Инқироз кўланкаси ёки нега инсоният ўз оёғига ўзи болта уряпти?

Инқироз кўланкаси ёки нега инсоният ўз оёғига ўзи болта уряпти?

Психологларнинг фикрича, “Оила – бу тирик организм ва у инқирозли даврларни ҳам босиб ўтади. Унинг инқирозларига эса фақат ақллилар ва омадлилар дош беради”. Тан олайлик: замонавий оиланинг асосий муаммоси – бу унинг жамият пойдевори сифатида ўз қадрини йўқотаётганидир. Бу ҳолатни социологлар биринчи навбатда, глобал инқироз дея баҳолаб, уни урбанизация, эмансипация, маданиятнинг пасайиши ва бир-бирини эшитишни истамайдиган замондошлар худбинлигининг ортиши билан боғлайдилар. 

Бундан ташқари, никоҳдан ўтиш ёшининг катталашиб бораётгани, биринчи фарзанднинг туғилиши кечикаётгани, шунингдек, оила бир нафар фарзанд билан қаноатланаётгани демографларни ҳам ташвишга солмоқда. Бугун оилада суҳбатлар асосан харидлар ва кредитлар борасида бўлаётгани, бола учун деярли ҳеч ким вақт ажратмаётгани, бола тарбияси – “бу мактабнинг иши” қабилида фикрлаш, гаджетлар ва виртуал ўйинлар дунёсига чуқурроқ кириб бориш ҳолатлари кўпроқ кузатилмоқда. 

Белорусияда ўқувчилар орасида ўтказилган тадқиқотда уларнинг бахтли бўлишлари учун нима кераклиги сўралган: 90 фоиз болалар учта жуда оддий нарсани таъкидлашган: “онам ва дадам жанжаллашмасликлари”, “уларнинг мен билан нонушта қилишга вақт топишлари” ҳамда “ота-онам билан кечқурун суҳбатлашиш ёки ўйнаш”, дея жавоб берганлар. Чиндан ҳам бугун оиланинг долзарб муаммоларидан бири – бу ундаги тарқоқликдир, яъни отанинг ойлар давомида узоқда ишлаши, онанинг эса бола учун вақт ажратолмаслиги... Натижада вазият шу даражага етдики, ота-онанинг масъулиятини энди қонун асосида белгилаш давлат сиёсати даражасидаги масалага айланмоқда.

Агар илгариги тадқиқотларда оиланинг тизим сифатида муҳим фарқли жиҳати – унинг ижтимоий институт ҳамда кичик ижтимоий гуруҳ экани таъкидланган бўлса, бугунги замонавий тадқиқотлар бу тизимни индивиднинг шахсий ҳаёти ва фаолияти доирасини фаоллаштирадиган, оила аъзоларининг ўзаро муносабатлари, шу билан бирга, ўзини-ўзи ташкил этувчи сифатида кўрмоқдалар. Чунки воқелик ривожланишнинг ҳар бир босқичида оила у ёки бу вазифасидан маҳрум бўлаётганини кўрсатяпти. 

Биламизки, анъанавий оиланинг вазифалари қуйидагича бўлган: репродуктив – авлодни давом эттириш; хўжалик-иқтисодий – турмуш ва уй хўжалигини тартибга солиш; регенератив – ижтимоий мақом, мулк, исми-шарифни мерос қилиб олиш; таълим-тарбиявий – бола тарбиялаш, ота-оналик эҳтиёжларини қондириш; институционал – бошланғич ижтимоий назоратни таъминлаш; рекреатив – дам олиш, бўш вақтни ташкил этиш, оила аъзоларининг саломатлигига қайғуриш; маънавий – оила аъзоларининг маънавий дунёсини ривожлантириш; ижтимоий мавқе – оила аъзолари билан ўз ижтимоий мавқеини сақлаш; психотерапевтик – оила аъзоларини психологик ҳимоялаш ва ҳиссий қўллаб-қувватлаш. 

