“HEMIS” –  талабалар учун тартибми  ёки “жазо”?

“HEMIS” –  талабалар учун тартибми  ёки “жазо”?

Афсуски, кўпчилик талабалар “HEMIS” (Higher Education Management Information System)ни дастлаб ўзлари учун гўёки жазо деб қабул қилишган.

Тўғри, олий таълим учун янгилик бўлган “HEMIS”нинг афзалликлари кўп. Энг муҳими, ушбу тизим ўқиш жараёнини автоматлаштиришга ёрдам беради.
 
Аммо жорий этилганига 4 йилдан ошган бўлсада, ҳалигача кўпчилик талабалар бу тизимга мослаша олмаяптилар. Ҳозир бизда 15о дан ортиқ олий таълим муассасаси “HEMIS” тизимига ўтган. Талабалар тизимга бир кунда ўртача 4 соат вақт ажратадилар. Тизимдан керакли бўлган фан ресурслари: маъруза, семинар, амалиёт, мустақил ишдаги маълумотларни олиб, фанларни ўзлаштиришади.

“HEMIS” 100 баллик системага мослаштирилган бўлиб, ҳар бир фандан талаба йиққан балларни семестр охирида ҳисоблаб беради. Ҳар бир бажарилган мустақил иш мавзусига 20 баллдан берилади. Якуний назорат имтиҳонига кириши учун талаба 24 баллдан 40 баллгача тўплаши зарур, қолган 60 баллни якуний назорат имтиҳонидан тўплайди.

“HEMIS” тизимида дарсга кечикиб келган ва сабабсиз дарс қолдирган талабага “Нб” қўйилади. Талаба бетоб бўлса, қолдирган дарси учун тиббий пунктдан 0,96 форма шаклида маълумотнома тақдим этиши лозим. Дарсга кеч қолган талаба эса тушунтириш хати орқали тизим мутахассисига “Нб”сини тузаттиради. Тизимдан етарлича балл тўплай олмаган талаба якуний назорат имтиҳонларига киритилмайди.

Имтиҳондан йиқилган талабалар ёзги семестрда бир ой давомида мутахассислар томонидан ўқитилади ва қайта имтиҳон топширишлари учун фаннинг кредит миқдорини тўлайди. Масалан, битта фан 5 кредит бўлса, талаба ўртача 650 минг сўм тўлаб, иккинчи марта имтиҳонга киради. Тизимда талабанинг якуний назорат имтиҳонидан ўтиши учун бир марта имконият берилган.

Масалан, ўтган йили талабаларга уч мартагача якуний назорат имтиҳонларини топширишга рухсат берилган. Талаба имтиҳондан учинчи марта ҳам ўтолмаса, ундан кейин кредит тўлаб, қайта ўзлаштирган бўлса, бу йил негадир талабаларга бундай имконият берилмаяпти. Шунинг учун ҳам талабаларнинг асосий қисми мана шу тартибдан норози.

Кредит тўлашга эса ҳамманинг ҳам қурби етавермайди. Шу сабабли тизимда якуний имтиҳонларни топшириш учун иккинчи марта имконият берилиши кераклиги таъкидланяпти. Ҳатто кредит тўлашим керак деб ишлаб юрган талабаларни ҳам биламиз.

Бошқа давлатларда эса “HEMIS” тизими бошқачароқ ишлайди. Масалан, тизим орқали энг керакли бўлган ўқитувчиларни танлаш мумкин. Дарс вақтининг ихтиёрийлиги, фанлар танлови каби имкониятлар ҳам мавжуд. 

Албатта, талабалар имконияти, молиявий ҳолати бир хил эмас. Хусусан, контрактларини ҳам ўзи тўлайдиган талабалар кўпчилик. Бу эса талабаларнинг ўқишга эмас кўпроқ пул топиш учун вақт ажратишларини талаб этади.  Маълумки “HEMIS” тизимида талаба бир фан учун ажратилган дарс соатларининг 25 фоизида иштирок этмаса, тўғридан-тўғри кредитга қолишига сабаб бўлади.

Ваҳоланки, иловада барча фанлар учун маълумотлар юклаб қўйилган. Агар дарсга келиш мажбурий бўлса юкланган маълумотлардан нима фойда? 

Талаба 4 ёки 5 ой ўқиб, фанни ўзлаштира олмаса, 1 ёки 2 ҳафтада кредитни тўлаб фанни ўзлаштиртирармиш. Ахир бу мантиққа тўғри келмайдику. 

Европада эса “HEMIS” тизимида талабалар ўқийди, изланади, билим ва кўникмаларга эга бўлади. Мустақил иш мавзуларини ҳам тизим орқали топширади. Профессор-ўқитувчилар билан лаборатория ишларини олиб бориб, илмий ишлар ҳам қилишади. Кўпроқ вақтини фанларни ўзлаштиришга қаратади. Талаба дарсга қатнашган, қатнашмаганлигини ҳам тизимнинг ўзи белгилайди.

Бизда ҳам ушбу тизим мукаммаллаштирилиб, юқоридаги талабларни ҳисобга олган ҳолда тизим ўзгартирилса, талабани ўз касбини севадиган, етук мутахассис бўлиб етишига хизмат қилса, мақсадга мувофиқ бўларди.