Ибн Сино, DeepSeek кейси, Абдуқодир Ҳусанов ёки янгиланаётган жаҳон тартиботлари ҳақида 

Ибн Сино, DeepSeek кейси, Абдуқодир Ҳусанов ёки янгиланаётган жаҳон тартиботлари ҳақида 

28 январнинг энг муҳим янгилиги, шубҳасиз, Nvidia, микрочипларнинг энг йирик америкалик ишлаб чиқарувчисининг Хитойдаги рақобатчиси ChatGPT — DeepSeek иловасининг муваффақияти туфайли бир кунда рекорд даражада – 600 миллиард долларга арзонлашгани бўлди.

Очиқроқ айтсак, ушбу компания акциялари қийматининг кескин тушишига Хитойнинг DeepSeek стартапи томонидан атиги 6 миллион долларга яратилган сунъий интеллектнинг янги модели ишга туширилгани сабаб бўлди.

Қайд этилишича, шу куни АҚШнинг Nvidia’дасин ташқари IT технологиялари соҳасидаги бошқа гигантларнинг ҳам акциялари сезиларли даражада ўз  қийматини йўқотган. Капиталлашувдаги жами йўқотишлар — триллион доллардан ошгани хабар қилиняпти.

Америка президенти Доналд Трамп акциялари бозоридаги талотўпдан бир неча соат ўтиб, яримўтказгичларга божхона тарифларини жорий этиш билан таҳдид қила бошлади. Шунингдек, Трамп Хитойнинг DeepSeek сунъий интеллектининг яратилиши “Америка компаниялари учун рақобатга эътибор қаратиш кераклигини кўрсатувчи сигнал бўлиши керак”лигини ҳам таъкидлади.

Ушбу янгиликни ўқиб, куни кеча қўшни давлат маданият вазири билан бўлган ҳолат ва тарихий сиймоларимизнинг қайси миллатга тегишли экани тўғрисидаги мунозарани эсладим. Яна бир бор ишонч билан таъкидламоқчиманки, бундай ўта тор, маҳаллий ва биқиқ тушунчалар билан фикр юритиш бугунги кунда ўринсиз ва ниҳоятда зарарли ҳамдир. Т

ўғри тушунинг: айни пайтда эскича, маҳаллий, энг ёмони, ўта тор доирада фикр юритиш оғир оқибатларга олиб келиши мумкин. Биз бугун собиқ советлар шинелида ёхуд талотўп парадларда эмасмиз.

Бугун биз жаҳон сиёсати маконида социалистик блок парчаланганидан кейин шаклланган тартиботлар даврида яшаяпмиз. Ғарб давлатларида етакчи бўлган сўллиберал кун тартиби АҚШда Дональд Трампнинг ғалабасидан кейин инқирозга учради ва Европада ҳам ўз “позиция”ларини йўқотяпти. Эндиги навбат Германия, Италия ва Буюк Британияга...

Сўллиберал кун тартиби ўрнини эса Трамп сиёсати эгаллади. Айрим сиёсатшунослар уни “неоимпериализм” деб атамоқда. Яъни, бу аввал бўлиниб кетган ресурсларни қайта тақсимлашга интилиш жараёни. Бунда кучли давлатлар иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий воситалар орқали кучсизроқ давлатлардан ўзлари учун фойда келтирувчи натижалар сари интилишади. Яъни, асосий эътибор миллий манфаатлар ва бир томонлама иқтисодий фойдага қаратилади.

Бунга истаганча мисол келтириш мумкин: Гренландияни қўшиб олиш истаги, Панама каналини қайтариб олиш, Канадага 51-штат мақомини бериш таклифи, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва Париж иқлим келишувидан чиқиш ва ҳоказо. Айни пайтда Трамп ва унинг жамоаси сиёсатшунослар ва таҳлилчилар урғу берадиган бундай сиёсий терминларга эътибор қаратмайди. Асосий мақсад ўз мамлакати учун энг яхшисини танлашдир.

