Кўз олдингизга келтиринг: бугун жамоатчиликнинг қатъий қаршилигига учраган ҳолатлар — масалан, наркотик истеъмоли, болаларга зўравонлик, ўз жонига қасд қилишни тарғиб қилиш ёки одамлар устида тажрибалар ўтказишлар маълум бир вақт ўтиб оддий ҳолатга айланиб қолса?
Жамият онгини аста-секин, деярли сездирмасдан ўзгартириш жараёнини америкалик сиёсатшунос Жозеф Овертон ўз назарияси асосида тушунтириб бергани учун ҳам бу назария “Овертон ойнаси” (ёки “Овертон туйнуги”) деб аталади.
“Овертон туйнуги” аслида сиёсий ёки ижтимоий ғояларнинг жамият учун қабул қилиниши мумкин бўлган даражасини ифодаловчи концепциядир. Яъни, бирор фикр, амалиёт ёки қонун аввалига мутлақо қабул қилинмайдиган, ахлоқсиз ёхуд жирканчдек туюлиши мумкин бўлса-да, вақт ўтиши билан у аввал муҳокама қилинадиган, кейин қисман қабул қилинадиган, охир-оқибатда эса бутунлай одатий ва қонуний деб тан олинадиган ҳолатга ўтади.
Овертоннинг фикрича, бунда сиёсатчилар жамиятнинг маъқуллаши доирасидан чиқмасдан сингдириш учун, уни дастлаб журналистлар, ёзувчилар, блогерлар, олимлар, санъаткорлар ва бошқа “эркин” қатлам вакиллари илгари суришади. Бу қатлам эса одатда жамиятда ижтимоий фикрни шакллантирувчи асосий куч саналади.
Хўш, бу жараёнда асосий туйнук қандай очилади?
Овертон ойнасининг ҳаракатлари бир неча босқичдан иборатдир:
Мутлақо ақлга сиғмайдиган: жамият бу фикрни жирканч деб қабул қилади ёки кулгили ҳисоблайди.
Радикал, аммо баҳсли: баъзи доиралар уни муҳокама қила бошлайдилар. Секин-аста илмий тадқиқотлар, публицистик мақолалар пайдо бўлади.
Қабул қилинадиган: “ҳар кимнинг ўз ҳаёти” ёки “хоҳиш-ихтиёри бор” деган иборалар орқали жамият эътирози юмшатилади.
Оқилона: энди бу ғоя ижобий натижаларга олиб борувчи амалиёт сифатида тарғиб қилинади.
Оммабоп: оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилади, машҳур кишилар бу фикрни қўллаб-қувватлайди.
Қонуний ва одатий: жамият бу нарсани мутлақо одатий ва қонуний деб тан олади. Қаршилик билдирганлар эса консерватор ёки ёвуз инсонлар сифатида кўрсатилади.
Ҳаётимиздаги “туйнуклар”
Бугунга келиб ҳам бир қарашда “озодлик”, “эркин танлов”, “хоҳиш- ихтиёр” тарзидаги шиорлар ортида айнан Овертон туйнуги орқали жамиятга сингдирилаётган ғоялар оз эмас. Масалан, Гендер нейтраллик — дастлаб ғайритабиий туюлган бўлса-да, эндиликда бу ибора билан боғлиқ жараён кўплаб давлатларда қонунийлаштирилмоқда.
Болалар онлайн маконида ҳаддан ошган эркинлик — “уларга ишониш керак”, “улар ҳам шахс” деган баҳоналар билан уларнинг назоратсиз ҳолатда ахборот маконига киришлари тарғиб қилинмоқда.
Масалан, вояга етмаганлар орасида чекиш ва спиртли ичимликларга ружу қўйиш баъзида ўйинлар, мусиқий клиплар, сериаллар орқали “романтикалаштирилмоқда”.
Оддий мисол: бундан 15–20 йил олдин ўзбек жамиятида аёл кишининг тамаки чекишини эшитиш ҳам шов-шув бўларди. Бугун эса у қадар ажабланмаймиз. Бу шунчаки инсонларнинг ахлоқи ўзгаргани учун эмас — балки ушбу ҳолат Овертун туйнуги орқали жамият онгига “қабул қилинадиган” ҳол сифатида сингдирилгани учун содир бўлмоқда.
Хавфли ўйин – кимлар учун фойдали?
Афсуски, бундай “туйнуклар”нинг очилиши ортида кўпинча йирик молиявий манфаатлар, трансмиллий корпорациялар ёки сиёсий кучлар туради. Жамиятга янги норма киритиш — бу бозор очиш дегани. Қонунлар, урф-одатлар, ахлоқий мезонлар бузилганда, одамлар чалкашади. Чалкашган онгни эса бошқариш осон бўлади.
Нимага ҳушёр бўлишимиз керак?
“Бу оддий бир фикр-ку”, “ҳамма нарса ўзгаради”, “кимга нима зарари бор?” каби иборалар билан бошланган ҳар қандай ғоя, аслида, Овертон ойнасининг дастлабки босқичларидир. Жамиятни уйғоқ тутиш, ёшлар онгини мустаҳкамлаш, ахлоқий мезонлар асосида ўз фикрини шакллантирадиган авлодни тарбиялаш — бу барча ота-оналар, ўқитувчилар ва журналистлар зиммасидаги энг долзарб масъулиятдир.
Ёдингизда бўлсин: бугун “оддий” бўлиб туюлаётган ҳар қандай янгилик, эртага сизнинг оилангиз, фарзандингиз ҳаёт тарзига айланиши мумкин. Қарор ўзингизда: сиз бу туйнук орқали онгни ўзгартирмоқчимисиз ёки уни ёпиб, тўғри йўлдан юрмоқчимисиз?