бу илк ғалабалар одамни алдовли умидларга кўмади. Гоҳида кичик ютуқлар катта орзуларга элтувчи зинапоя бўлиб кўринади. Лекин аслида бу дарвозасида жозибали чироқлар порлайдиган, аммо охири зулматга элтадиган йўлдир. 

Мутахасислар маълумотига кўра, онлайн казино ва қимор ўйинлари инсонларга эстетик завқ беради. Шу сабабли бу ўйинларга қарам бўлиш жудаям осон. Турли руҳий ҳолатни бошдан кечирган инсон биринчи ютуқдан сўнг ишончи тўлақонли оқланади ва яна ўйнаш иштиёқи пайдо бўлади. Бир маротаба ўйнагандан сўнг ижтимоий тармоқ ва платформалардан ҳам айнан шу турдаги контентларни қидиради.

Мос келмаган контентларни ўтказиб юбориш орқали инсон мияси экранни пастга тортаверади. Натижада у яна қимор ва таваккалга асосланган ўйинлар рекламаси ёхуд тарғиботига гирифтор бўлади. 

Қимор ўйинларининг бир нечта турлари бўлиб, буларнинг биринчиси Анъанавий қимор ўйинларидир. Бу турдаги ўйинлар кўпроқ яширин казинолар ёки хуфиёна ўйинхоналарда уюштирилади. 

Рулетка – айланувчи дискка кичик тўп ташланади, иштирокчилар рақам ёки рангга пул тикади. 

Блек-жек (Blackjack) - 21 очко тўплашга қаратилган карта ўйини. 

Покер - стратегияга асосланган карта ўйини бўлиб, унинг энг машҳур тури Техас Ҳолдъэм дейилади. 

Бакара (Baccarat) - банкир ва ўйинчи ўртасидаги карта беллашуви. 

Крапс (Craps) - зар ташиш асосидаги ўйин эса юқори таваккалчиликка асослангани билан ажралиб туради ва ҳоказо...

Қимор ўйинларининг турлари қанчалик кўп бўлмасин, уларнинг барчаси бир мақсадга қаратилган: пулингизни ютиб олишга...

Эътибор берганмисиз: ушбу ўйинларнинг реклама матнларида асосан “тез фурсатда бой бўлишни истайсизми?”, “Уйдан чиқмай пул топинг”, “сизга пул керакми?” каби жумлалар ишлатилгани боис, диққатни жалб қила олади. Моддий қийинчиликни бошдан кечираётган ҳар қандай инсон бундай рекламадан кейин албатта ўйнашга аҳд қилади.