Оилавий зўравонлик – бу фақат оиланинг ички иши эмас...

Оилавий зўравонлик – бу фақат оиланинг ички иши эмас...

Оилавий зўравонлик – бу  фақат оиланинг ички иши эмас...

 

Тошкент шаҳар кенгашида «Сиёсатчи аёллар клуби»нинг 2025 йилги фаолияти таҳлил қилиниб, клуб аъзоларининг 2026 йилдаги режалари белгилаб олинди.

Қайд этилишича, ўтган йили «Уйма-уй» лойиҳаси доирасида «Аёллар қаноти» аъзолари ҳамда маҳаллий кенгашларга сайланган 20 нафар аёл депутатлар иштирокида  1887 та хонадоннинг ижтимоий ҳолати ўрганилган. 565 нафар хотин-қиз мурожаатига кўра, 629 та муаммоли масала ижобий ҳал этилган. Биргина, бандлик масаласи бўйича 82 та мурожаатга ечим топилган. Аёллар кўмаги билан «Устоз–шогирд» анъанаси асосида касбга йўналтирилганлар сони 252 нафарга етган. Ҳисобот даврида 295 нафар сайловчига соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар бўйича ёрдам кўрсатилиб, 42 та масала депутатлар томонидан қатъий назоратга олинган.

Шунингдек, аҳоли билан ишлашнинг «маҳаллабай» ва «фуқаробай» тизими асосида жойларда 263 та сайёр қабул ва учрашувлар ташкил этилиб, уларда 2450 нафар фуқаро қамраб олинган. Энг асосийси, ана шундай тадбирлар давомида  815 та муаммоли масаланинг 759 таси ижобий ҳал этилган.

Бундан ташқари, сайловчиларни қийнаб келаётган 467 та муаммо чуқур ўрганилиб, 394 тасига ижобий ечим топилди. Мурожаатларнинг фақат 12 таси қўшимча ўрганиш талаб этилгани сабабли назоратга олинди.  – Тўғри, ҳали клубимиз ўз имкониятлари даражасида иш олиб борди, дея  олмаймиз. Аммо бугун Давлат раҳбари томонидан кун тартибига қўйилаётган масалалар аёллар билан боғлиқ ҳаётий нуқталарга алоҳида эътибор қаратишни талаб этяпти. Партия раҳбарияти томонидан ташкил этилган ушбу тузилма ҳам жиддий хулосалар чиқариб олди, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Васила Файзиева.

Маълумки, Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, кейинги икки йилда ушбу йўналишда 2 мингдан ортиқ жиноят аниқлангани жамият учун жиддий сигнал эканини таъкидлади.

Миллат етакчисининг «Оилавий зўравонлик – бу  фақат оиланинг ички иши эмас, бу бутун жамиятга тегишли масала», – деган фикрлари эса шубҳасиз ҳар қандай даражадаги депутатлар зиммасига жуда катта масъулият юклайди.

Эътиборлиси, партиямизнинг 2025–2029 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастурида ҳам «Оилани мустаҳкамлаш, аёллар ва ёшларга муносиб шароитлар яратиш» устувор вазифалар сифатида белгилаб олинган эди. Унда оила институти, миллий ва ахлоқий қадриятларни асраш, аёлларни қўллаб-қувватлаш, соғлом турмуш тарзини таъминлаш асосий мақсадларимиз сифатида қайд этилганди. Эътиборлиси, «Маърифатли она – қудратли миллат» тамойили асосида олиб борилаётган бу ишларга янги йилда ҳам бирламчи эътибор қаратяпмиз.  

Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, «Сиёсатчи аёллар клуби» 2025 йилда ҳам ўз фаолиятини жамиятда ижтимоий адолатни мустаҳкамлаш, аёлларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш ва соғлом оилавий муҳитни шакллантиришга қаратиб, муайян натижаларга эришди. Пойтахтимиздаги фаол партиядош аёллар, депутатлар иштирок этган тадбирда янги йилда ҳам аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг муаммоларига манзилли ечим топиш изчил давом эттирилиши лозимлиги алоҳида таъкидланди.


Лайлохон Мухитдинова,
«Миллий тикланиш» демократик партияси

Тошкент шаҳар Кенгаши раиси ўринбосари