Инсон табиатсиз яшай олмайди

Инсон табиатсиз яшай олмайди

Парламент ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтган сайловлардан кейин партиямизнинг сайловолди дастурида белгилаб олинган энг долзарб вазифа ва йўналишларни мунтазам муҳокама қилиб боришимиз лозим. Чунки ҳазрати сайловчига ваъдалар бердик, уларни ишонтирдик ҳам. 

Ана шундай долзарб йўналишлардан бири бу экология мавзусидир. 

Кейинги йилларда экологик муаммолар кўп тилга олинаётгани бежиз эмас. Глобал исиш, ҳавонинг ифлосланиши, аномал ўзгаришлар, қурғоқчилик, табиий захира ва яшил ҳудудларнинг қисқариб бораётгани ҳеч бир минтақа учун бегона эмас. Инсон саломатлигининг 30-40 фоизи айнан атроф-муҳитга боғлиқ эканини эътиборга олсак, Она табиатни асраш бугун ҳаёт-мамот масаласига айланганини чуқурроқ англаб етамиз. 

Афсуски, Ўзбекистонимиз ҳам бундай муаммолардан ҳоли эмас. Шунинг учун ҳам кейинги йилларда экологик муаммоларни ҳал қилиш давлат сиёсатига айланди. Илгари “аномал” деган сўзни эшитмасдик, эндиликда аномал иссиқ ёки аномал совуқ, ҳатто аномал чанг бўронлари деган сўзларга ҳам кўникяпмиз.

Айни пайтда биз энг катта муаммо – Оролбўйи ҳудудини ривожлантириш бўйича Давлат дастури ижроси доирасида денгизнинг қуриган тубида қўшимча 500 минг гектар яшил майдон барпо этиш орқали 2026 йил якунига қадар унинг ҳажмини 2,5 миллион гектарга етказишга ҳаракат қиляпмиз. Бу билан эса экологик барқарорликни таъминлаш мумкин бўлади.

Биламизки, айнан Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш бўйича махсус резолюция қабул қилинди. Шунингдек, 2030 йилгача бўлган даврда атроф муҳитни муҳофаза қилиш концепцияси тасдиқланди ҳамда “2019–2030 йиллар даврида мамлакатнинг “яшил” иқтисодиётга ўтиш стратегияси” қабул қилинди. 

Алоҳида қайд этиш жоизки, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳар йили 200 миллион туп дарахт экиш белгилангани, дарахтлар кесилишига мораторий эълон қилиниб, муддатсиз даврга узайтирилгани ҳам бу борадаги ишларнинг изчиллигини кўрсатади.

Янги таҳрирдаги Конституцияда эса ҳар бир фуқаронинг қулай атроф-муҳит ва унинг ҳолати тўғрисида ишончли маълумот олиш ҳуқуқи, атроф-муҳитни муҳофаза қилишга мажбурлиги белгилаб қўйилди. 

Бундай ишлардан кўзланган мақсад, шубҳасиз, она табиатни асраш, экология ва аҳоли саломатлигини сақлаш, пировардида эса келгуси авлодлар учун мусаффо шароитда яшаш ҳуқуқини кафолатлашдир. Минг афсуски, бу борадаги ишлар ҳамма жойда ҳам силлиқ кечаётгани йўқ. 

Яқинда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишлар таҳлил қилинганини бир эсга олайлик. Ўша тадбирда 28 та туманда дарахт экиш режаси бажарилмагани, экилганлари ҳам иқлим шароитини ҳисобга олмасдан, сув йўқ жойларга экилиши оқибатида минглаб туп дарахтлар кўкармагани айтилганди. Масалан, суғориш тизими йўқ жойга Тошкент шаҳрида 322 минг, Самарқандда 96 минг, Тошкент вилоятида 67 минг, Қорақалпоғистонда 61 минг, Бухорода 24 минг, Навоийда эса 15 минг кўчат экилган. Бухоро, Тошкент, Андижон, Сурхондарё, Самарқанд вилоятларида ва Тошкент шаҳрида эса энг кўп қўшиб ёзиш қайд этилган.    

Партиямизнинг янги сайловолди дастурида юртимизда экологик вазиятни барқарорлаштиришда “Яшил майдон” умуммиллий лойиҳаси, “Яшил боғлар”, “Яшил жамоат парклари”, “Яшил қалқон” ва “Яшил қоплама” ҳимоя ўрмонзорларини ташкил этиш, ўрмон майдонларини кўпайтириш ташаббуслари ҳамда Миллий табиий мерос объектлари рўйхатини кенгайтириш асосий вазифалардан бири сифатида белгилаб олингани сабаби ҳам шунда.

Биз ана шундай реалликдан келиб чиқиб, дастуримизда мавсумий аномал иқлим ҳолатларига тайёргарлик кўриш ва улар хавфини камайтириш бўйича дастурлар жорий этиш, “Сув истеъмоли маданиятини юксалтириш” дастурини қабул қилиш, ота-боболаримиз удуми - ёшлар турмуш қурганда, фарзанд туғилганда яхши ниятлар билан дарахт экиш одатини оммалаштириш каби таклиф, ташаббусларни илгари сурдикки, уларнинг ижроси шубҳасиз, юртимизда табиийликни сақлашга хизмат қилади.