Шу ўринда уларнинг шиори ҳам ажойиб эканини таъкидлаш жоиз: “Американинг олтин асри” бошланяпти”. ХIХ асрдаги Буюк Британия бош вазири Палмерстон айтганидек, “абадий иттифоқчилар ҳам, доимий душманлар ҳам йўқ, фақат давлат манфаатлари абадий ва доимийдир”.

Бугунга келиб жаҳон сиёсатининг трендга чиққан асосий тенденцияси бу куч ва воситаларни очиқ намойиш қилиш ва ўз мақсадларига эришиш учун улардан фойдаланишдир. Ушбу тенденция вақт ўтиб, янада мустаҳкамланади, албатта. Бошқача айтганда, кўп томонлама ҳамкорлик ва “юмшоқ куч” сиёсати ўтмишда қолмоқда.

Яқин келажакда Трамп БМТдан чиқиш истагини билдирса ҳам ажабланмайман. Чунки, иккинчи жаҳон уруши натижасида ташкил топган ушбу институт аллақачон ўз ресурсини тугатиб, дунёнинг турли нуқталарида давом этаётган маҳаллий ва минтақавий низолар фонида бефойда мунозаралар майдонига айланиб қолди.

Эндиги эътибор асосан йирик давлатлар ўртасидаги тўғридан-тўғри келишувлар ва иттифоқларга қаратилади, бу эса турли халқаро платформаларни четлаб ўтишга олиб келади, албатта. АҚШнинг асосий иқтисодий ва ҳарбий ўйинчиси сифатида учта асосий манфаат ва ташвиш вектори бор – бу Хитой, Россия ва Яқин Шарқ. Ушбу кучлар ўртасида айрим масалалар ҳам яқин келажакда ўзаро яқинлашув ёки қарама-қаршилик орқали ҳал қилиниши кутилмоқда. Бу жиҳатдан Марказий Осиё минтақаси ўзига хос. У Хитой, Россия ва Яқин Шарқ масалалари учун муҳим бўлган Эрон билан чегаралашган.

Таъкидлаш жоизки, минтақамиз нисбатан барқарор ва иқтисодий ўсишни намойиш этмоқда. Шунингдек, биз чегараларимизни очиб, ҳамкорлик алоқаларини ҳам кучайтиряпмиз.

Шу маънода ҳам бугун юқорида тилга олинган тенденцияларни инобатга олган ҳолда, у ёки бу тарихий шахс ёки олимнинг қай бир миллатга мансублиги борасидаги баҳслар мутлақо ўринсиз, деб ўйлайман.

Яъни айни пайтда асосий эътибор ва биргаликдаги саъй-ҳаракатларимизни бирон кимсанинг давлатларимиз ва халқларимиз ўртасида низо чиқаришига йўл қўймаслигига қаратишимиз керак. Бошқача айтганда, бутун минтақа, қолаверса, бутун инсониятга дахлдор буюк аждодларимиз бизларни бирлаштириши керак, аксинча эмас! Уларнинг илмий ва маданий мероси эндиликда инсониятга тегишлидир. Янги тарихни янги олимлар, янги етакчилар яратади, улар эса ўзларини Марказий Осиёнинг фарзандлари сифатида намоён қилишга интилмоқдалар ҳам.

Яқинда жаҳон футболида юз берган бир воқеа ҳам бунга далил бўла олади: Абдуқодир Ҳусанов — «Манчестер Сити»нинг янги ўйинчиси барчамизни — қозоқ, қирғиз, туркман, тожик ва, албатта, ўзбекларни илҳомлантирди. Унинг футбол Олимпи даражасидаги ютуғи нафaқат биз учун, балки Буюк Осиёнинг барча халқлари учун ҳам ифтихорга айланди. Хусусан, Париждаги охирги Олимпиада якунлари ҳам бунга яққол мисол бўлиши мумкин.

Ҳақиқат шундаки, биз фақат бирлашганимиздагина жаҳон давлатлари ҳисоблашадиган минтақага айланишимиз мумкин, акс ҳолда улар бизни бир-бирларимизга қарши қўйиб, ўзларининг геосиёсий мақсадлари йўлида фойдаланишади.