Эндиликда эса замонавий оила ўзининг асосий вазифаларини йўқотмоқда, репродуктив ва психотерапевтик вазифалари эса анча заифлашяпти. Яъни, репродуктив вазифаси ота-оналик ва эр-хотинликка қаратиляпти, холос. Аксинча, ижтимоий мақомга эга бўлиш вазифаси кучайиб, замонавий аёл ва эркак жамиятда нуфузли ижтимоий мавқега эга бўлиш учун тинмай ҳаракат қилиб, қулай ижтимоий ролларни бажармоқдалар. Бу жараён айниқса, аёлларга кўпроқ таъсир кўрсатиб, ижтимоий пиллапояда кўтарилиш, никоҳда ҳам тенгликни талаб қилишда намоён бўлаётир. 

Манбаларда қайд этилишича, хорижда аёллар карьераси психологиясини ўрганишга қаратилган тадқиқотлар бор-йўғи 30 йиллик тарихга эга: хулоса эса қуйидагича: ота-онаси бор оилалардаги ижтимоий-маданий ва ижтимоий-демографик хусусиятлар аёлларда карьерани ривожлантиришга йўналганликни тарғиб қилади; карьерада муваффақиятга эришган аёлларнинг шахс хусусиятларида анъанавий эркакларга хос (фаоллик, мақсадга йўналганлик, қатъиятлилик, ўзига ишонч, қаттиққўллик, тажовузкорлик, бизнесга йўналганлик) хусусиятлар мавжуд бўлади; анъанавий “эркак” ва “хотин-қизлар” касбида муваффақиятга эришган аёлларнинг ижтимоий хулқ-атвори ва шахс хусусиятларида тафовут бўлади; муваффақиятли карьера кўп ҳолларда аёллар учун “иш-оила” тизимида низони юзага келтириб, оилавий муносабатларда “дисгармония”га сабаб бўлади; карьерага эга бўлиш жараёни эса ортиқча эмоционал юк ва ички зўриқиш билан кечади. 

Масалан, тадқиқотларда иштирок этган хотин-қизларнинг 20,4 фоизи “хотин-қизлар ишлаши ва карьера қилиши шарт”лигини таъкидлашади. Шунингдек, ҳаётидаги энг муҳим қадриятлари сифатида 42,1 фоиз хотин-қизлар карьерага эга бўлиш, деб ҳисоблайди. Фарзанди бор аёлларнинг бугунги кунда меҳнатда бандлиги ўз ўрнида фарзандларини тарбиялаш вазифасини йўқотилишига ҳам сабаб бўлмоқда. Жамият ривожланишининг ҳозирги босқичида никоҳ ва оилавий муносабатларда ҳам сезиларли ўзгаришлар кузатилмоқда.

Яъни, атипик оилавий ҳаётни ташкил этиш шакллари: никоҳдан ташқари биргаликда яшаш, “меҳмон никоҳлар”, оилавий гуруҳлар бир жинсли жуфтликларни юзага келтирди. Фанда бу парадигма “оиланинг институционал инқирози”, деб аталади. Ўз навбатида бундай ўзгаришлар аёлнинг оила ва жамиятдаги мавқеини ўзгартирди.

Фарзанд кўриш қадриятини кўплаб шахсий эҳтиёжларни қондиришга қарама-қарши қўйди. Шу боис, ижтимоий аҳамиятга эга қадриятлар – қариндошлик ва ота-оналик сезиларли даражада пасайди. Натижада жамиятдаги ижтимоий-психологик муҳит ўзгарди, оиланинг таянчи бўлган ҳаётнинг анъанавий асослари қулашига сабаб бўлди. Энг ёмони, аёлнинг она ва эркакнинг ота сифатидаги ижтимоий роллари сезиларли даражада қадрсизлана бошлади. Бундан ташқари, турмушга чиқмаган ёки карьерага йўналган хотин-қизларнинг оилавий фаровонликни уйдан ташқаридаги муваффақиятга алмаштираётгани ҳам кузатилмоқда.

Ғарб олимларининг фикрича, оиланинг метаморфози ўтган асрнинг 70-йилларида бошланган. Бунга асосий сабаб, оиланинг болага қаратилган моделидан воз кечилиб, оилавий ҳаёт анъанавий оилада бўлгани каби асосий эътибор болага эмас, балки никоҳга қаратилди. Натижада ота-оналик муносабати иккинчи даражага тушиб қолди. Оқибатда фарзанд энди ажралишга, такрорий турмуш қуришга тўсқинлик қилмай қўйди. Оилада ота-оналардан бири ўгай бўлган оилада тарбияланган фарзандлар эса бундай оила моделини реал меъёр сифатида қабул қила бошладилар. 

Замонавий оилаларда бола учун энага ёллаш эса болаларни оила аъзоларидан ҳиссий бегоналашишига олиб келмоқда. Натижада болаларда бу дунёда ҳимояланмаганлик ҳисси пайдо бўляпти. Бу эса ҳаёт йўлини танлашда ожизлик, касалланиш, тажовузкор бўлиш, эрта улғайишнинг салбий кўринишларига ёки аксинча узоқ муддатли инфантилизмга сабаб бўлмоқда.

Замонавий оила таркибида эркакларнинг асосий “таъминотчи” сифатида мутлақ устунлиги йўқолди, аёл эса кўпроқ ёки эркак билан тенг пул топадиган бўлди. Бу каби оилалар эгалитар (французчадан “egalit” - “тенглик”) номини олди. Кўпгина оилалар эса фақат болали аёллардангина иборат бўлиб қолди, эркаклар улар учун масъулиятни ўз зиммасига олмай қўйяпти. Энг ёмони, болаларни тарбиялашда иштирок этишга интилмай, ҳатто улар билан мулоқот қилишдан ҳам қоча бошлади. 

Аслида эрнинг хотинига уй юмушларида, фарзанд тарбиясида кўмаклашиши бу оилавий фаровонликнинг гарови саналади. Буни кўриб улғайган фарзандларда бахтни ҳис қилиш анча юқори бўлиши кузатилган. Оилада айнан ота фарзандларининг тарбия орқали хулқ-атвор моделини ўзлаштиришига жавобгардир. Мана бир мисол: аёллардан турмуш ўртоғининг уй юмушлари ва фарзанд тарбиясига ёрдамлашиш учун етарли вақт ажратадими деб сўралганда, 25,5 фоизи “ҳа, доимо”, 29,9 фоизи “баъзан, вақти бўлганда”, 44,6 фоизи “йўқ”, деб жавоб берган.

Кўриниб турибдики, респондентларнинг деярли 74,5 фоизи турмуш ўртоғининг уй юмушлари ва фарзанд тарбиясида ёрдамлашишга етарли вақт ажратмаслигини таъкидлашган. Бунга эса қуйидаги омиллар сабаб сифатида кўрсатилгаан: кўп ишлаганидан оиласига вақт ажратолмаслиги ёки болалигида ўз отасининг эътиборидан маҳрум бўлгани ва керакли хулқ-атвор моделини ўзлаштирмаганлиги, ёхуд ўзининг боқувчи вазифасига кўпроқ эътибор қаратаётгани.

Хулоса қилиб айтганда, юқоридаги муаммоларни олдини олиш мақсадида отанинг фарзанд тарбиясидаги масъуллигини ошириш, эркакларнинг оиладан, бола тарбиясидан узоқлашишини олдини олиш, “Оталар куни” – ижтимоий-сиёсий кун сифатида байрам қилинишини таъминлаш, таълим ташкилотларида оилавий ҳаёт психологияси, оила иқтисодиёти ва бюджети, репродуктив саломатлик асослари фанларини жорий этиш мақсадга мувофиқ бўлади.